12:27 / 01.02.2020
4 140

Хитой билан авиаалоқа тўхтатилди, Хитойдаги фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилади

Хитой билан авиаалоқа тўхтатилди, Хитойдаги фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилади
Фото: REUTERS
Ўзбекистондан Хитойга ва Хитойдан Ўзбекистонга авиапарвозлар вақтинчалик тўхтатилди. Ўзбекистон фуқароларининг Хитойдан эвакуация қилиниши учун чартер рейслар ташкиллаштирилади.

Ўзбекистон янги коронавирус тарқалиши сабабли 1 февралдан Хитой билан авиаалоқани тўхтатди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукуматидаги манба маълум қилди.

Маълум қилинишича, президент топшириғига мувофиқ, Хитойда тарқалган коронавирус Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш ва эпидемия тарқалган ҳудуддан фуқароларни ватанга қайтариш мақсадида Ҳукумат комиссияси тузилган.

«Топшириққа мувофиқ, Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги барча парвозлар вақтинча тўхтатилди.
Айни пайтда тез кунларда Хитойда қолаётган ватандошларни юртимизга қайтариш учун чоралар кўрилмоқда. Бунинг учун махсус чартер рейс қўйилади», дейди манба.

Икки мамлакат ўртасидаги авиарейслар вақтинча тўхтатилгани ҳақида Хитой томонини огоҳлантириш вазифаси Ташқи ишлар вазирлигига юкланган.

Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати Хитойга сафарларни вақтинча тўхтатиш тўғрисида топшириқ бергани, Давлат туризм қўмитаси туроператорларга Хитойга турларни сотишни тўхтатиб туришни тавсия қилгани маълум қилинганди.

29 январда Хитойнинг коронавирус тарқалган мураккаб эпидемик вазият ҳукм сураётган ҳудудида 72 нафар ўзбекистонлик талаба мавжудлиги, улар билан Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси, Бош консулхонаси хизмати ходимлари ҳамда университет маъмурлари доимий мулоқот олиб бораётгани маълум қилинганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда вирус қурбонлари сони 259 нафарга етди, у 11791 одамда аниқланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Хитой билан авиаалоқа тўхтатилди, Хитойдаги фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилади