Абдулазиз Комилов Анқарада Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий ташаббусларини тушунтирди

  • 06 август 2019, 12:57
  • 439
  • Ўзбекистон
  • Абдулазиз Комилов Анқарада Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий ташаббусларини тушунтирди
    2019 йилнинг 5 август куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия элчиларининг XI йиллик конференциясида фахрий меҳмон сифатида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

    Туркия элчиларининг йиллик конференциялари 2008 йилдан бери Туркия Республикасининг барча фавқулодда ва мухтор элчилари иштирокида ўтказилмоқда. Ушбу тадбир мамлакатнинг сиёсий ва дипломатик фаолиятини такомиллаштириш, халқаро майдонда ички ва идоралараро мувофиқлаштиришни кучайтириш ва серқирра ташқи сиёсат юритишда муҳим роль ўйнайди, дейилади ТИВ хабарида.

    Бу йили конференцияга Украина президенти Владимир Зеленский, Иордания ташқи ишлар вазири Айман Сафади, БМТнинг Ливандаги махсус координатори Ян Кубиш, БМТ бош котибининг Ливия бўйича махсус вакили Гассан Саламе ва бошқа юқори мансабдор шахслар ҳам таклиф этилган.

    Ўз нутқида Ўзбекистон ТИВ раҳбари қайд этганидек, унинг бундай тадбирда иштирок этиши икки мамлакат ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматнинг юқори даражасининг ёрқин намунасидир.

    Вазир таъкидлаганидек, 2017 ва 2018 йилларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифлари бугунги стратегик шериклик даражасига кўтарилган муносабатлар тарихида янги саҳифа очди.

    Ўз нутқида Абдулазиз Комилов жаҳон ва Марказий Осиё минтақасидаги вазиятнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари бўйича Ўзбекистон қарашлари тўғрисида сўзлаб берди, минтақавий ва глобал таҳдидларга тўхталди, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг кенг макро-минтақада тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган ташқи сиёсий ташаббусларини тушунтирди, дейилади хабарда.

    » » Абдулазиз Комилов Анқарада Шавкат Мирзиёевнинг ташқи сиёсий ташаббусларини тушунтирди