16:24 / 18.06.2021
3 392

Янги Андижон шаҳрида метро қурилиши мумкин


Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти фаоллари билан йиғилишда 2022 йил 1 мартдан бошлаб Андижон шаҳри таркибида Янги Андижон тумани ташкил этилишини маълум қилди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, Янги Андижон шаҳрида ерусти метроси қурилиши мумкин.

Транспорт вазирига (Илҳом Маҳкамов — таҳр.) Янги Андижон ҳудудига тезкор транспорт қатновини ташкил қилиш мақсадида бир ой муддатда таклиф киритиши кераклиги айтилди. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ва қурилиш вазири Ботир Зокиров эса уч ой муддатда Тошкент шаҳрида ва Андижонда Туркиянинг тажрибали лойиҳа компаниялари филиалларини ташкил этиш, мутахассисларни ўқитиш ишларини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилган.

«Янги Андижонда Damas бўлмайди. У ерда ерусти ёки ерости метросини қуриш бўйича ҳисоб-китоблар қилинади. Маъқулини қурамиз», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, 17 июнь куни Президент Андижон туманида 4 минг гектар майдонда барпо этилаётган янги шаҳар қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этган эди. Маълум қилинишича, ушбу янги шаҳарда жами 130 мингдан ортиқ квартирали кўп қаватли уйлар, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари, саноат зоналари, яшил ҳудудлар ва инфратузилма объектлари қурилади.

Мазкур шаҳарда қурилиш материаллари, электротехника, мебелсозлик, тўқимачилик, полиэстер ва сунъий тола ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратилади. Қурилиш ишлари 8 та босқичда амалга оширилиб, қурилиш жараёнида 10 мингта янги иш ўрни, шаҳар қурилиши якунланганидан кейин эса саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қарийб 100 мингта янги иш жойи яратилади.

Қайд этилишича, Янги Андижон лойиҳасининг коммуникация тармоқларини қуришни бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади.

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Янги Андижон шаҳрида метро қурилиши мумкин