18:52 / 18.06.2019
3 231

Бангладеш президенти: «Буюк ислом уламоларининг муқаддас заминига ташрифдан улкан завқ олмоқдаман»

Бангладеш президенти: «Буюк ислом уламоларининг муқаддас заминига ташрифдан улкан завқ олмоқдаман»
2019 йилнинг 16 июнь куни Бангладеш Халқ Республикаси президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид бошчилигидаги делегация норасмий ташриф билан Ўзбекистонга келди.

Бухоро халқаро аэропортида Бангладеш президентини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ҳамда Бангладеш Халқ Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси Мосуд Маннан кутиб олишди. Бухорода Бангладеш делегацияси Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси, Арк қалъаси, Пои-Калон комплекси ва Лаби-Ҳовуз меъморий ансамблида бўлди.

17 июнда Бангладеш Халқ Республикаси президенти Абдул Ҳамид бошчилигидаги делегация Тошкент шаҳрига келди. Юксак мартабали меҳмонлар бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида пойтахтнинг «Ҳазрати Имом» мажмуаси, Темурийлар тарихи давлат музейи каби диққатга сазовор масканларида бўлишди. Шунингдек, «Uztex Chirchik» тўқимачилик фабрикасига ҳам ташриф буюришди.

«Ҳазрати Имом» ёдгорлик комплексига ташриф давомида Бангладеш президенти Абдул Ҳамид ва унга ҳамроҳлик қилаётган оила аъзолари ҳамда расмийларга Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини яратиш концепцияси ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ташриф давомида меҳмонлар жоме масжиди ва муқаддас Усмон Қуръони билан танишишди. Бангладеш раҳбари президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизация марказини яратишга доир ғоясини мамнуният билан қўллаб-қувватлади ва «Ҳазрати Имом» мажмуаси меъморчилиги унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади. Шунингдек, Бангладеш президенти Ўзбекистон президенти томонидан мамлакатда муқаддас Ислом динининг асл моҳияти ва мазмунини тарғиб қилишга доир олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади.

Муҳаммад Абдул Ҳамиднинг сўзларига кўра, Бангладешда яшовчи ҳар бир киши мактаб давриданоқ Бухоро ва Самарқандни Ислом цивилизацияси марказлари ва ислом уламолари ҳамда муқаддас ҳадислар муаллифлари замини сифатида танийди.

Темурийлар тарихи давлат музейида Бангладеш президентига буюк сулоланинг пайдо бўлиши, Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги ўрни, у томонидан асос солинган давлатни адолатли бошқариш тамойиллари ҳақида маълумотлар берилди. Президент Абдул Ҳамид Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги тарихий алоқалар ҳақида сўз юритар экан, Бангладешнинг замонавий пойтахти – Дакка шаҳрига Бобурнинг невараси Жаҳонгир томонидан асос солингани ва дастлаб «Жаҳонгир Нагар» («Жаҳонгирнинг шаҳри» – тарж.) дея номлангани, шунингдек, мамлакатнинг энг йирик олий таълим муассасаларидан бири Jahangirnagar University номини олгани ҳақида ҳикоя қилди.

«Буюк ислом уламолари, муҳаддисларнинг муқаддас юртига ташриф буюриб, ўз кўзим билан кўраётган муқаддас қадамжоларимдан улкан завқ оляпман. Президент Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон ва унинг тарихий шаҳарларини зиёрат қилиш имкони учун самимий миннатдорчилигимни билдираман», - деди Бангладеш президенти.

«Uztex Chirchik» тўқимачилик фабрикасига ташриф доирасида Бангладеш президенти бошчилигидаги делегацияга Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг ривожланишига доир тақдимот ташкил этилди ҳамда ишлаб чиқариш иншоотлари ва корхонанинг замонавий тиббиёт маркази бўйлаб танишув экскурсияси ўтказилди.

«Ўзбекистонда энг илғор технологик ускуналар билан жиҳозланган замонавий тўқимачилик фабрикалари мавжуд. Мамлакатларимиз бу соҳада ҳамкорлик қилиш ва ташқи бозорларга биргаликда чиқиш учун катта имкониятларга эга», - деди у.

Тошкентга ташриф якунида Бангладеш Халқ Республикаси элчихонаси номидан президент Абдул Ҳамид, Бангладеш Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири – профессор Абдул Момен ва бошқалар иштирокида расмий қабул ташкил этилди. Унда Ўзбекистон ҳукуматининг қатор вакиллари, йирик ассоциация ва компаниялар раҳбарлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари қатнашишди.

Ўзбекистонга ташрифнинг учинчи куни – 18 июнда Бангладеш президенти Абдул Ҳамид бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳрига келди. Бангладеш раҳбари Самарқанд темир йўл вокзалининг ноёб меъморчилиги таҳсинга сазовор эканини қайд этди.

Азиз Абдуҳакимов Бангладеш президентига таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш, хусусан, Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети билан Бангладешнинг «Жаҳонгир Нагар» университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни таклиф қилди ва бу ташаббус президент Абдул Ҳамид томонидан бажонидил қабул қилинди.

Бангладеш президенти Самарқанддаги «Ҳазрати Ҳизр» комплекси зиёрати давомида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Юксак мартабали меҳмонга мажмуа бўйлаб манзарали экскурсия ташкил этилди ва унинг доирасида комплекснинг барпо этилиши ҳамда Ўзбекистон биринчи президентининг ҳаётига оид маълумотлар тақдим этилди.

15 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбедаги Осиё ҳамкорлиги ва ишонч чораларига доир саммит доирасида Бангладеш раҳбарини қабул қилганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Бангладеш президенти: «Буюк ислом уламоларининг муқаддас заминига ташрифдан улкан завқ олмоқдаман»