20:13 / 05.01.2022
1 607

Кўп квартирали уйларга оид янги қоидалар белгиланди, нималар ўзгаради?

Кўп квартирали уйларга оид янги қоидалар белгиланди, нималар ўзгаради?
Ҳар бир кўп квартирали уй учун тўловларнинг алоҳида ҳисоби юритилади, 24/7 режимида ишлайдиган авария-диспетчерлик хизмати ташкил этилади.

Кўп квартирали уйларга оид янги қоидалар белгиланмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги.

Қарорга мувофиқ:

- кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлаш учун бошқариш органи томонидан ҳар бир кўп квартирали уй учун мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг алоҳида ҳисоби юритилади.

Мисол учун, 18-сон кўп қаватли уйдан йиғилган “квартплата” 19-сон уй учун сарфланишига йўл қўйилмайди ва бу ишлар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан назорат қилинади. Шунингдек, аҳоли томонидан бошқарув органларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан ҳам инспекцияга шикоятлар юбориш имконияти яратилиб, ижроси ҳақида ҳам ҳисобот бериб борилади;

- кўп квартирали уйда умумий мол-мулкнинг талаб даражасида сақланишини таъминлаш учун зарур бўлган хизматлар ва ишларнинг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланган минимал рўйхат асосида кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида тасдиқланади;

- бошқариш органлари томонидан кўп квартирали уйларда авария вазиятларини бартараф этувчи 24/7 режимида ишлайдиган авария-диспетчерлик хизмати ташкил этилади, бунга молиявий имконияти ёки моддий-техника базаси етарли бўлмаган тақдирда, авария-диспетчерлик хизмати кўрсатувчи бошқа ташкилотлар жалб қилиниши мумкин;

- кўп квартирали уйни бошқариш органи томонидан доимий равишда жой мулкдорларининг сўровномаси асосида коммунал хизматларнинг ҳажми (миқдори), умумий мол-мулкни сақлаш мақсадида сарфланган харажатлар тўғрисидаги маълумотлар бериб борилади;

- бошқариш органлари томонидан кўп квартирали уйларни бошқариш биллинг тизими орқали амалга оширилади. Натижада:
  • мажбурий бадаллар ҳисоби хонадонлар кесимида юритилади ва тўлов бўлганлиги тўғрисидаги маълумот фойдаланувчининг мобил телефонига қисқа хабар (СМС) шаклида юборилади;
  • бошқарувчи органларга мурожаатларни электрон шаклда юбориш мумкин бўлади ва уларнинг ижроси мутасадди органлар томонидан назорат қилинади;
  • ҳар бир мулкдорда биллинг тизими орқали онлайн тартибда уй-жой мулкдорларининг умумий йиғилишини ўтказиш учун мулкдорларни чақириш имконияти бўлади;
  • уй-жой мулкдорлари ўртасида сўровномалар ўтказилиб, бошқариш органи фаолияти тўғрисидаги фикр-мулоҳазалар онлайн таҳлил қилинади ва шу тариқа кўрсатилган хизматлар сифати аҳоли томонидан баҳоланади.

Вазирлик матбуот хизматининг хабарига кўра, бошқариш ташкилотлари электрон рейтингида жами тўпланадиган баллнинг 60 фоизи аҳоли томонидан билдириладиган фикр-мулоҳазаларга асосланади.

Мулкдорларга бошқарувчи орган томонидан бажарилган ишлар, ҳар олти ойда мажбурий бадаллар, тўловларнинг тушуми ва уйни бошқариш бўйича харажатлар тўғрисидаги ҳисоботлар онлайн етказилади. Бунда аҳоли квитанцияни юклаб олиш орқали ҳисоб-фактура билан ҳам батафсил танишиши мумкин", - дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш чоралари кўриб чиқилиши борасида жорий йилнинг апрел ойида маълум қилинганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Кўп квартирали уйларга оид янги қоидалар белгиланди, нималар ўзгаради?