18:40 / 14.05.2020
2 319

Ўзбекистонда «яшил» ва «сариқ» ҳудудлардаги судларда барча ишларнинг белгиланган тартибда кўрилишига рухсат берилди

Ўзбекистонда «яшил» ва «сариқ» ҳудудлардаги судларда барча ишларнинг белгиланган тартибда кўрилишига рухсат берилди
2020 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг «Олий суд Раёсатининг ‘Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида’ 2020 йил 20 мартдаги РС-13-20-сонли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизматига таяниб Дарё хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Олий суд Раёсатининг 2020 йил 20 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси судларида COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мамлакат судларида фуқароларнинг шахсий қабули, суд жараёнлари ва сайёр суд мажлислари вақтинча тўхтатилганди.

Қабул қилинган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ «қизил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда фуқароларнинг шахсий қабули тўхтатиб турилади ҳамда фуқароларга ҳужжатларни судларга фақат электрон шаклда ёки почта орқали юбориш тавсия этилади. «Яшил» тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда фуқаролар қабулига рухсат берилади.

Шунингдек, «қизил» тоифага кирувчи ҳудудлардаги судлар томонидан фақат эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, майда безорилик, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш ва бошқа маъмурий ҳуқуқбузарликларга доир; қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш;

қамоқда сақлаш муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш; шахсни тиббий муассасага жойлаштириш; маъмурий қамоққа олиш; шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш (стационарда ётиш муддатини узайтириш); шахсни сил касаллигига қарши курашиш муассасасига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш (муассасада ётиш муддатини узайтириш); фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисида ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар кўрилиши белгиланган. Судлар суд буйруғи тартибидаги ишларни (алимент ундириш ва бошқалар) ҳам кўриши мумкин.

«Яшил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудлардаги судларда барча ишларнинг белгиланган тартибда кўрилишига рухсат берилади.

Барча судларда (тоифа ҳудудидан қатъи назар):
  • судья ва мутахассислар томонидан ижтимоий масофа (2 метр)ни сақлаган, тиббий ниқоб ва антисептик воситаларидан фойдаланган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш;
  • барча турдаги оммавий тадбирлар (маърифат соатлари, семинарлар, конференциялар, давра суҳбатлари, ўқув машғулотлари ва бошқа оммавий тадбирлар)ни ўтказмаслик (судлар фаолияти билан боғлиқ видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган йиғилишлар бундан мустасно);
  • суд биноларига кириш-чиқиш жойларини пирометр ва антисептик воситалар билан таъминлаш, суд муҳокамасига келган ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, ниқобсиз ва тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган ҳолатда суд биносига киритмаслик каби мажбурий талабларга қатъий риоя этиш белгиланган.

Бундан ташқари, кўриб чиқилиш учун тайинланган ишлар қолдирилганлиги сабабли уларни кўрилишга қайта тайинланган вақти бўйича суд мажлиси иштирокчиларига алоҳида хабар қилинади, дейилган Олий суд ахборотида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда «яшил» ва «сариқ» ҳудудлардаги судларда барча ишларнинг белгиланган тартибда кўрилишига рухсат берилди