Қозоғистонда 2027 йилгача ҳайдовчисиз таксиларни тижорий асосда йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Digital Bridge форумида маҳаллий Jet Sharing IT-компанияси томонидан тақдим этилган лойиҳа маълум қилинди.
Тизим сунъий интеллект асосида фаолият юритади ва нафақат автомобиль ҳаракатини, балки буюртмаларни тақсимлаш ҳамда нарх белгилаш жараёнларини ҳам автоматик тарзда бошқаради. Дастлабки синовлар учун Alatau City шаҳарчаси танланган, кейинги босқичларда лойиҳа Остана ва Олмаота шаҳарларида ҳам амалга оширилади.
Jet Sharing асосчиси Мейрамбек Абелкасовнинг таъкидлашича, компания 2026 йилда синов босқичини бошлаш ва 2027 йилда тўлиқ ишга туширишни мақсад қилган. Лойиҳа учун энг муҳим техник вазифа — шаҳарнинг юқори аниқликдаги 3D навигацион харитасини яратиш ҳисобланади.
Форум давомида бир қатор инновацион сунъий интеллект лойиҳалари ҳам тақдим қилинди:
Protektor AI — мактаб ва боғчаларда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи тизим бўлиб, ҳозирда Қозоғистоннинг 60 дан ортиқ муассасасида фаолият юритмоқда.
Defect AI — тиббий хатоларни камайтириш ва хизматлар сифатини оширишга қаратилган AI-аудит тизими бўлиб, аллақачон саккизта клиникада жорий этилган.
PocketDot — кўзи ожиз инсонлар учун яратилган инновацион қурилма бўлиб, фойдаланувчиларга Брайл ёзувида хабар юбораш, онлайн тўловлар амалга ошириш ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш имконини тақдим этади.
Шу тариқа, Қозоғистонда сунъий интеллект асосидаги хизматлар ва автоматлаштирилган технологиялар аҳоли ҳаётини янада қулай ва самарали қилиш йўлида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!