22:43 / 07.11.2021
2 162

Ҳайкалга миллиардлар, чангда қолган Тошкент, блокланган тармоқлар – блогерларнинг ҳафта мавзулари

Ҳайкалга миллиардлар, чангда қолган Тошкент, блокланган тармоқлар – блогерларнинг ҳафта мавзулари
Якунланган ҳафтада ҳам ўзбек блогосфераси қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Kun.uz блогерларнинг ҳафта мавзуларини тўплади.

Ҳафта муҳокамаси: ҳайкалга кутубхонадан кўра 4 баробар кўп пул сарфланади

Дастлаб Davletov.uz канали Тошкент вилояти ҳокими фармойиши билан Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокировага эҳтиром кўрсатиш мақсадида ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ишлари учун 28 млрд 400 млн ажратилиши борасида ёзди.

Шундан сўнг бошқа блогерлар ҳам бу масалага эътибор қаратди. Хусусан, Bakiroo канали муаллифи шундай деди: “Одатда бюджетнинг орттириб бажарилган қисми чайишга, ҳокимтўра ё амалдорларнинг эҳтиёжларига ёки шунақа оламшумул қийматлардаги ишларга сарфланади”.

Шунингдек, у шунга ўхшаш бошқа кейсга эътибор қаратди.

“Тошкент шаҳар ҳокимияти бюджетнинг орттириб бажарилган қисмига Пушкин ҳайкали жойлашган майдон ва унинг теграсини 35,5 млрд сўмга таъмирламоқчи. Бу майдон ва унинг атрофидаги бинолар 5 йил аввал капитал таъмирланганини ким ҳам эслайди? Хотираси калталар учун эслатма мана бу ерда. Пул борми? Уни албатта ўзлаштириш керак. Қанча қиммат бўлса, шунча яхши!” – дейди у.

Зафар Солижонов амалдорларни халқнинг пулини фойдали нарсаларга сарфлашга чақирди.

“Ғалаба паркида Зулфия Зокирова ва унинг яқинлари учун ёдгорлик мажмуаси бор-ку. Нега яна ҳайкал? Бугун президент қўл қўйиб қасам ичган Қуръони Карим (Ҳашр сураси 10-оятни эсланг) ва ҳадислар (Усмон ибн Аффон р.а.дан келган ҳадис) бўйича вафот этганларни дуо қилишга буюрилганмиз, ҳайкалбозликкамас. Уларнинг авлодига яхшилик қилинса ҳам жамоатчилик эътироз билдирмаса керак, фикримча. Халқники ҳеч кимники дегани эмас. Пулимизни муҳимроқ соҳаларга йўналтиринглар. Бунақада 2025 йилга бориб ўқитувчи ойлиги 1000 долларга етишига ишонасизми?” – деб ёзди у.

Ҳафта воқеаси: чангда қолган ва дарахтсизлик жабрини тортган Тошкент

“Заметки экономиста” канали муаллифи ўтган ҳафтада энг кўп муҳокама қилинган чангда қолган Тошкент мавзусида қизиқ пост жойлади.

“Тошкент ва бошқа бир қанча шаҳарларда бугунги чанг бўроннинг сабаби Уралдан келган вақтинча шамол эмас. Асло. Шамол Уралдан, Қизилқум чўлидан, жанубдан ёки Марсдан келишининг аҳамияти умуман йўқ. Қаердан келса ҳам шаҳар экотизими буларни ўз ичига “ютиб” юбориши ва шаҳар аҳолиси учун табиий фильтр ролини ўйнаб бериши керак эди.

Шунинг учун чанг бўрон кўтарилиши ва ҳаво ифлослигининг энг асосий сабаби – бу табиат билан ўйнашиш, экотизим мувозанатини бузишдир. Аслида географик жойлашувимизнинг ўзи жуда оғир. Унинг устига ўз қўлимиз билан (имзо билан, бензопила билан, бетон билан) шаҳарларимизни яшашга яроқсиз ҳолга келтиряпмиз. Қандайдир бир тийинга қиммат бинолар ва бетон устига қурилган кўнгилочар жойлар деб дарахтларни аёвсиз кесяпмиз, кўлларимизни қуритяпмиз, боғларимизни қириб ташлаяпмиз. Ҳамма жойга бетон қуйилган, ариқлар қуриган, дарахтлар ўлган. Шу камлик қилганидек яна 6-8 полосалик йўллар қуряпмиз. Шунинг учун бугунги чанг бўрондан, нимага ундай бўлаётганидан баъзилар ҳайрон бўлиши таажжубли. А, нима, сиз бошқа натижани кутганмидингиз?” – деб ёзди у.

Блогер Шаҳноза Соатова чангли бўрон воқеасидан кейин Экопартияни фаолликка чақирди.

“Ҳозир гапинг ўтадиган, сўзинг салмоғи ортган, табиат ўзи сен томонда турган кунлар. Пайтдан фойдалан, Экопартияжон. Ҳадемай янги сайлов келиб қолади, бу галгисига одамлар янада сиёсий фаол, саволлар янада ўткир бўлади. Ўзлигинг намоён қил. Табиатга фойданг тегсин, ўзингга ҳам!” – деб ёзди у ўз блогида.

“Оқибатлар билан эмас, сабаблар билан курашиш керак” – блогер Хушнуд Худойбердиев ижтимоий тармоқлар блокланишига оид фикрларини ёзиб қолдирди

“Ижтимоий тармоқлар блоклангач, бирдан масалага президент аралашди, “Ўзкомназорат” раҳбари ишдан олинди, блоклар олиб ташланди. Бир қараганда ҳаммаси зўр, барчаси ажойиб, шундай эмасми?

Аммо биз оқибатлар билан курашяпмиз, холос. Яъни ижтимоий тармоқларнинг блокланиши — аслида аввалроқ қабул қилинган хато қарорнинг оқибати. Хўш, унда бунинг сабаби қаерда?

Қонунни қабул қилган бошқалар, жабрини тортган ижрочилар.

Аслида бу машмашаларнинг барчасига “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун сабабчи. Янада аниқроқ айтсак, 2019 йилда қабул қилинган бу қонуннинг ўзи ёмон эмас. Унда шахсий маълумотларга оид кўп фойдали қоидалар белгиланган.

Аммо 2021 йилда, яъни жорий йилнинг январь ойида ушбу қонунга битта кичкина модда қўшилди. Янги қўшилган 27-1-моддада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари билан ишлайдиган тизимлар серверларини Ўзбекистонда ўрнатиши талаб қилинадиган бўлди. Ким серверини Ўзбекистонда ўрнатишга рози бўлмаса, унда блокланадиган бўлди.

Кўряпсизми, кечаги машмашаларнинг барчаси аслида қайсидир Ғолибшер исмли ижрочининг ўзбошимчалигидан эмас, балки 150 нафар депутат қабул қилиб, 100 нафар сенатор маъқуллаб, кейин имзоланган қонун сабабли бўлмоқда”, – деб ёзди блогер.

У шу ҳафта содир бўлган блоклаш машмашасини ва кўрилган чорани оғриқ қолдирувчи дори, аммо касалликнинг ўзини тузатмайди дея баҳолади.

Блогер фикрларини ҳаммасига сабабчи бўлган қонунни қайта кўриб чиқиш лозимлиги билан хулосалади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ҳайкалга миллиардлар, чангда қолган Тошкент, блокланган тармоқлар – блогерларнинг ҳафта мавзулари