Янги сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди

  • 20 декабрь 2019, 10:40
  • 629
  • Ўзбекистон
  • Янги сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди
    Вазирлар Маҳкамаси 11.12.2019 йилдаги “Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 982-сон қарорни қабул қилди.

    Kun’нинг ёзишича, сув истеъмолчилари уюшмалари ишида тизимли камчиликлар мавжуд, бу сувдан фойдаланиш соҳасида қониқарсиз аҳволга олиб келди, деб таъкидланади ҳужжатда. Вазиятни ўнглаш учун мавжудлари негизида ҳар бир туман ва Қувасой шаҳрида биттадан сув истеъмолчилари уюшмаси ташкил этилади.

    Қуйидагилар янги сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

    • фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари, кластер ташкилотлари ва бошқа сув истеъмолчилари (кейинги ўринларда сув истеъмолчилари деб аталади) ўртасида ўзаро сув хўжалиги муносабатларини тартибга солиш ҳамда сув истеъмоли бўйича шартномавий муносабатларни йўлга қўйиш;
    • сув хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда сув истеъмолчиларининг сув истеъмоли режалари ва сув олиш лимитларини ишлаб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлаш, ажратилган лимит доирасида сув етказиб бериш, унинг ҳисоб-китобини ва тизимли мониторингини олиб бориш;
    • сув хўжалиги ташкилотлари билан биргаликда уюшма ва унинг гидроучасткаларини малакали кадрлар билан бутлаш ҳамда уларнинг фаолиятини самарали ташкил қилиш;
    • маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда ўз ҳисобидаги суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни таъмирлаш ва тиклаш, сув истеъмолчиларининг сув олиш жойларини сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш ҳамда уларнинг ички суғориш тармоқларини таъмирлаш ва тиклаш ишларини ташкил қилиш;
    • сув хўжалиги ташкилотлари билан биргаликда суғориш тармоғини реконструкция қилиш ва қуриш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишларини белгиланган тартибда ташкил қилиш;
    • ўз ҳисобидаги сув хўжалиги объектларидан мақсадли фойдаланиш, уларни техник соз ҳолда сақлаш;
    • сув хўжалиги ташкилотлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда сувни бошқаришда инновацион усулларни жорий этиш, сув истеъмолчилари томонидан томчилатиб суғориш ва сувни тежайдиган бошқа технологиялар жорий қилинишини ташкил қилиш.

    Сув истеъмоли режалари, сув олиш лимитлари, бизнес-режалари, шунингдек сув истеъмолчиларига кўрсатилган сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар миқдори уюшманинг умумий йиғилишида тасдиқланади. Қайта ташкил этилаётган уюшмалар давлат рўйхатидан ўтказилаётганда давлат божи тўловларидан, истисно тариқасида, озод қилинади. Уюшмаларнинг ижрочи директорлари лавозимига сув хўжалиги соҳаси бўйича олий маълумотли, иш тажрибасига эга бўлган шахсларни тайинлаш тавсия этилди.

    Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (Қувасой шаҳри) ҳокимларига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда уюшмаларни қайта ташкил этиш, уларнинг хизматлари учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилиши, фаолиятини самарали ташкил этишда уюшмаларга амалий ёрдам кўрсатиш топширилди.

    Сув хўжалиги вазирлигига уюшмаларни вазирлик тизимидаги ташкилотлар биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш топширилди. Шунингдек, Сув хўжалиги вазирлигига уюшмаларни малакали мутахассислар билан таъминлаш ва уларнинг малакасини ошириш, сув истеъмоли бўйича режаларни ишлаб чиқиш, сув олиш лимитларини тасдиқлаш, шартномалар тузиш ҳамда сувнинг ҳисоб-китобини юритишда, шунингдек бошқа вазифаларни бажаришда амалий ёрдам кўрсатиш юклатилди. Уюшмалар билан биргаликда сув хўжалиги объектлари ва сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича намунавий тартиб ишлаб чиқилади.

    2020 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ хўжалиги корхоналарига бошоқли дон етиштириш харажатларини молиялаштириш мақсадида ажратиладиган кредитлар умумий миқдорининг камида 1 фоизи уюшмаларнинг сув хўжалиги хизматига ҳақ тўлаш учун, пахта хомашёсини етиштириш учун кредитларнинг камида 2 фоизи назарда тутилади. Ушбу маблағлар сув истеъмолчилари томонидан уюшмалар кўрсатадиган хизматлар учун мажбурий тартибда тўланиши керак.

    Уюшмаларнинг электр энергияси, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича 2019 йил 1 апрель ҳолатига кўра қарзларни тўлаш муддати 2022 йилга қадар узайтирилди ҳамда 2024 йил 31 декабрга қадар тўлиқ қопланади. Бунда ДСҚ уюшмаларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисобланган пеняларни ҳисобдан чиқаради.

    » » Янги сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди