17:35 / 23.01.2020
3 179

Демократия индекси: Ўзбекистон 167 мамлакат орасида 157-ўринда

Демократия индекси: Ўзбекистон 167 мамлакат орасида 157-ўринда
Буюк Британиянинг «The Economist Intelligence Unit» аналитик гуруҳи анъанавий йиллик Демократия индексини эълон қилди. Унда Ўзбекистон 167та мамлакат орасидан 157-ўринда қайд этилган.

60та индикатор бўйича республиканинг ўртача кўрсаткичи 10 балдан 2,01 бални ташкил этган. Ўзбекистон 2018 йилги рейтингда худди шунча балл билан 156-ўринни эгаллаган эди.

Сўнгги ўнталикда Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон (159-ўрин, 1,93 балл) ва Туркманистон (162-ўрин, 1,72 балл) ҳам бор.
Қирғизистон 4,99 балл билан 101-поғонани, Қозоғистон эса 2,94 балл билан 139-ўринни эгаллаган.

Рейтинг муаллифлари 4 ва ундан камроқ балл тўплаган мамлакатлардаги бошқарувни «авторитар режим» деб ҳисоблайди. Россия ва Хитой ҳам шулар жумласидандир. Улар мос равишда 134- ва 153-ўринларда кўрсатилган (3,11 ва 2,26 балл).

22та давлатда «тўлиқ демократия» ҳукмрон. 54та мамлакатда «номукаммал демократия», 37та ҳудудда эса «гибрид режимлар» амал қиляпти. 54та мамлакат – авторитар бошқарув остида.
Манба: The Economist Intelligence Unit

Рейтингнинг энг юқорисидаги тўртта мамлакат ўз ўрнини сақлаб қолган: ҳамон Норвегия биринчи (9,87), Исландия иккинчи (9,58), Швеция учинчи (9,39), Янги Зеландия тўртинчи (9,26) ўринда бормоқда. Юқори бешликдаги Дания ўз ўрнини Финландияга бўшатиб берган.

Катта еттилик давлатларидан – Канада 8, Германия 13, Буюк Британия 14, Франция 20, Япония 24, АҚШ 25, Италия 35-ўринда.

Эстония (27-ўрин) нафақат собиқ совет иттифоқи республикалари ичида, балки бутун Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг демократик давлат бўлиб қолмоқда. Бу борада кейинги ўринларда Литва (36), Латвия (38) ва Украина (78) қайд этилган.

2006-2019 йилларда Ўзбекистоннинг Демократия индексидаги кўрсаткичлари
Манба: The Economist Intelligence Unit

Тадқиқотчиларга кўра, минтақада жами 7та авторитар режимдаги давлатлар бор. Булар – Россия, Қозоғистон, Озарбойжон, Беларус, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон.

«Тахминимизча, келгуси йилларда бу мамлакатларнинг рейтинг кўрсаткичларида ижобий ўзгаришлар жуда ҳам сезилмас даражада бўлади ёки умуман ўзгариш бўлмайди. Боиси уларнинг ҳеч бирида сиёсий мухолифатнинг кучайиши эҳтимоли йўққа ўхшаб кўриняпти», – дея таъкидланган тадқиқот хулосасида.

Сўнгги ўринда – КХДР. Ундан олдин – Конго Демократик Республикаси, Марказий Африка Республикаси ва Сурия.

Маълумот учун, EIU Демократия индексини 2006 йилдан буён тузиб келади. Изланишларнинг кўрсатишича, 2019 йилда демократиянинг ўртача глобал рейтинг кўрсаткичи бир йил олдингига нисбатан 0,04 пунктга камайиб, 5,44ни ташкил этган. Бу – 12 йиллик тадқиқотлар давридаги энг ёмон натижадир.

Индекс жами 60та индикатор баҳосига асосланади. Индикаторлар қуйидагича 5та йирик гуруҳга ажратилган (қавс ичида 2019 йилда Ўзбекистонга берилган балл кўрсаткичи): «Сайловлар ва плюрализм» (10 баллдан 0,08), «Ҳукумат фаолияти» (1,86), «Аҳолининг сиёсий жараёнлардаги иштироки» (2,22), «Сиёсий маданият» (5,00) ва «Фуқаролик эркинликлари» (0,88).

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Демократия индекси: Ўзбекистон 167 мамлакат орасида 157-ўринда