17:47 / 18.05.2020
2 400

Пайариқда 300 та деҳқон хўжалиги ташкил этилди

Пайариқда 300 та деҳқон хўжалиги ташкил этилди
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида янги лойиҳа амалга оширилди. Аниқроғи туман ҳокими, мутахассислар, жамоатчилик таклифи билан Наволи массивида узумчилик билан шуғулланиш самара бериши аниқланди. “Агромир групп” концерини раҳбарлари билан фойдаланилмай ётган бу майдонда деҳқончилик кластери ташкил этиш режалаштирилди. Деҳқонобод, Шўртепа, Истиқлол, Оқтош маҳалласида яшовчи қўлидан иш келадиган, меҳнат қилишга иштиёқи бор, аммо моддий аҳволи оғир, шунингдек, хориждан қайтганлардан 1200 киши танлаб олинди. Улар билан дилдан суҳбатлашиб, масала моҳияти тушунтирилгач, ҳозирча уларнинг 300 нафарига бу майдонлардан ярим гектардан ер ажратиб берилди.

“Агромир групп” концерни томонидан 300 нафар кишининг ери учун артезиан қудуғи қазиб, сув чиқарилди. Ток ниҳоллари, томчилатиб суғориш воситалари элтиб берилди. Ток уч йилда ҳосилга киради. Шу сабабли иккинчи босқичда ниҳоллар орасига экиш учун бодринг, қовун, тарвуз уруғлари берилди. Ҳозир палаклар кўзга ташланиб қолди. Насиб бўлса, ҳосилни йиғиштириб олса, шу майдонга тўқсонбости экинларидан экади. Дарвоқе, бодрингнинг экспортбоп нави танланган, “Агромир” уни ўзи сотиб олади, қайта ишлайди.

— Бу лойиҳа ҳаммага наф келтиради, — деди сенатор Ш.Жалолов. — Қишлоқ аҳли мулкдор, даромадли бўлади, ер эгасини топади ва халққа фойда келтиради, биз эса деҳқончилик кластерини шакллантирамиз, экспорт ҳажмини оширамиз. Зеро давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган вазифа ҳам аслида шу.

Фақат бугина эмас, “Агромир групп” концерни негизида Пайариқда “Барака чеккин” МЧЖ ташкил этилди. Ер деҳқонларга 49 йилга ижара шартнома асосида берилди ва 300 та деҳқон хўжалиги шакллантирилди.

Бундан ташқари фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари жамғармаси бу деҳқонларга уч йил муддатга (шундан 6 ойлиги имтиёзли) 15 фоизли кредитлар ажратди. Дарвоқе, томчилатиб суғориш тизимини бошқариш учун бирлашиб, кооперация тузилади, яъни ҳар ким ўз ишини қилади.

Абдулазиз Йўлдошев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Пайариқда 300 та деҳқон хўжалиги ташкил этилди