13:07 / 04.09.2020
9 039

Намангандаги «махлуқ» ғайритабиий мавжудот эмас, одам эканлиги маълум бўлди

Намангандаги «махлуқ» ғайритабиий мавжудот эмас, одам эканлиги маълум бўлди
Сўнгги кунларда Наманган вилояти Косонсой тумани «Ҳуррият» маҳалласида қандайдир номаълум шахс кечалари фуқаролар тинчини бузиб, уларни қўрқитиб юргани, уни ушламоқчи бўлишганида томга қочиб кетгани, у жуда ҳам кучли ва чаққон, ҳаттоки тўрт оёқда юриши ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда.

Бунинг натижасида бир неча кундан бери аҳоли тинчи бузилган. Ҳаттоки аёллар ва болалар кечаси кўчага чиқишга қўрқиб қолган. Ачинарлиси ҳақиқатга тўғри келмайдиган, асоссиз миш-мишлар яшин тезлигида бутун туман бўйлаб тарқалди.

Туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилишича, айни дамда туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Суриштирувлар натижасида шу аён бўлдики шов-шувларга сабаб бўлаётган бу ғайритабиий мавжудот эмас. Олинган излар бу одам эканлигини кўрсатмоқда. У ҳозиргача ҳеч қандай жиноий иш (ўғрилик, қотиллик, шикаст етказиш....) қилмаган. Шундай экан ортиқча ваҳима ва қўрқувга ҳожат йўқ», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар ва материалларни ҳар қандай шаклда тарқатиш 66 миллион 900 минг сўмдан 89 миллион 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Наманган вилоятининг Чуст туманидаги фермер хўжалиги еридан «ўта шифобахш» сув чиққани тўғрисидаги хабарлар омма ўртасида катта қизиқиш ва шов-шувга сабаб бўлганди. Кейинроқ вилоят Давлат санитария эпидемиология маркази «шифобахш» сув аслида истеъмолга яроқсиз эканлигини маълум қилган. Ўзга сайёраликлар билан учрашганини айтиб, машҳур бўлган Жуманазар ака ҳам Наманган вилояти Учқўрғон туманидан эди.

Шунингдек, Наманганда ғайриоддий портлаш овозлари ҳам тез-тез эшитилиб туради. 2018 йил 6 декабрь куни Наманганда илк бор қаттиқ гумбурлаш овози эшитилганди. Ўшанда аввалига Мингбулоқ нефть конида портлаш юз бергани маълум қилинди, кейинчалик бу хабар рад этилди. 14 декабрда эса бу ҳолат яна такрорланганди. 2019 йил 29 март куни Наманганда яна бир бор кучли гумбурлаш содир бўлган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Намангандаги «махлуқ» ғайритабиий мавжудот эмас, одам эканлиги маълум бўлди