14:06 / 02.03.2022
1 954

Ўзбекистонда маҳалла раисларига қўшимча ҳуқуқлар берилди

Ўзбекистонда маҳалла раисларига қўшимча ҳуқуқлар берилди
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги сифатида қайта ташкил этилгани тўғрисида хабар берилганди. Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» каналининг ёзишича, «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинган.

Фармон билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Қўмита оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Оила ва хотин-қизлар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари қўмита билан мажбурий тартибда келишилади.

Фармон билан қуйидаги лавозимлар киритилган:
- Вазирлар Маҳкамасига – Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси;
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига – Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси;
- вилоят ҳокимликларига – ҳоким ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари;
- туман (шаҳар) ҳокимликларига – ҳоким ўринбосарлари – оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари лавозимлари.

Қуйидаги лавозимлар тугатилган:
- маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири;
- маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари бошлиқлари;
- маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари бошлиқлари лавозимлари.
- ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди.

Фармонга кўра, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги нуроний ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, маҳаллалар билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Маҳалла, нуроний ва кексалар масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари вазирлик билан мажбурий тартибда келишилади.

Фармонга кўра, маҳалла раисига қўшимча ҳуқуқлар берилган:
  • маҳалла раиси, жумладан, туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиси, маҳалладаги ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли, ички ишлар органлари таянч пункти профилактика (катта) инспекторларини рағбатлантириш ёки уларга нисбатан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чораларини қўллаш бўйича мазкур ходимларнинг юқори турувчи ташкилотларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиши мумкин.

Шунингдек, 2022 йил 1 июлгача «Маҳалла тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Фармон билан шунингдек, аҳоли муаммоларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ҳал этиш ҳамда мурожаатларни давлат органлари ва ташкилотлари томонидан кўриб чиқишнинг бир-бири билан узвий боғланган тўрт поғонали «маҳалла–туман–вилоят–республика» тизими жорий этилган.

Ўзбекистон, Маҳалла раислари, Қўшимча ҳуқуқ, Нуронийлар, Тақдимнома киритиш

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда маҳалла раисларига қўшимча ҳуқуқлар берилди