АҚШнинг янги элчиси Ўзбекистондаги асосий вазифаларини санади

АҚШнинг янги элчиси Ўзбекистондаги асосий вазифаларини санади
9 июль куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниэл Розенблюм мамлакат оммавий ахборот воситалари ходимлари билан учрашув ташкил этди. Учрашув давомида ўзининг элчилик лавозимида бажаришни режалаштриган асосий вазифалари ҳақида тўхталиш билан бирга, журналистларнинг икки томонлама муносабатларга оид кўплаб саволларига жавоб берди.

- Авваламбор, шуни айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар, ривожланишлар бўлаётган бир даврда элчилик лавозимига тайинланганимдан мамнунман. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳамда Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатлар мен билган даврдан буён энг юқори чўққисига чиққан, деб айтишим мумкин.

Элчи сифатидаги асосий вазифаларим бешта йўналишни ўз ичига олади. Улар аҳамиятига кўра қуйидаги тартибда келтирилиши мумкин:

Биринчидан, Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш. Бу нафақат Афғонистондаги вазиятни изга солишни, балки экстремизмга барҳам бериш, трансмиллий жиноятларга чек қўйиш, наркотик савдосининг олдини олиш ва шу каби бошқа муҳим масалаларни ҳам ўз ичига олади. Ўрни келганда айтишим мумкинки, шу ҳафтада Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Америка Қўшма Штатларига ташриф буюради ва Вашингтонда юқори лавозимдаги давлат амалдорлари, хусусан, мудофаа вазири вазифасини вақтинча бажарувчи Марк Эспер билан учрашади.

Иккинчидан, Ўзбекистоннинг иқтисодий, сиёсий ҳамда ижтимоий соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ривожланиш дастури ўзини оқламоқда. Буни бошқа давлатлар қатори халқаро ташкилотлар, Америка Қўшма Штатлари ҳам эътироф этмоқда. АҚШ бир қанча соҳаларда, жумладан, суд-ҳуқуқ соҳасида, таълим ва соғлиқни сақлаш масалаларида етарлича тажриба эга мамлакат сифатида Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр.

Учинчидан, инсон ҳуқуқлари муҳофаза қилинишига эътибор қаратиш. Биз сўз эркинлиги, виждон эркинлиги ҳамда фуқаролик жамияти шаклланишида фикрлар хилма-хиллиги таъминланишга кўмаклашамиз. Бу АҚШ ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлардандир. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва виждон эркинлигини муҳофаза этишдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор. Айни масалада, яъни виждон эркинлиги кафолатлари мавзусида кейинги ҳафта Вашингтонда бўлиб ўтадиган вазирлар даражасидаги йиғилишда Ўзбекистоннинг ҳам катта делегация билан иштирок этиши, бу борадаги яна бир улкан қадамлардан деб айта оламан.

Тўртинчидан, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари фуқаролари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш. Бу таълим, маданият ва илмий соҳалардаги муносабатларни яхшилашга, алоқалар мустаҳкамланишига ёрдам беради.

Бешинчидан, Америка компанияларига Ўзбекистон бозорига кириш, ўз маҳсулотлари ва хизматларини таклиф этишларига кўмаклашиш ҳамда самарали инвестициялар киритишига ҳисса қўшиш. Ўзбекистонда иқтисодий жиҳатдан ривожланиш авж олган бир пайтда, маҳаллий компаниялар қатори хорижий инвесторларга ҳам кўплаб имкониятлар яратилган. Шундай экан, биз уларни қўллаб-қувватлашимиз, имкониятлар яратиб беришимиз лозим.

АҚШ элчиси билан 2 соатдан ортиқ вақт давом этган учрашувда, икки давлат ўртасида визасиз режим жорий қилиниши эҳтимоли, Қўшма Штатлар Президентининг Ўзбекистонга ташриф буюриш ёки буюрмаслик масаласи, Ўзбекистон пахтасига бойкот бекор қилиниши ва бошқа мавзулар юзасидан фикр алмашилди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар