15:31 / 21.01.2018
7 198

Ўта глобал муаммо: озон қатлами туйнуклари

Ўта глобал муаммо: озон қатлами туйнуклари
Озон қатлами туйнукларининг кенгайиши ва кўпайиб кетиши инсониятнинг энг янги глобал муаммоларидан биридир. Бу масалага 25 йил олдин британиялик олимлар жаҳон афкор оммаси эътиборини қаратдилар. Кўпчилик «осмондаги бир гап» дея эътибор бермаётган пайтда озон қатламининг аҳамияти, унинг она сайёрамиз ҳаётидаги ўрни нақадар муҳимлиги олимлар томонидан қайта-қайта исботланди.

Озон қатламининг асосий қисми стратосферада, ер юзидан ўртача 15-50 км. баландликда жойлашган. Қутбларда эса бу бор-йўғи 8 км. баландликдан бошланади. 20-километрдан 25 км.гача оралиқдаги 5 км.да озон энг зич жойлашган. Жуда катта қатламни ташкил этса-да, озоннинг зичлиги жуда паст, агар у ер юзидаги ҳаво қадар зичлаштирилса, атиги 3,5 мм.ли жуда юпқа плёнка ҳосил бўлади. Шундай бўлса-да, озоннинг аҳамияти беқиёс.

Озон кислороднинг қариндошидир. Эркин кислород атомлари кислород молекуласи билан бирлашади ва озон пайдо бўлади (О-О2->O3). Озоннинг ўзи жуда зарарли модда, кундалик ҳаётимиз нуқтаи назаридан қаралганда заҳардан ўзга нарса эмас. Қуёш нурлари кислородни бомбардимон қилишидан ҳосил бўладиган бу модда Ер шаридаги жамики жонзотларни, ўсимликларни айни шу қуёшнинг хавфли ултрабинафша нурларидан асрайди. Яъни озон қатлами ер шарининг ўзига хос ҳимоя қалқонидир.

Бу қатламнинг емирилиш сабаблари бўйича бир неча назариялар бор. Аввалига олимлар юқори баландликда учувчи ракеталар, самолётлар таъсирида озон емирилади, деган фикрни илгари суришган. Кейинчалик кимё заводларининг атмосферага чиқараётган зарарли газлари — фреонлар — хлорфторуглеродлар озоннинг энг хавфли кушандалари сифатида эътироф этила бошланди. Шунингдек, хлор ва бромнинг зарарли таъсири натижасида стратосферадаги озон миқдори 10 фоиз камайган, деган тахмин ҳам мавжуд. Озон қатламининг емирилишига нафақат инсониятнинг, балки табиий жараёнларнинг ҳам ўзига яраша салбий таъсири бор. Вулқонлар уйғониши, ер қаъридаги газларнинг ажралиб чиқиши бу қатламдаги туйнукларни кенгайтиради.

Атмосфера таркибидаги озоннинг умумий 0.0001 фоиздан ҳам камроқ. Лекин шу миқдорнинг 1 фоизгагина камайиши хавфли ултрабинафша нурларининг ер юзига етиб келишини 2 фоизга оширади.

Бу ҳолат ўз навбатида қуйидаги муаммоларни келтириб чиқаради:

— қатламнинг емирилиши натижасида катта миқдордаги қуёш радиацияси ер юзига етиб келади;

— инсониятда тери саратони билан касалланиш кескин ортиб кетади. Шифокорлар бу турдаги саратонларни даволаш жуда мураккаблиги ҳақида огоҳлантиришмоқда;

— инсоннинг касалликларга қарши курашувчи иммун тизимида сусайиш кузатилади;

— одамнинг энг муҳим аъзоларидан бири — кўзлар зарарланади;

— ҳосилдорлик пасайиб кетади. Дарахтлар парвариш қилинганига қарамай, қуриб қолаверади. Ўсимликларнинг барглари кичраяди. Бу ўз навбатида кислород манбаи бўлган баргларда фотосинтез жараёнига салбий таъсир кўрсатади;

— қаттиқ ултрабинафша нурлар дунё океанидаги жонзотлар ва ўсимликларни ҳам зарарлайди. Айниқса, озиқ занжирининг етакчи бўғинларида муҳим ўрин тутадиган, радиацияга жуда таъсирчан бўлган планктонлар кўп нобуд бўлади. Юза қатламлардаги сувўтлар ҳам зарарланади.

Жаҳон ҳамжамияти Озон қатламини сақлаб қолишнинг аҳамиятини тушуниб етган ҳолда бир қанча чораларни кўрган ва кўрмоқда. 1987 йилда қабул қилинган Монреал далолатномасида энг хавфли хлорфторуглеродлар рўйхати тузиб чиқилган ва бу моддаларни ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришни ўз зиммаларига олганлар. 1990 йилнинг июнида бу далолатномага қўшимча киритилган. Унга кўра 1995 йилда фреон ишлаб чиқаришни икки баробарга қисқартириш, 2000 йилда батамом тўхтатиш кўзда тутилган. Лекин бу борадаги ишлар ҳаммаси кўнгилдагидай кетган тақдирда ҳам, биринчи ижобий натижа, қилинган меҳнатнинг самараси 2050 йилга борибгина кўринади. Чунки атмосферага чиқариб юборилган миллионлаб тонна хлорфторуглеродлар тугагунларига қадар анча зарар етказиб улгуришади. Атмосферадаги хлор озон парчалинишида ўзига хос катализатор вазифасини ўтайди ва реакцияларга қарамай, унинг миқдори деярли камаймайди. Тугаб битгунига ёки атмосферанинг озон бўлмаган қуйи қатламларига қайтиб тушгунига қадар битта хлор атоми 100 000 та озон молекуласини парчалаб ташлаши мумкин.

Факт! 1998 йилда Шимолий қутб тепасида озон қатламидаги туйнук ҳажми рекорд даражага — 26 млн. кв. км.га етган. Бу бутун бошли Австралия қитъасидан 3 баробар катта майдон деганидир.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўта глобал муаммо: озон қатлами туйнуклари