2 180
Дэниел Розенблюм: АҚШда президент алмашиши Ўзбекистонга нисбатан сиёсатда катта ўзгаришларга сабаб бўлмайди
Фото: Kun.uz
Бугун, 12 ноябрь куни Сирдарё вилоятига сафар қилган Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Kun.uz мухбирининг айрим саволларига жавоб берди.
Лойиҳалар ҳақида тўхталар экан жаноб Розенблюм шундай деди: «Кейинги дастуримиз Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда олиб борилмоқда. Бу «Инглиз тилида сўзлашувчи мамлакат» ва «Информацион технологиялар билан ишлайдиган жамоа» деб аталади. Биргаликда ушбу йўналишларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширамиз. Бундан кўзлаган мақсадимиз — Америка тажрибасини ва бу соҳадаги ютуқларини Ўзбекистонга олиб келиш. Келгусида бу ўзининг ижобий натижасини беради, ёшлар ҳаётига ижобий таъсир қилади, деб ўйлаймиз».
Элчи Ўзбекистонда инглиз тилидан дарс берувчи ўқитувчиларни малака ошириш учун АҚШда ўқитиш режалаштирилганини ҳам айтиб ўтди.
— АҚШнинг Ўзбекистонга инвестиция киритиш борасида қизиқишлари қай даражада ва айнан қайси соҳалар сизнинг мамлакатингиз учун қизиқ?
— АҚШ компаниялари Ўзбекистонга инвестиция киритишга тобора кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. Бунга сўнгги 2–3 йил давомида президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар сабаб бўлган. Тўғрисини айтиш керакки, Америка компаниялари бу ердаги бизнес борасида ўзгача тасаввурга эга эдилар ва айни пайтда улар Ўзбекистон бозорини ўрганишмоқда.
Бундан бир йил аввал, 2019 йилнинг ёзида Америкадан 15та савдо компанияларидан иборат савдо миссияси ташриф буюрганди. Буни ташкил қилишда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси яқиндан ёрдам берганди. Улар бу ерда савдо, ўз маҳсулотларини сотиш ва корхона яратиш имкониятларини ўрганиш учун келишганди. Уларнинг аксарияти илгари Ўзбекистонда умуман бўлмаган. Шу миссия натижасида турли соҳаларда бир қатор шартномалар имзоланганди.
Умид қиламизки, уларнинг қизиқишлари ортади. Асосан туризм, нефть ва газ, қишлоқ хўжалиги, агробизнес соҳасига, бундан ташқари, ўзларининг маҳсулотларини Ўзбекистон бозорида сотишга қизиқишади. Хусусан, яқиндан Procter&Gamble компанияси билан учрашиб гаплашгандим. Биласизки, бу компания дунё бўйича маҳсулотларини сотишда етакчи ҳисобланади. Улар ҳам бу ерда ишини кенгайтирмоқчи.
Лекин токи бу ислоҳотлар, инвестицион иқлим яхшиланиб, такомиллаштирилмас экан, менимча ҳали бери бу компаниялар келишмаса керак. Чунки улар ҳамон Ўзбекистон бозорини ўрганишмоқда. Ушбу ислоҳотлар янада жадалроқ олиб борилиши керак. Муҳими Ўзбекистонда бу жараён бошланган.
— Америкада ўтказилган президентлик сайлови натижалари, президент алмашинуви Ўзбекистон-Америка муносабатларига таъсир кўрсатадими? Бу борада ўзгаришлар кутиладими?
— Жуда яхши савол. Кўплаб инсонлар бу саволнинг жавобига қизиқишади. Яъни айни пайтда Америкада ўтказилган сайловларни кўплаб одамлар кузатишди. Лекин мендан сўрайдиган бўлсангиз, жавобим шундайки, мен Ўзбекистонга нисбатан Америка сиёсати деярли ўзгармайди деб айтаман. Яъни ўзгаради, катта ўзгаришлар бўлади, деб ўйламайман.
Бундай дейишимга сабаб шуки, мен ўзим шунча вақтдан бери бир неча президент алмашганига гувоҳ бўлдим. Америка ҳукуматида (Давлат департаментида) ишлаган вақтимда, 90-йилларнинг охиридан бери президент администрациясида бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Ўзбекистонга нисбатан сиёсатда катта ўзгаришлар бўлмади. Мен ўзим 2 нафар демократ ва 2 нафар республикачилардан бўлган президентлар даврида ишлаган бўлсам, сиёсатда давомийликни кузатдик. Шундан келиб чиқиб, АҚШнинг Ўзбекистонга ва Марказий Осиёга нисбатан сиёсати ўзгаради деб ўйламайман.
Ўзбекистон билан муносабатларда ўзгаришлардан кўра давомийлик бўлади, деб айтишимнинг сабаблари бор.
Биринчиси, биз Марказий Осиёнинг барқарор бўлишидан манфаатдормиз. Бу ҳудудда зўравонлик ва можаролар бўлмаслиги тарафдоримиз. Чунки бундай беқарорлик бўлса АҚШга ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Иккинчи сабаби, ушбу мамлакатлар суверен, мустақил, миллий мустақиллигига эга бўлишини истаймиз. Айнан мана шу сабаблар АҚШнинг Ўзбекистон билан муносабатларининг тамал тоши ҳисобланади. Ҳар ҳолда 90-йиллардан буён ушбу сиёсат давом этиб келмоқда ва бу январь ойида янги президент келган тақдирда ҳам шундайлигича қолади деб ўйлайман.
— Ўзбекистонда сўнгги вақтларда ОАВга эркинлик берилгани, матбуот ва журналистлар муаммоларни бемалол ёрита олаётганига кузатувчи сифатида шахсий фикрингиз қандай?
— Гапингизга қўшиламан, 4 йил аввалгига нисбатан бугунги Ўзбекистонда бу соҳада эркинлик каттароқ. Ўзбекистонга элчи бўлишимдан аввал ҳам кўп марта ташриф буюрганман. Тан олиш керак, фарқ катта. Босма матбуотда ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиляпти.
Лекин олдинда турган ишлар жуда кўп. Президент Шавкат Мирзиёев айтганидек, бу ерда ОАВнинг роли жуда муҳим. ОАВнинг жамиятда назоратчи бўлиши жуда ҳам муҳим. Яъни ижро ҳокимияти устидан назорат, қонунчилик ҳокимияти устидан бўлган назорат қилиб, уларнинг қилаётган ишига аниқлик киритиб ҳолатларни ёритишлари керак.
Айтиб ўтганимдек, ҳали қиладиган ишлар жуда кўп. Бунинг учун расмий вакиллар танқидни қабул қилишни ўрганишлари, журналистлар профессионалроқ бўлишлари керак. Жамият билиши керак бўлган фактлар бўйича муҳим ҳолатларни ёритиб беришга устомонлик билан ёндашиш керак.
Шуҳрат Юнусов суҳбатлашди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Путин Украинадаги объектга баллистик ракета зарбаси берилганини эълон қилди