2 501
Тошкентда 63 ёшли аёлга невараси тенги йигит шилқимлик қилиб, калтаклагани айтилмоқда
Ўзбекистонда зўравонликка қарши «Сукут сақлама» лойиҳаси 63 ёшли аёл невараси тенги йигит томонидан зўравонликка учрагани ҳақида мақола эълон қилди. «Дарё» манбасининг маълум қилишича, воқеа Тошкент шаҳрида юз берган.
«Онахон, келинг сизга бир тегинай, 10 минг сўм бераман»
Унда айтилишича, Марина Ивановна (исми ўзгартирилган) гипертония касаллигининг олдини олиш мақсадида ҳар куни эрталаб шифокорлар маслаҳати билан сайрга чиқади. 2021 йил 11 сентябрь куни соат 5 ларда, ҳали ғира-шира бўлгани учун ўзи билан кичик фонар олиб, сайрга чиққан. Бироздан сўнг аёл қадам товушларини эшитган — ортидан бир йигит келган ва «Онахон, келинг сизга бир тегинай, 10 минг сўм бераман», деб айтган.
Аёл ундан тинч қўйишини сўраган, аммо йигит бирдан келиб унинг сонидан чимчилаб олган. Онахон уни ўзидан итаришга ҳаракат қилган, лекин ичкилик ҳиди келиб турган йигит ҳужум қилишда давом этиб, гоҳ қўли, гоҳ оёғи, гоҳ сонларини чимчилай бошлаган. Аёл қадамини тезлатган, аммо йигит ҳам унга эргашган. Онахон эшикда кодли қулф бор, ўша ерда яширинаман, деб ўйлаб, ёруғлик тушиб турган подъезд эшиги томон отилган. Аммо эшикда қулф бўлмаган, шу сабабли аёл эшикни тортиб, ёпиб туришга ҳаракат қилган. Бироқ йигит куч билан уни очиб, подъездга кирган. У беҳаё сўзларни айтиб қичқирган ҳолда Марина Ивановнанинг интим жойларига тегинган. Аёл унинг шилқимлигидан ҳимояланиш мақсадида деворга ёпишиб, бақириб, ёрдамга чақирган.
Шу вақтда маст йигит аёлнинг юзига бир мушт тушириб, «Овозингни ўчир, ўлдираман!», деб таҳдид қилган ва кийимларини йиртиб, калтаклай кетган. Калтак зарбидан аёлнинг кўзойнаги ерга отилиб, кўз олди хиралашган. У қўрқса-да, қаршилик кўрсатишда давом этган. Шовқинни эшитган қўшнилардан бири эшикни очган. Бундан чўчиган йигит воқеа жойидан қочиб қолган. Аёл эса карахт аҳволда уйга етиб олиб, қизига қўнғироқ қилган. Қизи дарҳол етиб келган ва Марина Ивановнанинг туришга ҳам ҳоли йўқлиги сабабли уйда даволашга қарор қилган.
Қайд этилишича, жабрланган аёл руҳан эзилган, овқат ейишни, ҳеч ким билан гаплашишни хоҳламасди. «Ички ишларга борсам, шаҳар бўйлаб роса югуртиришини билардим. Мени эса ҳатто овқат ҳам чайнай олмасдим, ҳаммаёғим шишиб, оғрирди», — деган воқеа ҳақида «Сукут сақлама» лойиҳасига сўзлаб берган жабрланувчи.
Уйда ўтирган Марина Ивановна одамларга панд бериб, ишдан қолаётганини ўйлаб сиқилган. Орадан бир ҳафта ўтгач, ўзи ишлайдиган ўқув марказига маъруза ўқиш учун келган. Ҳамкасблари ва ўқувчилари унинг аҳволини кўриб даҳшатга тушган. «Тезда ички ишлар идорасига хабар беринг, буни шундай қолдириб бўлмайди!», деган улар. Уларнинг барчаси жиноятчи топилиб, жавобгарликка тортилишига ишонган. 18 сентябрь куни жабрланувчи аёл ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиб, содир бўлган воқеани батафсил баён қилган.
Тергов органларининг хатти-ҳаракати
Аёлга 4 кун давомида турли эркакларнинг суратлари кўрсатилган. Бир куни кечки пайт тезкор ходимлар унга қўнғироқ қилиб, кўчага чиқишни сўраган. Подъезддан чиққан Марина Ивановна бир неча кишини кўрган. ИИБ ходимлари улар орасида ҳужум қилган йигит бор, йўқлигини кўрсатишини сўраган. «Қаҳрамонимиз эсанкираб қолган. Наҳотки бизнинг мамлакатда жиноятчининг шахсини аниқлаш ишлари, тегишли тартибда сир сақланмасдан, тўғри жабрланувчининг уйи олдида ўтказилади?», — деган савол ўртага ташланган «Сукут сақлама» лойиҳасида.
23 сентябрь куни жабрланувчи ИИББга чақирилиб, яна бир неча кишиларнинг суратлари кўрсатилган. Улар орасида ўша кунги йигитнинг ҳам сурати бўлган. У воқеа қайд этилган кузатув камералари орқали топилган. Аёл унга ҳужум қилган йигит анча ёшлигига гувоҳ бўлган. У аёлдан ундан, тахминан, уч баравар кичик бўлиб, том маънода невараси тенги эди.
Сурат орқали шахси аниқлангандан кейингина тезкор ходимлар жабрланувчига тиббий текширувдан ўтиши кераклигини айтган. «Наҳотки тажрибали тезкор ходим бундай текширув имкон қадар тезроқ ўтказилиши кераклигини билмайди?», деб савол берилган «Сукут сақлама» лойиҳасида. Ариза ёзилганидан 6 кун, воқеа содир бўлганидан эса қарийб 2 ҳафта вақт ўтган.
Тиббий кўрикдан сўнг ишни терговчига топшириш арафасида тезкор ходимлар жабрланувчи ҳали суд-тиббий экспертизасидан ўтмаганини эслайди ва уни суд-тиббий экспертиза марказига юборади. Шифокор аёлни кўздан кечириб, унинг ҳолатини енгил тан жароҳати, деб баҳолайди.
Аёл суд-тиббий экспертизадан қайтгач, уйига гумонланувчи йигитнинг бувилари бўлган икки аёл келади ва йиғлаб, невараси маст бўлганини айтиб, уни кечиришни сўраб, ёрдам таклиф қилади. Марина Ивановна буни рад этиб, эшикни ёпади. У ҳайрон қолади: «Ҳужум қилган йигитнинг қариндошлари манзилимни қаердан олди? Уларга менинг исмимни ким айтди?». Бир неча кундан сўнг уйига гумонланувчининг опаси бир эркак билан келади. Аёл уларга эшикни очмай, кетишларини сўрайди.
Аёл тергов кейин қандай давом этганини билмайди — унинг чўзилиб кетганини сайловолди жараёни билан изоҳлашади. 21 октябрь куни Марина Ивановна гумонланувчи билан юзма-юз учрашишга чақирилади.
Йигит ва унинг адвокати воқеани умуман бошқача изоҳлайди: «Аёл йигитни ҳақорат қилган, кейин эса сабабсиз урган. Йигит маст бўлгани учун ҳеч нарсани эслай олмайди, бироқ дастлаб жабрланувчини севган қизи билан адаштириб юборгани эсида». Адвокатнинг сўзларига кўра, Марина Ивановна ўзига ўзи зарар етказган бўлиши мумкин. У, шунингдек, аёлни воқеа жойида гувоҳларни кутмаганликда, 102 ёки 103 га қўнғироқ қилмаганликда айблаган.
«Мени, кап-катта аёлни ҳақорат қилганликда, ҳаммасини тўқиб чиқарганликда айблашди! Нима учун адвокатлар туҳмат қилганлик учун жавобгарликка тортилмайди?», — деган жабрланувчи аёл «Сукут сақлама» лойиҳасига қилган мурожаатида.
Қайд этилишича, тергов ҳали якунланмаган, ҳужумдан кейин аёлнинг соғлиғига янги таҳдидлар пайдо бўлди: офтальмолог чап кўз контузиясини, нейропатияни, чап кўз артериал гипертензиясини аниқлади. Айнан ўша жойга йигит мушт туширган. Олдинда невролог ва невропатолог текшируви турибди. Афтидан, соғлиғига етказилган зарар унга бир неча ой, ҳатто бутун умрга татигулик. Аммо суд-тиббий эксперти буни енгил тан жароҳати деб баҳолади, терговчи эса қайта экспертиза тайинламаяпти. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?