15:33 / 01.02.2020
6 200

Президент коронавирус бўйича фармойиш чиқарди

Президент коронавирус бўйича фармойиш чиқарди
Президент фармойиши билан республика махсус комиссияси тузилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги кўрилаётган чоралар ҳақида батафсил маълумот берди.

29 январь куни «Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясини ташкил этиш тўғрисида» президент фармойиши қабул қилинди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигидан маълум қилишларича, 28 январь куни Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир бошчилигида Эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссиясининг йиғилиши ўтказилган.

31 январда Ўзбекистонга 28 мингдан ортиқ киши кириб келган
Кеча И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига хориждан 38та самолёт учиб келиб, 4194 нафар фуқаро санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган, шулардан 84 нафари Хитойда ўқийдиган талабалардир.

«Термометриядан ўтказилган фуқаролар орасида 1 нафар Россиядан учиб келган фуқарода тана ҳарорати юқорилиги аниқланган, шифокорлар томонидан эпидемиологик суриштирув ўтказилганда тана ҳарорати кўтарилган бемор, коронавирус касаллигига гумон қилинган ёки касаллик билан касалланган беморлар билан мулоқотда бўлмаганлиги аниқланган», – дейилади агентлик хабарида.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ марказий СЭСига қарашли 6та СКПдан 5та поездда 953 нафар фуқаро ўтишган ва улар ўртасида тана ҳарорати кўтарилган беморлар аниқланмаган.

Давлат чегара пости орқали ўтувчи санитар-карантин пунктлари – Тошкент вилоятининг «Ғишт-кўприк», «Ойбек», Сурхондарёнинг «Айратон», «Гулбаҳор» ва Дарё порти ҳамда Андижон вилоятининг «Дўстлик» СКПлари орқали 2158та автотранспорт, 23570 нафар фуқаро ўтказилган, улар орасида юқумли касалликка гумон қилинган беморлар аниқланмаган.

Агентликнинг вирусология лабораториясига коронавирусга текшириш учун 21 нафар фуқародан намуналар олиб келинган, намуналар орасида коронавирус топилмаган.

31 январь ҳолатига республика фуқаролари орасида коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.
Таъкидланишича, Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигида ташкил қилинган штаб 24 соат давомида фаолият олиб бормоқда.

«Агентлик мутахассислари томонидан ишонч телефонлари орқали коронавируснинг олдини олиш борасида Хитойдан келаётган ва ўқиётган талабалар ва уларнинг ота-оналари, тадбиркорлар ва бошқа соҳа ходимларига тегишли тушунтиришлар ва тавсиялар бериб борилмоқда.

31 январь куни Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида коронавирус инфекцияси этиологияси, клиникаси ва профилактикаси ҳамда касалликка гумон қилинганда тиббий ходимларни тезкор ҳаракатлари мавзусида Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармасининг реаниматологлари, инфекционистлари ва Санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг эпидемиологлари ўртасида ўқув-семинари ўтказилди.

Барча маъмурий ҳудудларда реаниматолог, инфекционист, эпидемиологлардан иборат 3тадан тезкор ҳаракатлар бригадалари ташкил этилди, шунингдек мазкур ўқув-семинарда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг вакиллари иштирок этишди», – дейилади агентликнинг кунлик маълумотида.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойига келиб вирус қурбонлари сони 259 нафарга етди, инфекция юқтирган сони 11791 кишини ташкил этмоқда. Бир кун ичида вирус билан касалланганлар сони 2102 нафарга кўпайган. Шу билан бирга, соғайиб кетганлар сони 243 нафарга етди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент коронавирус бўйича фармойиш чиқарди