Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан учрашув ўтказди

  • 14 июнь 2019, 23:37
  • 881
  • Ўзбекистон
  • Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан учрашув ўтказди
    Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида иштирок этиш учун Душанбе шаҳрига келган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашди.

    Имомали Раҳмон халқаро даражадаги тадбир доирасида яна бир бор учрашиш имкониятидан мамнунлигини билдирди ва юқори мартабали меҳмонни Тожикистонга ташрифи билан қутлади.

    Давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатлари жадал суръат билан ривожланиб, тобора мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

    «Ўзаро сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли стратегик шериклик тамойиллари амалда рўёбга чиқарилаётгани қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, қўшма кооперация лойиҳалари ва маданий-гуманитар алмашинув дастурлари илгари сурилмоқда. Ҳудудлар даражасида фаол мулоқот йўлга қўйилган.

    Учрашувда қардош мамлакатларимиз ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

    Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентига ОҲИЧК саммити доирасидаги тадбирлар муваффақиятли ўтишини тилади», дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарида.

    «Учрашув давомида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, қўшма ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш, ўзаро товар алмашиш ҳажмини ошириш ҳамда ҳамкорликнинг томонлар учун ўзаро манфаатли бошқа соҳаларидаги масалалар муҳокама қилинди», дейилади Тожикистон президенти матбуот хизмати хабарида.

    Афғонистондаги сиёсий муаммолар ечими, терроризм, диний экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси каби таҳдидларга қарши биргаликда курашиш давлат раҳбарларининг диққат марказида бўлди.

    Шунингдек, Тошкеентда Душанбе кунлари ва Душанбеда Тошкент кунларини ўтказиш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди.

    Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш қитъада ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро форумдир.

    Бугунги кунда кенгашга 27 давлат аъзо. Саккизта мамлакат ва бешта халқаро ташкилот унинг кузатувчиларидир. ОҲИЧК 2007 йил октябрь ойида БМТ Бош Ассамблеяси ҳузурида кузатувчи мақомини олган. 2018-2020 йилларда ОҲИЧКга Тожикистон Республикаси раислик қилмоқда.

    «Хавфсиз ва янада равнақ топган минтақа сари ягона ёндашув» мавзуида ўтадиган бу галги ялпи мажлисда кенгашга аъзо ва кузатувчи мамлакатлардан, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакилларидан иборат 30 дан зиёд делегация иштирок этади.

    Ўзбекистон президенти саммит доирасида қатор хорижий делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади.

    » » Шавкат Мирзиёев Имомали Раҳмон билан учрашув ўтказди