22:23 / 14.04.2020
2 657

Коронавирус нималарни ўзгартиради: ҳуқуқшунослар олдидаги долзарб масалалар

Коронавирус нималарни ўзгартиради: ҳуқуқшунослар олдидаги долзарб масалалар
Адлия вазири Русланбек Давлетов мазкур мақоласида пандемия туфайли жорий этилган карантин ва посткоронавирус даври ҳуқуқшунослар олдига қандай вазифаларни қўйиши ҳақида сўз юритади.
«Биз қоронғу дамларда ёруғ келажакка боқа олишимиз керак».
Арасту

Инсоният тарихи гувоҳки, дунё бошига тушган ҳар қандай оғир табиий офат ва инқирозлардан кейин жамиятлар янада кучлироқ, мустаҳкамроқ бўлиб шаклланган. Бундай қийинчиклардан тўғри ва оқилона иш тутиб ривожланишда юксак натижаларга эришган кўплаб давлатларни биламиз.

Мисол учун, ўрта асрларда феодал Европада тарқалган вабо («қора ўлат») жамиятдаги иқтисодий-ижтимоий муносабатларни тамоман янги кўринишга олиб келганини яхши биламиз. Кўплаб олимлар бу воқеани саноат инқилобига замин яратган, деган фикрни ҳам айтишади.

Биз ўзбекистонликлар ҳам бутун инсоният билан биргаликда катта синовдан ўтмоқдамиз. Коронавирус пандемияси бизнинг авлод учун кўлами ва шакл-шамойили бўйича янгилик бўлиши мумкин, лекин тарихда башарият бундан-да оғирроқ синовларни енгган. Бу сафар ҳам албатта шундай бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтадиган бўлсак, кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам мардона енгиб ўтади.

Коронавирус билан боғлиқ ҳолат, биринчидан, нафақат биз кўникиб қолган одатий муносабатларни атрофлича қайта кўриб чиқишга, балки уларга ўзгача ракурсдан қарашга, айримларини эса таҳрирлашга, кейинги ҳаёт тарзимизни ҳам янгича англашга ва режалаштиришга мажбур қилади.

Бугун ҳаётимизда кечаётган жараёнлар эртага янги касблар, янгича ғоялар, янги кўникмалар ва қоидаларнинг шаклланишига олиб келади, керак бўлса, жамиятдаги қадриятлар тизимини ҳам қайта тафаккур қилишга ундайди.

Коронавирус шароитида юзага келадиган масалалар, уларнинг соҳалари, кўринишлари ҳам хилма-хил: тиббий-санитария муносабатлардан тортиб, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, психологик, маънавий-фалсафий ва бошқа соҳаларда саволлар талайгина.

Масалан, бугунги карантин шароитида аксилинқироз бошқарувининг ҳуқуқий таъминлови қандай бўлиши лозим, мазкур жараён ижтимоий муносабатларга қандай таъсир кўрсатади, шартномавий мажбуриятлар қандай бажарилади, ҳуқуқлар қандай таъминланади, шошилинч чоралар ва инсон ҳуқуқлари мувозанати, аҳолига ҳуқуқий хизматлар кўрсатишнинг эврилиши қандай кечади, онлайн муносабатлар ривожининг ҳуқуқий устунлари етарлими, шахсий маълумотлар қандай ҳимояланади? Яъни чақириқлар, ечимлар, дунё тажрибаси ва истиқбол...

Зеро, эртасини ўйлайдиган ҳар қандай жамият икки, уч, ҳатто ўн қадам олдинни кўзлаб яшамоғи лозим.

Бир сўз билан айтганда, юридик ҳамжамият олдида посткоронавирус ижтимоий-ҳуқуқий муносабатларининг янгиланган кўринишини тасаввур этиш ва шунга яраша чораларга олдиндан тайёргарлик кўриш вазифаси кўндаланг турибди. Ҳали пандемия тўлиқ енгилмаган бўлса-да, биз масалага жавоб излашни ҳозирданоқ бошлашимиз керак.

«Рақамли иқтисодиёт» сари
Албатта, мутахассис бўлмаса-да, ҳар қандай инсон ҳам бундан буёғига технологияларининг қамрови тубдан кенгайишини тушуниб, билиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилиниши ва шунга мутаносиб равишда тегишли Давлат дастури тасдиқланиб, уни амалга оширишга киришилгани бугун содир бўлаётган воқеалар ривожига ҳамоҳанг жавоб беришимизда туртки бўлди.

Дастурда белгиланган тадбирларни йил сўнгини кутмасдан бугуноқ амалга оширишга киришишимиз лозимлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Мисол учун, карантин онлайн савдо-сотиқнинг тараққиётига кенг имкониятлар яратиб бермоқда. Ҳатто электрон бозорлар шаклланиши, етказиб бериш хизматининг мисли кўрилмаган даражада кенгайиши юз берди.

Аммо карантиндан сўнг уларнинг бу сифат кўрсаткичларини сақлаб қолиб, бошқа хизмат соҳалар ва иқтисодиёт тармоқларига информацион технологияларни кенг жорий этишга кенг йўл очиб бериш, мазкур жараёнда истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва умуман олганда ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш каби қатор саволларга жавоб топишимизга тўғри келади.

Бу, ўз навбатида, иқтисодий ривожланишга замонавий тус берувчи яхши туртки бўлади.

Шунингдек, ахборот технологияларини қўллашда бир жиҳатни асло унутиб бўлмайди, яъни шахсий маълумотлар ҳимояси. Катта ҳажмдаги маълумот (Big data) мавзуси ҳам коронавирус туфайли бугун ҳар қачонгидан-да долзарблашди. Чунки дунё мамлакатлари тажрибасидан маълум бўлдики, касаликка чалинган шахсларни аниқлаш мақсадида мазкур технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Шу билан бирга, келажакда бу каби амалиёт қатъий назорат остида ва қонунчиликка сўзсиз риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим. Ҳар бир фуқаро ўзига тегишли шахсий маълумоти муҳофазаланганини ҳис қилиб, кафолатини сезиб яшаши лозим.

Давлат бошқаруви механизмларининг янги босқичи
Мазкур йўналишда фикр юритар эканмиз, давлат бошқарувини ташкил қилишнинг кейинги қадамларини ҳам киритиш ўринли бўлади. Бу борада ҳозирги шароитда амалга киритилган янгиликлар сақлаб қолиниб, ихчамлашган давлат бошқарув аппарати ва замонавий ишлаш услублари янада киритиб борилишини тақозо қилмоқда.

Масалан, ортиқча мажлисларга барҳам берилгани билан ишлар тўхтаб қолмади, иш самарадорлиги ошди, бюрократия камайди, ортиқча қоғозбозлик қисқарди. Бу эса мазкур тизимнинг келажакда янада ривожланиши учун барча имкониятлар борлигини кўрсатди.

Албатта, бюрократия давлат бошқарувида тўлиқ йўқ бўлиб кетмайди, бунинг асло иложи йўқ. Буюк немис олими, замонавий социология асосчиларидан бири Макс Вебер таъбири билан айтганда, инсон актив фаолиятини ташкиллаштиришда, тартиб ва интизомни таъминлашда, тизимли вазифа ва функцияларни бажаришда ҳамда самарадорликни максималлаштиришда «оқилона бюрократия» бўлиши лозим.

Кўплаб идоралар ўзларининг ортиқча ва самара бермайдиган бўғинларини аниқлаган бўлса, ажаб эмас. Демак, ҳар бир ташкилот ўз ишини янада мақбуллаштириш учун имконият яратилди.

Бюджет маблағларини иқтисод қилиш нуқтайи назаридан эса, бу айни муддао бўлади. Шунда вазирлик ва идораларни молиялаштиришда ягона тамойилларга ўтиш ва замонавий услубларни қўллаш имкониятлари туғилади.

Аксилинқироз бошқарувини ҳуқуқий таъминлаш
Тан олиш лозимки, дунёда бирор бир мамлакат ҳозирдаги каби глобал инқироз шароитида тайёр йўриқномага эга эмас, чунки олдин юз берган инқирозлар даврида жаҳон мамлакатлари бугунгидек глобаллашув ва коммуникациялар билан узвий боғланган эмас эди.

Шу боис зарур чоралар инқирозга қарши кураш жараёнининг ўзида вазиятдан келиб чиқиб, қолаверса бошқа давлатлар хатоларидан хулоса қилиниб, тезкор равишда белгиланмоқда. Бу борада эса энг муҳим омил жамият, давлат ва шахс манфаатларининг уйғунлигини топишдан иборатдир. Албатта, ушбу уч тушунчани келтиришда уларнинг ўрнини алмаштириш, устуворликни улардан қайси бирига бериш лозимлиги ҳақида бахслар талайгина ва бу яна давом этиши аниқ.

Шу ўринда, мамнуният билан қайд этиш лозимки, давлат бошқарувининг ўзакларидан бири бўлмиш қонун ижодкорлиги соҳаси ахборот технологиялари шарофати билан карантин шароитига тайёрлиги кўзга ташланди. Зеро, 2019 йилдан бошлаб ҳужжатларни электрон ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби ва тизими жорий қилингани ҳамда унга 200дан зиёд турли ташкилотларнинг, жумладан барча давлат органлари, йирик компаниялар, банклар, уюшмалар, концернлар улангани бугун айни муддао бўлди.

Мазкур тизим ёрдамида мамлакатимизда қонун ижодкорлиги жараёни самарали ва узилишларсиз давом этмоқда ҳамда коронавирусга қарши кураш борасидаги қарорлар қабул қилинмоқда.

Лекин бу – масаланинг фақатгина техник томонидир. Табиий равишда тезкорликда ишлаб чиқилиши лозим бўлган чоралар ва улар акс этадиган қонун ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, уларда, юқорида таъкидлаганимиз, жамият, давлат ва инсон манфаатларининг мувозанатини таъминлаш масаласи ҳар доим долзарб бўлиб қолаверади.

Давлат хизматлари кўрсатишнинг истиқболлари
Ҳаёт давом этар экан, коронавирус туфайли кишиларнинг эҳтиёжлари камайиб қолмайди, балки уларнинг қондирилиши кейинроққа сурилади, холос. Кўпчилик ташкилотлар ўз фаолиятини вақтинча қисқартиргани туфайли карантиндан кейинги дастлабки даврда аҳоли томонидан давлат хизматларини олишга бўлган эҳтиёж ошиб кетиши мумкин.

Худди шу ҳолат суд-тартибот органларида ҳам юз бериши кутилмоқда. Чунки кўплаб ишлар кечиктирилган, олдинги тўхтатилган ва янги ишларнинг оқими яқин истиқболда тизим ишига таъсир қилиши табиий.

Шу боис эндиликда мазкур йўналишда эскича ишлаб бўлмаслиги бугуноқ маълум бўлмоқда. Ниманики ўзгартириш, янгилаш, такомиллаштириш ва мақбуллаштириш мумкин бўлса, бу ишни ҳозирдан жадал амалга ошириш лозим бўлади.

Агар мазкур ҳолатни ўз вақтида пайқамай, зарур чоралар бугун кўриб қўйилмаса, яқин ойларда давлат органлари олдида йирик навбатлар юзага келиши, иш ҳажми кескин ошиши ва вазиятдан чиқишнинг энг осон йўли сифатида «коррупция»га мурожаат қилиш ҳолларига имконият яратилиши мумкин.

Шундай экан, тезкорлик билан ишлаш талаб этилаётган бир даврда қонунийликни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш янада долзарб масала бўлиб, эртага юзага чиқади, дея комил ишонч билан айтиш мумкин.

Давлат раҳбарининг бу борада алоҳида орган очиш кераклиги ҳақидаги таклифи нақадар асосли бўлгани айни вақтда яна бир бор ўз исботини топди.

Зеро, ҳеч бир давлат ва жамият инсоният тарихида ҳам, ҳозирги даврда ҳам ва келажакда ҳам тўлиқ қонунбузарликлардан холи бўла олмайди. Энг асосийси, қонунбузарликка йўл қўймасликка қаратилган кучли профилактика тизимининг мавжуд бўлиши, агар қонунбузарлик содир этилган бўлса – бунга дарҳол чек қўядиган ва таъқиб қиладиган ҳамда жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлайдиган адолатли тизимнинг ишлашидир. Бу йўналиш Ўзбекистон учун яқин ва узоқ келажакда энг долзарб бўлиб қолиши аниқ.

Фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш қандай бўлади?
Юртимизда кечаётган умумий жараёнга ҳамоҳанг равишда, яқин келажакда нотариал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш мумкин бўлади.

Бу йўналишдаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, мол-мулк ижара шартномаси, ундан текин фойдаланиш шартномаси; уни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ишончнома каби нотариал ҳаракатлар масофадан туриб, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда ҳамда видеоконференцалоқа орқали расмийлаштирилиши мумкин.

Ҳозирда «e-notarius.uz» портали орқали нотариусларга электрон мурожаат қилиб, электрон навбатга ёзилиш ва ҳужжатларни электрон юбориш имконияти мавжуд. Эндиликда нотариуслар томонидан мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган нотариал ҳаракатларни масофадан туриб бажариш имконияти яратилади.

Шунингдек, аэропортлар ва темир йўл вокзалларида инфокиоск автоматлари орқали ҳам ушбу турдаги нотариал ҳаракатларни онлайн расмийлаштириш кўзда тутилган.

Худди шундай, жамиятда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолатли сифатида авокатура институтини янада ривожлантириш, суд-ҳуқуқ тизимида адвокат мақоми ва ролини кучайтириш устувор стратегик мақсадларга мос келади.

Низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари бўлган ҳакамлик
ва медиация институтларини ривожлантириш мамлакатни юридик соҳадаги илғор ютуқларга етаклайди. Албатта, бу ҳам пандемиядан кейин ўсиши кутилаётган аҳолининг ва бизнеснинг юридик хизматларга бўладиган эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади.

Меҳнат қонунчилигининг янги уфқлари
Масофадан иш олиб бориш ҳақида гап кетганда, меҳнат қонунчилигини эслаб ўтмай илож йўқ. Сабаби, бизнинг қонунчилигимизда шу пайтгача ходимнинг масофавий ишини ташкил этиш масаласи бевосита ва атрофлича очиб берилмаган эди. Энди бўлса, бу иш услуби ҳам ўзини оқлаши, амалиётда қўлланиши мумкинлиги исботини топди.

Шундай экан, мазкур масаланинг ҳуқуқий жиҳатларини ишлаб чиқиш ҳуқуқшунослар олдида турган долзарб масалалардан биридир.

Бошқа томондан кўплаб корхоналар ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатлари жиддий ўзгаришга дуч келди. Жумладан, бюджет ташкилотларида ходимларга меҳнат таътили ёки иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш борасида қатор масалалар юзага келган бўлса, хусусий сектордаги иш берувчиларнинг ижтимоий мажбурияти масаласи ҳам қатор саволларни кўтарди.

Мазкур вазиятда карантиндан сўнг меҳнат низолари юзага келиши мумкин. Бу эса, мулк шаклидан қатъи назар, суд органлари ҳамда барча ташкилотларнинг юридик хизматлари ёки ҳуқуқшунослари зиммасига жуда катта масъулият юклайди ва бунга тегишли тайёргарлик кўриш керак бўлади.

Фуқаро дардини давлат тинглайди
Давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларнинг энг йирик йўналишлардан бири бу – юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлашдир.

Карантин туфайли бу борада ҳам иш тизими ўзгарди. Давлат органлари раҳбарларининг шахсий қабулларини, сайёр қабулларни қисқартиришга ва вақтинча тўхтатишга мажбур бўлинди. Фуқаролар ҳам вазиятни тўғри тушуниб, ўзларининг ҳаётий масалаларини ва шахсий муаммоларини давлат органларидан талаб қилишни аксарият ҳолларда кейинроққа қолдириб туришибди.

Шу билан бирга, мазкур масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Шундай экан, давлат органлари, айниқса маҳаллий ҳокимият идоралари мурожаатлар билан ишлаш тизимини, Халқ қабулхоналари, барча-барча мутасаддилар ўз ишларини мувофиқлаштирган ҳолда олиб боришини тақозо этади.

Такрорий мурожаатларнинг олдини олиш мақсадида барча тизимлар ягона платформа орқали ишлашга ўтса, ҳар бир мурожаат бир нафасда ҳал этилса, самарадорлик ошган бўларди.

Инсон ҳуқуқлари ва бурчлари мувозанати
Юқорида таъкидлаганимиздек, халқнинг ҳаёти ва соғлиғига жиддий путур етказиши мумкин бўлган хавфларга қарши кечиктириб бўлмас чораларни кўриш талаб қилиниши бор гап. Давлат жамият ва шахс манфаатларини кўзлаб шундай чораларни кўрмоқда ҳам.

Уларнинг мазмуни фақат бир нарсага қаратилган – инсоннинг бирламчи узвий ҳуқуқи бўлган яшаш ҳуқуқини ва соғлиқни сақлашга оид ҳуқуқларини таъминлаш.

Бошқа томондан, пандемия туфайли келиб чиққан инқироз келгусида айрим ижтимоий-иқтисодий оқибатларга олиб келишининг олдини олиш – давлатнинг туб мақсадларидан яна биридир.

Чунки, давлат ва ҳар бир фуқарони битта ижтимоий шартнома боғлаб туради – Конституция. Бу XVII асрларда шаклланган инглиз олими Томас Гоббс назарияларига асосланган жуда тўғри институт бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар.

Шундай экан, ҳар қандай шароитда инсон ҳуқуқларини таъминлаш давлат учун устувор вазифа бўлиб қолади. Бугунги шахсий ҳуқуқларни амалга оширишда юзага келаётган ноқулайликлар, жумладан юриш-туришдаги, ҳаракатланишдаги чекловлар жамият соғлиги, миллат соғлиги ва келажаги учун қилинаётганини ва булар вақтинча эканини барчамиз тушуниб турибмиз.

Ва албатта, бундай ҳолатда жамият ҳавфсизлиги, соғлиги ва ҳуқуқлари шахсий ҳуқуқларга нисбатан устувор аҳамиятга эга эканлигини ҳам тан олиш зарур.
Шу билан бирга, карантин чекловлари шароитида қоидалар ва белгиланган тартибларнинг бузилиши юзасидан берилаётган хабарлар ва статистика, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни ривожлантириш юзасидан олдимизда ишлар талайгина эканлигини кўрсатмоқда.

Демак, бугун ва келажакда аҳоли орасида қонунийликни тарғиб қилиш, ҳуқуқий нигилизмни бартараф этиш, умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш ҳиссини уйғотиш ишлари умуман янгича даражада ва сифатда давом этиши керак бўлади.

Шартномалар – томонларни бир-бирига боғловчи кўринмас ипдир
Шартномавий муносабатлар – таъбир жоиз бўлса, ўзбек ҳуқуқ тизимининг ҳали ишлов беришга муҳтож соҳаси.

Кўп ҳолларда, аҳоли ва ҳатто тадбиркорлик субъектлари томонидан шартнома шартлари синчковлик билан ўрганиб чиқилмаслигининг гувоҳи бўламиз. Пандемия шароитда эса айрим соҳаларда шартномаларни бажариш имконияти сезиларли камаяди, жумладан, қурилиш, савдо, ишлаб чиқариш, авиақатновлар ва ҳоказоларда. Шундай экан, томонлар бугунги кунда ўз шартномаларини такроран жуда чуқур таҳлил қилаётган бўлишса ажаб эмас.

Вақтинчалик иқтисодий қийинчиликлар туфайли қарз масалалари ҳам яна долзарблашади, ижара шартномаларига асосан тўловларни амалга ошириш ва муддатларни қайта кўриб чиқиш, шунингдек, кечиктирилган мажбуриятларнинг ижросини ҳам таъминлаш вазифалари ётади.

Бу борада бугунги кун учун энг долзарб масала, албатта, форс-мажор ҳолатларига аниқлик киритиш ҳисобланади. Аслида ушбу механизм шартномаларда соатдек ишлаши керак. Чунки ҳар доим бизнесни ривожлантириш учун туртки бўлган омил – бу рискларни бошқариш. Шунинг учун, бу фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бири бўлиши табиий.

Келажакда эса кластер шаклидаги ишлаб чиқариш, электрон тижорат, криптовалюта айланмаси, ер участкаларини хусусийлаштириш, улушли қурилиш ва бошқа замонавий фуқаролик-ҳуқуқий институтларда шартноманинг ролини ошириш зарур бўлади. Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш-2020» рейтингида «Шартномалар ижросини таъминлаш» индикатори бўйича Ўзбекистонни дунёнинг етакчи 20та давлатлари қаторига киритишни ҳам таъминлаш керак.

Давлатимиз раҳбарининг ўз вақтида қабул қилинган қарорлари билан корхоналарнинг банкротлиги вақтинча тўхтатилди. Шу билан бирга, объектив сабабларга кўра, келажакда бу масала яна кун тартибига чиқишини эътиборга олиб, бунда банкротлик жараёни орқали корхоналарнинг парчаланиши ёки йўқ бўлиши эмас, балки уларни кредиторлардан ҳимоя қилиш механизмлари орқали соғломлаштириш ва қайта оёққа қўйиш муҳим бўлади.
* * *
Хулоса ўрнида
Биз юқорида тўхталиб ўтган масалалар ижтимоий-ҳуқуқий соҳада олдимизда турган муаммоларнинг фақатгина юза қисми холос. Аслида мулоҳаза юритиш лозим бўлган жуда кўплаб масалалар бор.

Умуман олганда, биз ҳуқуқшуносларнинг бугунги вазифамиз – давлатимиз ва жамиятимизга юридик ва ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги пандемия туфайли юзага келган чигалликларни ечишга кўмаклашишдир.

Узоқ истиқболда эса – келгусида ҳар қандай мураккаб вазиятларда ҳам давлатимиз, жамиятимизнинг барқарор ривожланишини таъминлайдиган ва инсонларнинг камолотига хизмат қиладиган ҳуқуқий устунларни мустаҳкамлашдан иборатдир.

Барчамиз амин бўлиб турибмизки, энди дунёмиз биз кўниккан кўринишда бўлмайди. Биз янгича муносабатлар тизимини қуриш босқичига кириб борамиз. Бу жараённинг қоидаларини қоғозга тушириш ҳуқуқшуносларнинг бугунги авлоди чекига тушган.

Шу муносабат билан, юридик ҳамжамиятимизга бугун ижод қилиш учун ўзига хос имконият яратган «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзига амал қилинаётган шароитда юқоридаги ва бошқа долзарб ҳуқуқий масалалар ҳақида бош қотиришга, мулоҳазаларни фаол чоп қилишга, посткоронавирус ижтимоий-ҳуқуқий тизимининг такомиллашишига ўз ҳиссасини қўшишга чақирамиз.

Русланбек Давлетов,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Коронавирус нималарни ўзгартиради: ҳуқуқшунослар олдидаги долзарб масалалар