09:03 / 16.10.2022
1 099

Маск: Россия Украинадаги Starlink интернетини «ўлдириш»га уринмоқда

Маск: Россия Украинадаги Starlink интернетини «ўлдириш»га уринмоқда
Фото: Reuters
Россия Украинадаги Starlink сунъий йўлдош интернетини «ўлдиришга» фаол ҳаракат қилмоқда, деди миллиардер Илон Маск. Унинг таъкидлашича, Starlink ҳозирда украиналик ҳарбийлар фронтда фойдаланаётган ягона алоқа тизимидир.

«Россия Starlink тизимини ўлдиришга фаол ҳаракат қилмоқда. Тизимни ҳимоя қилиш учун SpaceX катта маблағ ажратди. Шундай бўлса-да, Starlink барибир ишдан чиқиши мумкин», деди Маск. Миллиардер Starlink тизимини бошқарадиган SpaceX компаниясига раҳбарлик қилади.

Унинг сўзларига кўра, сунъий йўлдош интернети ҳозирда фронтда ишлаётган ягона алоқа тизимидир.

«Оптик толали кабеллар, телефон линиялари, уяли алоқа миноралари ва жанговар ҳудудлардаги бошқа космик активлар вайрон қилинган. Энди Starlink Украина армияси учун фронтда ягона алоқа воситасидир», деб қўшимча қилди Маск.

Октябр ойи бошида миллиардер Украинада Starlink тизими ишини таъминлаш учун SpaceX 80 миллион доллар сарфлаганини, 2022 йил охирига келиб харажатлар 100 миллион доллардан ошиб кетишини айтди. Шунингдек, Пентагонга Starlink харажатларини ўз зиммасига олишни таклиф қилган эди. 2023 йилда бу харажатлар 400 миллион долларга баҳоланган.

Кейинчалик Маск Украинани яна бир неча минг интернет терминаллари билан таъминлай олмаслигини, улар уй хўжаликларига қараганда 100 баравар кўп маълумотлардан фойдаланишини айтди. «Бу ақлга сиғмайди», деди Маск.

Пентагон Украинадаги Starlink интернети харажатларини қоплаш ҳақидаги таклифни олганини тасдиқлади. Бироқ, қандай чора-тадбирларни кўрмоқчи экани ҳақида хабар бермади.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг