«Ўзгидромет» ҳафта давомида қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди

  • 09 декабрь 2019, 15:03
  • 2 518
  • Ўзбекистон
  • «Ўзгидромет» ҳафта давомида қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди
    Бугун Туркманистон ҳудудидан нисбатан нам ва илиқ ҳаво оқимлари кириши таъсирида куннинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятининг айрим жойларида, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида кечга бориб кучсиз ёмғир ёғиши мумкин.

    «Ўзгидромет»нинг ёзишича, шамолнинг тезлиги кучайиб, секундига 15-20 метрга етиши мумкин. Кундузги ҳарорат 14-19 даража илиқ атрофида бўлади.
    Кейинчалик республикадаги об-ҳавони Кавказдан Каспий денгизи орқали республика томонга силжиган баландликдаги антициклон белгилайди.

    Республика ҳудудида 10 декабрда ёмғир ёғиб ўтади, шимолда ёққан ёмғир қорга айланиши мумкин. Мамлакат ҳудудининг катта қисмида ҳарорат фони нисбатан илиқ бўлиб, кечаси 2-7 даража, кундузи 12-17 даража илиқни ташкил қилади, шимолда ҳароратнинг кечаси 3 даража совуқдан 2 даража илиққача, кундузи 3-8 даража илиққача пасайиши кузатилади.

    11 декабрда Кавказ ҳудудидан совуқ ҳаво кириши билан айрим жойларда ёғингарчилик кучаяди. 12-14 декабрда об-ҳавонинг беқарорлиги сақланади, айрим жойларда кучсиз ёғингарчилик, фақат мамлакатнинг шимоли-ғарбий туманларида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади.

    Совуқ антитциклон таъсирида шу кунларда ҳаво ҳарорати аста пасайиб, кечаси 0-3 даража, кундузи 8-11 даражага илиққача тушади. Бу кўрсаткичлар ўртача кўп йиллик қийматларга яқиндир.

    Ўтган дам олиш кунлари мамлакат аҳолиси туман ҳодисасини кузатди. Минтақада туман ҳосил бўлишига ўтган ёғинлар билан намланган илиқ тупроққа совуқ ҳавонинг аста секин оқиб келиши асосий сабаб бўлади. Туманлар асосан йилнинг совуқ даврида ноябрдан апрелгача кузатилади, улар кўпроқ декабрь-январь ойларида такрорланади.

    Асосан кечки, тунги ва эрталабки соатларда кузатиладиган туман қуёш чиқиши ва ҳарорат бир оз кўтарилиши билан тарқалиб кетади.

    Туманларнинг давомийлиги ҳар хил. Асосан 3 соатгача давом этадиган туманлар кузатилади. 12 соатдан ортиқ давом этиб, метеорологик кўринувчанлик 50 м ва ундан кам бўладиган ҳолатлар хавфли об-ҳаво ҳодисаларига киради. Бундай ҳолатлар авиация ва ер усти йўл транспорти учун хавф туғдиради.

    Ўтган кунларда айнан шундай шароитлар кузатилди. Декабрнинг биринчи беш кунлигида қишга хос бўлмаган қуёшли об-ҳаво кузатилди, ҳарорат 10-12 даража илиқни ташкил қилиб, тупроқнинг исишига келди. 6 декабрда эса Каспий денгизи томондан келган антитциклон натижасида ҳаво айнаб, ёғингарчилик бўлди. Ҳарорат фони меъёрларгача тушди.

    » » «Ўзгидромет» ҳафта давомида қандай об-ҳаво кутилаётганини маълум қилди