07:53 / 05.08.2021
3 127

Ўзбекистонда кўчма савдо ва мавсумий кафеларнинг ишлаш тартибига оид низом тасдиқланди


«Кўчма савдо фаолиятига замонавий ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳамда савдо автомати орқали чакана савдо фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарор билан кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, «К-Savdo» автоматлаштирилган ахборот тизимида кўчма савдо объектларини рўйхатдан ўтказган тадбиркорлар Ўзбекистон ҳудудида кўчма савдо билан шуғулланиши мумкин.

Низом билан кўчма савдони амалга оширишнинг мажбурий талаблари ва шартлари, савдо объектининг ихтисослашув турлари, кўчма савдоси тақиқланган товар турлари белгиланган.

Рўйхатдан ўтказилган кўчма савдо жойини ёки унинг бир қисмини бошқа шахсга фойдаланишга ёки ижарага бериш тақиқланади.
Транспорт воситаси орқали кўчма савдо фаолияти «К-Savdo» ААТ орқали савдо қилинадиган жой ҳақида хабарнома юбориш йўли билан амалга оширилади. Кўчма савдо жойи электрон аукционда сотилади. Бунда тадбиркорга кўчма савдо жойидан кўпи билан 36 ой муддатга фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Кўчма савдо майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини олган тадбиркорлар фақат байрам ва оммавий тадбирлар ўтказиш даврида вақтинчалик асосда жойлаштириш схемасидан ташқарида фаолият юритиши мумкин.

«К-Savdo» ААТда кўчма савдо объектни рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди. Жойлашиш схемалари ҳар уч йилда бир марта қайта кўриб чиқилади. Қарор билан, шунингдек, Умумий овқатланиш корхоналари мавсумий кафеларининг ишлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Унга кўра, 2021 йил 1 октябргача Ягона интерактив давлат хизматлари порталида умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафеларини жойлаштириш бўйича электрон ариза бериш хизмати жорий этилади.

2021 йил 1 ноябргача ҳар бир туман (шаҳар) кесимида кўчма савдо жойлари танланиб, кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари тузилади ҳамда улар «К-Savdo» ААТга жойлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Ўзбекистонда тадбиркорларнинг рухсат олишда шаффоф механизмнинг йўқлиги сабаб ёзги террасалар ноқонуний деб топилаётгани тўғрисида хабар берилганди. Масалан, «қоғозда» муниципал ҳудудга фудтрак (кафе-фургон) жойлаштириш учун ҳудудга жавобгар ҳокимлик билан шартнома имзолаш кифоя, бироқ регламент йўқлиги сабаб буни амалиётда қўллаш имконсиз эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда кўчма савдо ва мавсумий кафеларнинг ишлаш тартибига оид низом тасдиқланди