13:58 / 29.07.2019
2 315

Forbes: Ўзбекистон узоқ йиллик яккаликдан кейин бизнес учун очиқ

Forbes: Ўзбекистон узоқ йиллик яккаликдан кейин бизнес учун очиқ
АҚШнинг Forbes журнали сайтида «Ўзбекистон делегацияси АҚШга ташриф буюрди. У мамлакат узоқ йиллик яккаликдан кейин бизнес учун очиқ эканини маълум қилмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақолада таъкидланганидек, 2019 йил 16-23 июль кунлари юқори даражадаги делегация, шунингдек, Ўзбекистон ишбилармон доиралари АҚШга ташриф буюрди. Делегация, биринчи бўлиб, сиёсий маслаҳатлашувлар учун Вашингтонга борди, сафарнинг бизнес қисми эса Нью-Йоркда бўлди.

Мақола муаллифи Мелик Кайлан Манхэттенда (Нью-Йорк) ўтказилган «Ўзбекистон капитал бозорининг имкониятлари» инвестицион форумига бориб, Ўзбекистон томонининг мамлакатга капитал киритиш имкониятлари тўғрисидаги тақдимотлари пухта тайёрланган ва чуқур ўйланганлигини қайд этди.

Мақола муаллифига кўра, Америка ишбилармон доиралари Ўзбекистон делегациясини мамнуният билан қабул қилиб, жиддий, самарали ишлашга ва аниқ натижаларга эришишга ижобий қараган. Мелик Кайланнинг ёзишича, тадбир давомида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида илиқ ва ишончли муносабатлар йўлга қўйилгани сезилган.

Мақолада алоҳида қайд этилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - ислоҳотчи, ўз мамлакатининг «иқтисодий тақдирини» яхшилаш йўлларини аниқ тасаввур қиладиган шахсдир. Ўзбекистон раҳбари бир неча йил давомида мамлакат келажагини яхши томонга ўзгартирди - маҳбусларни озод қилди, мамлакатга хорижий ОАВни киритди, республикани ташқи савдо ҳамда сармоялар учун очди. Мамлакат раҳбарияти юқори малакали кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон президенти хорижда таҳсил олган янги, ёш истеъдодларни юқори лавозимларга тайинлади, мамлакатда коррупцияга қарши фаол курашмоқда.

Муаллифнинг баҳолашича, Ўзбекистон раҳбари мамлакатда ўзгаришлар бўлиши кераклигини яхши тушунади ва бу йўналишдаги дастлабки қадамлар қўшни давлатлар билан чегара низоларини ҳал қилиш ҳамда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Афғонистон билан фойдали савдо битимларини имзолашдан бошланди.

Нашрнинг хабар беришича, Ўзбекистон етакчиси аҳоли билан маслаҳатлашиш, шикоятларни кўриб чиқиш ва маслаҳатлар олиш учун бутун мамлакат бўйлаб халқ қабулхоналари очди. Ғоя аҳоли билан барқарор алоқани топиш, одамлар билан маслаҳатлашиш, уларнинг эҳтиёжлари ҳақида билиш ва муаммоларини ҳал қилишдан иборатдир.

Мақола муаллифи ўзбекистонлик ишбилармонлар билан суҳбатлардан сўнг, Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 5 фоиздан ўсиб бораётгани ҳамда тезлашишда давом этаётгани ҳақидаги хулосага келди. Мақолада таъкидланишича, тебранишларни четлаб ўтиб, барқарор ривожланишга устувор аҳамият берилмоқда. Асосий эътибор Ўзбекистон аҳолиси эҳтиёжларини қондириш масаласига қаратиляпти.

Мелик Кайланнинг билдиришича, қарийб ўттиз йилдан сўнг Ўзбекистон тарихда ўз муносиб ўрнини яна эгалламоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Forbes: Ўзбекистон узоқ йиллик яккаликдан кейин бизнес учун очиқ