09:30 / 07.01.2022
1 539

Ўзбекистон халқаро очлик рейтингида 21-ўринни эгаллади

Ўзбекистон халқаро очлик рейтингида 21-ўринни эгаллади
Global Hunger Index 2021 йил учун халқаро миқёсдаги очлик индексини эълон қилди. Рейтингда Ўзбекистон 21-ўринни қайд этди.

Маълум қилинишича, 2021 йилги рейтинг 135 та мамлакат маълумотлари асосида тузилган. Уларнинг 116 тасида рейтингга кириш учун талаб қилинадиган кўрсаткичлар етарли бўлган. 19 мамлакат маълумотлар камлиги учун рейтингга киритилмаган. Шунингдек, баъзи юқори даромадга эга давлатлар ҳам рўйхатда мавжуд эмас.

Индекс ҳар бир мамлакат учун тўртта кўрсаткични жамлаш орқали аниқланади:
- тўйиб овқатланмайдиган аҳоли улуши;
- беш ёшгача бўлган вазни меъёрдан паст болалар улуши;
- беш ёшгача бўлган бўйи меъёрдан паст болалар улуши;
- беш ёшгача бўлган болаларнинг ўлим даражаси.

Очлик даражаси 100 балли шкалада ўлчанади. Бунда 0 — энг яхши натижа (очликнинг йўқлиги), 100 эса — энг ёмон.

Рейтингда Беларусь етакчилик қилган. Кучли бешликдан Босния ва Герцеговина, Бразилия, Чили ва Хитой ўрин олган. Уларнинг барчасида очлик даражаси 5 баллдан кам. Ўзбекистон эса энг яхши деб топилган 48 мамлакат ичида 5,9 балл билан 21-ўринда қайд этилган.

Рейтингнинг энг пастки ўрнида 50,8 балл билан Сомали кўрсатилган ва ягона қизил ҳудуд сифатида белгиланган. Рўйхатнинг қуйи қисмида, шунингдек, Сурия, Жанубий Судан, Комор ороллари, Яман каби давлатлар жойлашган.

Рўйхатнинг юқори 50 та мамлакатлари ичида Ўзбекистон ва Беларусдан ташқари, МДҲ давлатлари орасидан Россия (6,2 балл — 25-ўрин), Қозоғистон (6,4 балл — 28-ўрин), Украина (6,8 балл — 29-ўрин), Арманистон (7,2 балл — 32-ўрин), Озарбайжон (7,5 балл — 33-ўрин), Қирғизистон (8,6 балл — 40-ўрин) ва Туркманистон (9,7 балл — 48-ўрин) ва Молдова (балл номаълум — 49-ўрин) жой олган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2020 йилги рейтингда энг яхши деб топилган 47 мамлакат қаторида 6,7 балл билан 30-ўринда қайд этилган. 2019 йилда ушбу рейтингда Ўзбекистон 10,7 балл билан 48-ўринда кўрсатиб ўтилган.

2021 йилда Ўзбекистондаги очлик даражаси 2000 йилга нисбатан сезиларли даражада камайган. Таққослаш учун:
2000 йил — 24,4;
2006 йил — 16,9;
2012 йил — 12,7;
2020 йил — 6,7;
2021 йил — 5,9.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистон халқаро очлик рейтингида 21-ўринни эгаллади