date
views 2 274

Эрон Россияга дронлар етказиб берганини тан олди

Эрон Россияга дронлар етказиб берганини тан олди
Фото: Getty Images
Теҳрон Россиянинг Украинага қарши уруши бошланишидан олдин Москвага чекланган миқдордаги учувчисиз учоқларни тақдим этган, деди Эрон ташқи ишлар вазири. Бироқ дипломат уруш бошланганидан кейин Россияга улар етказиб берилгани ва ракеталар топширилганини рад этди.

Эрон ҳукумати илк бор Россияга учувчисиз учиш аппаратлари етказиб берилганини очиқ тан олди. Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийн Россиянинг Украинага қарши уруши арафасида Теҳрон Москвага чекланган миқдордаги учувчисиз учоқларни тақдим этганини айтди, деб хабар бермоқда IRNA Эрон давлат ахборот агентлиги 5 ноябрь, шанба куни.

Шу билан бирга, Эрон ТИВ раҳбари уруш бошланганидан кейин учувчисиз учоқлар етказиб берилгани, шунингдек, Россия томонига ракеталар топширилганини рад этди. Бир қатор ОАВ хабарларига кўра, Эрон Россия томонидан аннексия қилинган Қримга россияликларни учувчисиз учоқлар билан ишлашга ўргатиш ва техник ёрдам кўрсатиш учун ҳарбийларини юборган.

Бир неча кун аввал Эрон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россиянинг Украина билан урушда Эрон дронларидан фойдалангани ҳақидаги иддаоларни муҳокама қилиш учун икки томонлама учрашувлар ўтказишга тайёрлигини билдирган эди.

Украина ҳарбий қўмондонлиги ва расмийлари аввалроқ Эроннинг бир неча юзлаб Shahed 136 камикадзе-дронларини уриб туширганини маълум қилганди. Киев маълумотларига кўра, Россия дронлардан «Герань-2» номи остида фойдаланмоқда.

Аввалроқ G7 давлатлари ташқи ишлар вазирлари Германиянинг Мюнстер шаҳрида ўтказилган йиғилишда Эронни бошқа давлатлар ва нодавлат ташкилотларга учувчисиз учиш аппаратларини (ҳарбий дронларни) етказиб беришда айблаганди.

G7 давлатлари ташқи ишлар вазирлари баёнотида Эроннинг Яқин Шарқ ва унинг атрофидаги вазиятни беқарорлаштириш ҳаракатлари қораланган.

Унда Теҳроннинг баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, дронлар билан боғлиқ ҳаракатлари қайд этилган. Эрон ҳарбий дронларни бошқа давлатларга етказиб беришда айбланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон Россияга дронлар етказиб берганини тан олди