date

Бўялган “Оnix” эвазига янги машина: Фуқаро ҳаққи тикланди!

Бўялган “Оnix” эвазига янги машина: Фуқаро ҳаққи тикланди!

Пойтахтимизда яшовчи фуқаро томонидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига юборилган шикоят ижобий ечим топди. Унга кўра, фуқаро “Asacar” автосалонидан 221,6 миллион сўм қийматидаги “Onix Premier” автомобилини дастлабки 50 фоиз тўлов асосида харид қилган.

Бироқ, автомобилни газ баллон ўрнатиш учун сервисга олиб борганда, унинг устки қисмида бўялган жойлар мавжудлиги аниқланди. Яъни, харидор янгидек берилган машинада илгари бузилган ёки бўялган қисмлар борлигини пайқаган. Албатта, бу ҳолат автомобилнинг сифатига, бозор қийматига ва ишончлилигига салбий таъсир қилиши мумкин.

Харидор авваламбор автосалон раҳбариятига мурожаат қилган, аммо афсуски, у ерда истеъмолчи талаби инобатга олинмаган ва автомобилни янгисига алмаштириб бериш рад этилган. Натижада, фуқаро Рақобат қўмитасига мурожаат қилиб, автомобил билан боғлиқ 10,5 миллион сўмлик қўшимча харажатларининг қопланишини сўраган.

Мазкур мурожаат асосида Қўмита томонидан “UzAvto Motors" АЖ билан ҳамкорликда ҳолат ўрганилди. Ўрганишлар натижасида, фуқаро ҳақиқатдан ҳам сифатсиз автомобилни қабул қилиб олгани тасдиқланди. Натижада, Рақобат қўмитасининг саъй-ҳаракатлари билан “TOSHKENTDEU” (яъни, Асаcар Аутоцентр дилери) МЧЖ томонидан харидорга янгидан янги “Оnix” автомобили топширилди.

Шунингдек, фуқаронинг 10,5 миллион сўмлик қўшимча харажатлари ҳам тўлиқ қоплаб берилиши таъминланди. Бу эса, Қўмита томонидан истеъмолчи ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинаётганининг яна бир яққол исботи бўлди.

Мазкур ҳолат бошқа истеъмолчиларга ҳам сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак: ҳар бир фуқаро ўз ҳақиқатини талаб қилишга ҳақли. Энг асосийси — қонуний йўл билан, тегишли идораларга мурожаат қилиш орқали.

Қўмита истеъмолчиларни ҳушёр ва фаол бўлишга, харид қилаётган маҳсулотлар сифатига бефарқ бўлмасликка чақирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Бўялган “Оnix” эвазига янги машина: Фуқаро ҳаққи тикланди!