ACWA Ўзбекистондаги солиқ ислоҳотларини юқори баҳолади

Саудия Арабистонининг ACWA компанияси кузатув кенгаши раиси Муҳаммад Абунейян Ўзбекистонда олиб борилаётган солиқ сиёсати ва хорижий инвесторлар учун шароитларни яхшилашга қаратилган ислоҳотларга ижобий баҳо берди. Бу ҳақда у 28 ноябрь куни Солиқ қўмитаси раиси Фарруҳ Пўлатов билан учрашувда маълум қилди. Мулоқотда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ишбилармонлик кенгашлари вакиллари ҳам қатнашди, деб хабар беради UzDaily.uz.
Муҳаммад Абунейяннинг айтишича, Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар хорижий инвесторлар ва аҳоли учун қулай шароит яратишга хизмат қилмоқда. Унинг таъкидлашича, мамлакат сиёсати нафақат инвестицияларни жалб қилиш, балки уларни самарали ўзлаштиришга ҳам қаратилган.
ACWA раҳбари Солиқ қўмитасининг солиқ маъмурчилиги тизимини тушунарли, шаффоф ва олдиндан прогноз қилиш мумкин бўлган шаклда йўлга қўйиш борасидаги ишини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, бундай шароитлар хорижий компанияларнинг Ўзбекистон бозорига кириш ҳақидаги қарорларига таъсир кўрсатади.
Саудия делегацияси Ўзбекистонда солиқ ставкалари кўп йиллар давомида барқарор сақланиб келаётганини ҳам ижобий баҳолади. Учрашув иштирокчилари бу ҳолат мамлакатнинг хорижий инвесторлар учун жозибадорлигини оширишини таъкидлади.
Компания вакиллари Солиқ қўмитасининг Солиқ кодекси нормалари бўйича тушунтириш материалларини тайёрлаш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлади. Бундай материаллар хорижий компанияларга солиқ талабларини яхшироқ тушунишда ёрдам бериши қайд этилди.
Учрашувда ҚҚСнинг салбий суммаларини қайтариш механизмини такомиллаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. ACWA вакиллари бу жараён импорт операциялари улуши юқори бўлган компаниялар ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган корхоналар учун муҳимлигини таъкидлади.
Саудия Арабистони вакиллари сўнгги ўн йилликда солиқ маъмурчилигини ислоҳ қилиш бўйича тўпланган тажрибалари билан ҳам ўртоқлашди. Улар қонунчиликни такомиллаштириш ва замонавий халқаро ёндашувларни жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди.
Учрашув якунида Муҳаммад Абунейян барқарор солиқ сиёсати, бизнес билан очиқ мулоқот ва хорижий компаниялар учун яратилган шароитлар Ўзбекистонни Саудия инвестициялари учун жозибадор йўналишлардан бирига айлантираётганини айтди.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар



























Изоҳлар0
…