08:15 / 04.02.2021
1 855

Ўзбекистон икки поғонага кўтарилган 2020 йилги жаҳон демократия индекси эълон қилинди

Ўзбекистон икки поғонага кўтарилган 2020 йилги жаҳон демократия индекси эълон қилинди
Ўзбекистон ҳар йили жаҳон мамлакатларининг демократия индексини эълон қиладиган Британиянинг The Economist Intelligence Unit тадқиқотлар ташкилотининг 2020 йилги рейтингида 155-ўринни эгаллади. Рейтингга жами 165 та мамлакат ҳамда Гонконг ва Фаластин автоном ҳудудлари киритилган.

2020 йил рейтингида Ўзбекистон 2,12 балл тўплаб, 2019 йилга нисбатан 2 поғона кўтарилди, аммо «авторитар режимлар» рўйхатида қолди. Ўзбекистон 2019 йилда 157-ўринда, 2018 йилда эса 159-ўринда бўлган.

Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон 3,14 балл билан 128-ўринни, Қирғизистон 4,21 балл билан 107-ўринни эгаллаган. Тожикистон 1,94 балл билан 159-ўринда, Туркманистон эса 1,72 балл билан 162-ўринда.

«2020 йилда демократия мустаҳкамлиги коронавирус пандемияси туфайли яна бир бор синовдан ўтди. 2020 йилги демократия индексидаги глобал ўртача балл 2019 йилдаги 5,44 баллдан 5,37 баллгача тушди. Бу индекс биринчи марта тузилган 2006 йилдан бери энг ёмон глобал кўрсаткич», — дейилади ҳисоботда.

Таҳлилчиларнинг айтишича, кўрсаткичларнинг ёмонлашуви асосан дунёда юзага келган коронавирус пандемиясига жавобан ҳукумат томонидан индивидуал ва фуқаролик эркинликларига чекловлар киритилиш билан боғлиқ.

Рейтингда биринчи ўринни 9,81 балл олган яна Норвегия эгаллаган. Ундан кейинги ўринларда 9,37 балл билан Исландия ва 9,26 балл билан Швеция ўрин олган. Кучли бешликка, шунингдек, 9,25 балл билан Янги Зеландия ва 9,20 балл билан Канада ҳам кирди. Шимолий Корея 1,08 балл билан яна бир бор индекснинг энг қуйи поғонасидан жой олган.

The Economist Intelligence Unit демократия индексини 2006 йилдан бери эълон қилиб келади. Рейтинг беш тоифага асосланади: сайловлар ва плюрализм, ҳукумат фаолияти, жамоатчиликнинг сиёсатдаги иштироки, сиёсий маданият, фуқаролик эркинликлари.

Ушбу тоифалардаги бир қатор кўрсаткичлар бўйича баҳолардан келиб чиққан ҳолда ҳар бир мамлакат тўрт турдаги режимлардан бири билан таснифланади: «тўлиқ демократия», «номукаммал демократия», «гибрид режим» ёки «авторитар режим».

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон икки поғонага кўтарилган 2020 йилги жаҳон демократия индекси эълон қилинди