09:31 / 07.05.2022
1 261

Италияда Путинга алоқадор деб ҳисобланувчи «Шаҳризода» яхтаси ушланди

Италияда Путинга алоқадор деб ҳисобланувчи «Шаҳризода» яхтаси ушланди
Фото: AFP
Терговчилар Путинга алоқадор деб ҳисоблаган суперяхта Европа иттифоқи томонидан хатловга олиш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар сақланади, деб хабар берди Италия расмийлари.

Италия ҳукумати 6 май, жума куни Алексей Навалнийнинг тарафдорларига кўра, аслида Россия президенти Владимир Путинга тегишли бўлган «Шаҳризода» суперяхтасини ушлади.

Яхта Марина-ди-Каррара портида ушланди. Италия Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарида яхтанинг кимга тегишли эканлиги айтилмаган. Расмийлар фақатгина Италия молия полицияси томонидан олиб борилган текширувларда кеманинг Европа иттифоқи санкциялари остидаги Россия ҳукумати юқори мартабали амалдорлари ва шахслари билан «муҳим иқтисодий ва бизнес алоқалари» борлиги аниқланганини билдирди.

Италия маҳкамасининг пресс-релизида айтилишича, яхта Европа иттифоқи уни хатлаб қўйиш ва ҳақиқий эгасини санкциялар рўйхатига киритмагунига қадар ушлаб турилади.

«Шаҳризода» Кайман оролларида рўйхатдан ўтган бўлиб, ҳақиқий эгаси номаълум бўлган Bielor Asset Limited офшор компаниясига тегишли. SuperYachtFan маълумотларига кўра, кема 700 миллион долларга баҳоланган.

Яхта билан боғлиқ ҳолда Путиннинг исми бир неча бор пайдо бўлган. The New York Times газетасининг тахминича, кема «Яқин шарқдаги миллиардер» ёки «жуда катта алоқаларга эга россиялик - ҳатто Путинга» тегишли бўлиши мумкин.

Март ойида Алексей Навалнийнинг тарафдорлари яхта ва Кремль ўртасидаги алоқани аниқлашга муваффақ бўлган терговни эълон қилди. Суриштирувчи яхта экипажи рўйхатини ўрганиб чиқиб, унинг капитандан ташқари барча аъзолари Россия фуқаролари эканини аниқлади. Уларнинг ярми Федерал хавфсизлик хизмати билан боғлиқ бўлиб чиқди.

«Бу яхтанинг Путинга тегишли эканлигига бундан яхши далил топа олмаймиз. Ҳатто Москвадан минглаб километр узоқликдаги Италияда ҳам Путиннинг қўриқчилари ва шахсий ходимлари сифатида расман рўйхатга олинган одамлар кемада ишлаяпти», - дея изоҳ берди суриштирув муаллифлари. Улар ҳам Путинга қарши Европа иттифоқи санкциялари киритилгани туфайли яхтани хатловга олишни талаб қилган.

Яхта экипажининг собиқ аъзоси ҳам The New York Times’га яхта ҳақиқатан ҳам Путинга тегишли экани бортда тез-тез муҳокама қилинганини айтди. Март ойида Италиянинг La stampa газетаси Италия ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларига таяниб, яхтанинг расмий эгаси «Роснефт» собиқ раҳбари Эдуард Худайнатов эканини хабар қилган эди.

«Шаҳризода» узоқ вақт давомида узунлиги 140 метрдан ортиқ бўлган 14 та яхта ичида эгаси ошкор этилмаган ягона кема бўлиб қолаётганди. Яхтада олтита палуба, олтита меҳмонлар каютаси, спа-салон, массаж хоналари, сауналар ва спорт зали мавжуд. NYT маълумотларига кўра, кема рақс майдончасига айлана оладиган бассейн билан жиҳозланган.

Яхтада иккита вертолёт майдончаси ва вертолёт учун ангар мавжуд. Бортда учта камин бор: иккита газ ва битта ўтин ёқиладиган камин - «ҳатто суперяхталар учун ҳам жуда кам учрайдиган нарса», деб ёзади Навалнийнинг тарафдорлари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Италияда Путинга алоқадор деб ҳисобланувчи «Шаҳризода» яхтаси ушланди