13:20 / 28.11.2020
2 466

Электрон ҳукумат: «Қоғозбозликдан қочиш вақти аллақачон келган»

Электрон ҳукумат: «Қоғозбозликдан қочиш вақти аллақачон келган»
Бугун таклиф этилаётган янги турдаги электрон хизматлар, қўлланилаётган атамаларни «ҳазм қилиш»га бироз қийналаётганимиз бор гап. Лекин бу кичик довондан ўтиб олсак, сизу биз учун қулай имкониятлар, кенг шароитлар, энг муҳими, ривожланиш эшиклари очилади.

Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» давлат муассасасининг Ҳудудларда рақамли технологияларни жорий қилишни мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Фаррух Холйигитов бўлди.

– Агар қарши бўлмасангиз, аввало бугун сиз ишлаётган бўлим фаолияти билан танишмоқчимиз...
– Хабарингиз бўлса, Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Қорақалпоғистон Республикаси ва 12та вилоятда ҳудудий бошқармалари бор. Улар ўз ҳудудларида бажарилиши белгиланган лойиҳаларни юритишади. Масалан, Қашқадарё вилоятининг соғлиқни сақлаш ёки таълим йўналишини олсак, мазкур соҳалар вилоятдаги ҳудудий бошқармаси билан бирга ўз лойиҳаларини олиб бориши кўзда тутилган. Ўзаро мувофиқлигига эса вазирликдаги ҳудудий бўлим жавобгар.

Худди шунга ўхшаб «Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази»да ҳам ҳудудларда жорий этилаётган лойиҳаларда қатнашиш, ўрганиш ва таклифлар киритиш мақсадида бизнинг бўлим таъсис этилган.

Асосий вазифаларимиздан бири – вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва тегишли вазирлик, давлат идоралари, хўжалик органлари, вилоят, туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг фармон ва қарорларида белгиланган чора-тадбирлар, лойиҳалар бўйича амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар, муддатлари кечиккан ёки ўрнатилган муддатда бажарилган лойиҳаларни ўрганиб, тегишли ахборотни вазирликка тақдим этиш ҳамда белгиланган чора-тадбир, лойиҳаларнинг ҳозирдаги ижро ҳолати тўғрисида хабардор қилишдир. Бунда ҳар бир лойиҳа тўғри бажарилиши, қандай натижа ёки самара бериши каби мезонлар муҳим ўринда туради.

– Ҳудудлар билан ишлаганда муаммолар учраб турадими? Улар ҳам ахборотлашув, рақамлашув тизимига тўлиқ ўтганми?
– Албатта! Бугунги кунда ахборотлашув ва рақамлашувга республикамизнинг барча соҳаларида катта аҳамият бериляпти. Имкон қадар «қоғозбозликдан» кечиш, маълумотларни электрон шаклда юритишга қаратилган ислоҳотлар олиб борилмоқда. Мазкур ишларни бажаришда махсус маълумот алмашинув ахборот тизимлари жорий этилмоқда. Бу каби ахборот тизимларида кунлик ва муддатли топшириқларнинг идоралар фаолиятида электрон кўринишда юритилиши, вазифалар масъул ижрочига бириктирилиши таъминланади.

Хабарингиз бор, Президент фармонлари чиққач, Вазирлар Маҳкамаси томонидан мувофиқ ижро этиш қарори қабул қилинади ва улар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Ички маълумот алмашинуви ахборот тизимларида эса қарор ёки фармойишларда кўрсатилган чора-тадбирлар ижроси, ижрочиси ҳамда муддати белгилаб қўйилган бўлади.

Мисол учун, бизнинг зиммамизга юкланган чора-тадбир марказ раҳбари, яъни директоримизга туширилади. Кейин бу вазифа ички таркибдан келиб чиққан ҳолда тегишли, айнан шу йўналишга жавобгар масъул ижрочига бириктирилади ҳамда муддат белгиланиб, ижро назорати ўрнатилади.

Айнан шу тамойил ҳудудларга ҳам хос бўлиб, масалан, ҳокимият ёки ҳудудий бошқарма бошлиғига юборилган топшириқ, поғона бўйича қуйида турадиган мутахассисларга бириктирилади. Улар тегишли ишларни бажариб, жавобларни раҳбарига олиб киришади. Тизимимизда бу борада муаммо йўқ. Лекин ҳар қандай ишни бошлаш ва йўлга қўйиш учун вақт керак бўлади. Яъни, икки томондан масъул ижрочи тайинлаб, ўзаро маълумот алмашиш ва жараённи йўлга қўйиши учун. Белгиланган топшириқлар муддатига салбий таъсирини инобатга олиб, шундай ноқулайлик учраб туради, дейиш мумкин.

– Ҳозирги кунда қандай янги лойиҳалар билан бандсизлар?
– Бизнинг бўлим бевосита ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланмайди. Фаолиятимиз асосан амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолатини ўрганиш, баҳолаш, улардаги кечикишларни аниқлаш ва мос равишда таклифлар киритишга йўналтирилган бўлса-да, айни кунларда долзарб лойиҳаларимиздан бирини якунлаш арафасидамиз.

Бу Президентимизнинг жорий йил 5 октябрида тасдиқланган «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида белгиланган 1600 дан ортиқ лойиҳа ва чора-тадбирлар мониторинги, уларни ҳудудларда амалга ошириш босқичлари тўғрисида маълумотларни марказлаштирилган ҳолда олиш имкониятини берувчи махсус мониторинг ахборот тизими модулининг яратилишидир.

Лойиҳаларни ходимлараро тақсимлаб, ҳолатини ўрганиш, ҳар бирини ҳужжат кўринишида расмийлаштириш кўп вақт ва катта ҳажмдаги қўл меҳнатини талаб қилиши сабаб махсус ахборот тизимини ишлаб чиқиб, тегишли маълумотларни унга киритиш ва ижрочилар томонидан лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишларни юклаб бориш имконини яратишни йўлга қўйяпмиз.

– Соҳада халқаро тажриба қанчалик муҳим?
– Албатта, соҳамизда халқаро тажрибанинг ҳам ўрни муҳим. Кўпчиликка таниш бир ибора бор: «велосипед ўйлаб топиш…». Яъни, биз учун янги бўлган бирор фаолият ёхуд хизматни йўлга қўйишдан олдин ривожланган давлатлар ёки МДҲ мамлакатлари тажрибалари ўрганилади ҳамда қанчалик мос тушиши кўриб чиқилиб, зарурат туғилса, ўзгартиришлар киритилади ва амалиётга жорий қилинади.

Агар мавжуд лойиҳани нолдан ишлаб чиқиб, яратадиган бўлсак, биринчидан, кўп вақт кетиб, катта маблағ сарфлашимиз мумкин. Иккинчидан, натижаси текширилган, тажрибадан ўтган ва ишлаб турган технология ёки техника бериб турган самарадан паст бўлиши мумкин. Масалан, таълим йўналишида жорий этилган «Электрон кундалик» ахборот тизимини олайлик. Нега бирдан қоғозли кўринишдаги ҳужжатлардан, ўқитувчилар юритадиган – журнал, ҳисобот, кундаликлардан асталик билан воз кечяпмиз? Чунки биз рақамлаштириш йўлидан кетяпмиз.

Дастлаб Россия Федерациясида ишлаб чиқилган ва бир неча йил давомида фойдаланиб келинаётган «Дневник.ru» тизими ўзини оқлаган лойиҳа бўлгани сабаб юртимизда ҳам жорий этилиши қарори қабул қилинган. Ҳозирда Ўзбекистон таълим тизими стандартларига мувофиқлаштириш йўли билан ушбу тизим бизда ҳам анча оммалашди. Бугунги кунга келиб унга 900 дан ортиқ умумтаълим мактаблари уланганлиги ҳақида маълумотлар бор. Бошқаларида ҳам босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган.

– Ҳозирда «Электрон ҳукумат» ва «Рақамли иқтисодиёт» лойиҳалари доирасида якунига етказилганлари борми? Агар бўлса, улар қандай самара берди?
– «Электрон ҳукумат» ва «Рақамли иқтисодиёт» доирасида бажарилиши режалаштирилган устувор лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги қарори билан белгиланган. Унга кўра, 42 та вазирлик ва идора томонидан 104 та, иқтисодиётнинг реал секторида 35 та, хўжалик бошқаруви органларида 87 та лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган. Жорий йилда 74 та лойиҳанинг тўлиқ якунланиши режалаштирилган бўлиб, ундан 36 таси электрон ҳукумат йўналишида, 38 таси иқтисодиётнинг реал сектори ва банклар томонидан бажарилиши кўрсатилган. Ҳозирда 18 та лойиҳа якунига етказилган ва уларни жорий этиш орқали иқтисодий ва ижтимоий самараларга эришилди.

– Бизни кутилган самарадорликни берган лойиҳалар билан таништирсангиз...
– Бундай лойиҳаларимиз кўп аслида. Сизга энг оммалашганларини айтаман. Масалан, соғлиқни сақлаш бўйича – «ASKDOCTOR» беморларга онлайн маслаҳат бериш портали тизимида 20 000 дан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлиб, уларга 700 га яқин малакали шифокорлар томонидан 12 мингдан ортиқ консультациялар берилди. Ҳозирда тизимга 265 та клиника ҳақида маълумотлар киритилган.

Шунингдек, бугунги глобал муаммо – пандемия даврида «Karantininfo.uz» тизими жорий этилиб, у орқали коронавирус билан зарарланган беморларни ва улар билан алоқада бўлган шахсларни онлайн қайд этиш, вақтинчалик карантин марказидагиларни электрон рўйхатга олиш имконияти яратилди.

Қурилиш вазирлиги томонидан эса Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизими (dshk.uz) жорий қилиниб, бунда республика ҳудудида юритилаётган давлат шаҳарсозлик кадастри тўғрисидаги батафсил маълумотларни онлайн шаклда олиш мумкин.

Давлат солиқ қўмитаси онлайн касса машиналари автоматлаштирилган назорат тизимини такомиллаштириши натижасида Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг тегишли шохобчаларига онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларни босқичма-босқич ўрнатиш кунлик назоратга олинди. Ўрнатилган назорат-касса машиналари сони эса 36 мингдан ортиқни ташкил этди.

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ томонидан «Янги мобил банкинг иловасини жорий қилиш» доирасида ишлаб чиқилган мобил илова орқали банк мижозларига қўшимча қулайиклар яратиш, банк пластик карталари орқали нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш, омонат, кредит, картадан картага пул ўтказмалари, «Золотая корона» халқаро пул ўтказмалари каби банк хизматларидан фойдаланиш ҳамда маркетплейс хизматларини тақдим этиш имконияти яратилди.

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Электрон ҳукумат: «Қоғозбозликдан қочиш вақти аллақачон келган»