10:02 / 03.07.2019
3 646

Шавкат Мирзиёев «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунни имзолади

Шавкат Мирзиёев «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунни имзолади
Ўзбекистон Республикаси президенти «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинган.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 16 апрелда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 21 июнда маъқулланган.

Қонуннинг мақсади шахсга доир маълумотлар соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг амал қилиши шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва уларни ҳимоя қилиш чоғида қўлланиладиган ишлов бериш воситаларидан, шу жумладан ахборот технологияларидан қатъи назар юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
- жисмоний шахс томонидан шахсга доир маълумотларга шахсий, маиший мақсадларда ва ўз касбий ёки тижорат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ишлов бериш;
- Миллий архив фонди ҳужжатларини ва шахсга доир маълумотларни ўз ичига олган бошқа архив ҳужжатларини шакллантириш, сақлаш ва улардан фойдаланиш;
- давлат сирларини ташкил этадиган маълумотлар жумласига киритилган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш;
- тезкор-қидирув, разведка ва контрразведка фаолияти, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш жараёнида, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш доирасида олинган шахсга доир маълумотларга ишлов бериш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Қонуннинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:
- инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш;
- шахсга доир маълумотларга ишлов бериш мақсадлари ва усулларининг қонунийлиги;
- шахсга доир маълумотларнинг аниқлиги ва ишончлилиги;
- шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги ва ҳимоя қилинганлиги;
- субъектлар, мулкдорлар ва операторлар ҳуқуқларининг тенглиги;
- шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлиги.

Шахсга доир маълумотлар соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
- шахсга доир маълумотлар соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
- шахсга доир маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;
- Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритиш тартибини белгилайди;
- шахсга доир маълумотлар базаларини Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказиш тартибини тасдиқлайди;
- давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг шахсга доир маълумотлар соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан тақдим этилган маълумотларга асосан:

шахсга доир маълумотларга ишлов берилаётганда ушбу маълумотларнинг хавфсизлигига бўлган таҳдидларга қараб, уларнинг ҳимоя қилинганлик даражасини;

шахсга доир маълумотлар ҳимоясини таъминлашга оид бўлган, бажарилиши шахсга доир маълумотларга ишлов бериш чоғида уларнинг белгиланган ҳимоя қилинганлик даражасини таъминлайдиган талабларни;

биометрик ва генетик маълумотлар мавжуд бўлган моддий жисмларга ҳамда бундай маълумотларни шахсга доир маълумотлардан ташқарида сақлаш технологияларига оид талабларни белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Ваколатли давлат органи:
- шахсга доир маълумотлар соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;
- шахсга доир маълумотлар соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;
- Шахсга доир маълумотларга ишлов беришнинг намунавий тартибини тасдиқлайди;
- Мулкдорнинг ва (ёки) операторнинг шахсга доир маълумотларга ишлов берилишини ҳамда уларнинг ҳимоя қилинишини таъминловчи тузилмавий бўлинмаси ёки ваколатли шахси фаолиятини ташкил этишнинг намунавий тартибини тасдиқлайди;
- Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрини юритади;
- шахсга доир маълумотлар базаси Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома беради;
- шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан ўз ваколатлари доирасида давлат назоратини амалга оширади;
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;
- давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатли давлат органларига уларнинг фаолияти соҳасига нисбатан қўлланиладиган белгиланган маълумотларни юборади;
- шахсга доир маълумотларнинг зарур ҳимоя қилинганлик даражасини белгилайди;
- ишлов бериладиган шахсга доир маълумотларнинг ҳажми ва мазмунини, фаолият турини, шахсга доир маълумотлар хавфсизлигига бўлган таҳдидларнинг ҳақиқийлигини таҳлил қилади;
- шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишларини бартараф қилиш ҳақида юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади;
- чет давлатларнинг ваколатли органлари ва халқаро ташкилотлар билан шахсга доир маълумотлар соҳасида ҳамкорликни амалга оширади.

Шахсга доир маълумотлар базаси мулкдор ва (ёки) оператор, шунингдек учинчи шахс томонидан амалга ошириладиган вазифаларни бажариш учун зарур ҳамда етарли бўлган шахсга доир маълумотларни йиғиш йўли билан шакллантирилади.

Шахсга доир маълумотларни йиғиш, тизимлаштириш тартиби ва принциплари мулкдор ва (ёки) оператор томонидан мустақил равишда белгиланади. Шахсга доир маълумотларни сақлаш шахсга доир маълумотларни йиғиш чоғида илгари билдирилган мақсадлар талаб этадиган даражада субъектни идентификация қилиш имконини берадиган шаклда амалга оширилади.

Шахсга доир маълумотларни сақлаш муддати уларни йиғиш ва уларга ишлов бериш мақсадига эришиш санаси билан белгиланади.

Шахсга доир маълумотларни ўзгартириш ва тўлдириш субъектнинг мурожаати асосида, ушбу мурожаат берилган пайтдан эътиборан уч кунлик муддатдан кечиктирмай мулкдор ва (ёки) оператор томонидан амалга оширилади.

Ҳақиқатга тўғри келмайдиган шахсга доир маълумотларни ўзгартириш ва тўлдириш бундай номувофиқлик аниқланган пайтдан эътиборан дарҳол амалга оширилади.

Мулкдорнинг, операторнинг ва учинчи шахснинг фаолияти мақсадларини амалга оширишга қаратилган шахсга доир маълумотлар билан ҳаракатлар шахсга доир маълумотлардан фойдаланишдир.

Мулкдор, оператор ва учинчи шахс томонидан шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш бу маълумотларнинг зарур даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш шарти билан фақат ушбу шахсга доир маълумотларни йиғиш бўйича илгари билдирилган мақсадлар учун амалга оширилади.

Мулкдор ва (ёки) операторнинг, шунингдек учинчи шахснинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш билан боғлиқ бўлган ходимлари томонидан шахсга доир маълумотлардан фойдаланиш фақат уларнинг ўз касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

Мулкдор ва (ёки) операторнинг, шунингдек учинчи шахснинг шахсга доир маълумотларга ишлов бериш билан боғлиқ бўлган ходимлари ўзига ишониб топширилган ёки касбий, хизмат ёхуд меҳнат мажбуриятларини бажариши сабабли маълум бўлиб қолган шахсга доир маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўймаслиги шарт.

Шахсга доир маълумотларни муайян шахсга ошкор этишга қаратилган ҳаракатлар шахсга доир маълумотларни бериш ҳисобланади.
Шахсга доир маълумотларни давлат бошқаруви органларига бериш бепул асосда амалга оширилади.
Субъект ўзининг шахсга доир маълумотларини беришни рад қилган тақдирда, ўзининг рад қилиши сабабларини кўрсатмаслик ҳуқуқига эга.

Шахсга доир маълумотларни номуайян доирадаги шахсларга ошкор этишга, шу жумладан шахсга доир маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилишга, Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштиришга ёки шахсга доир маълумотлардан бирор-бир бошқа усул билан фойдаланиш имконини беришга қаратилган ҳаракатлар шахсга доир маълумотларни тарқатишдир.

Шахсга доир маълумотларни йиғишнинг илгари билдирилган мақсадларидан четга чиқилган ҳолларда, ушбу маълумотларни тарқатиш субъектнинг розилиги билан амалга оширилади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Шавкат Мирзиёев «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунни имзолади