
Россиянинг Украинага бошлаган уруши нафақат украинларни, балки минтақа аҳолисининг тинчини бузди. Бутун дунёнинг десак ҳам хато бўлмайди. Ҳатто россияликларнинг ҳам. Уруш касофати туфайли аввало халқаро савдо алоқалари бузилди. Ортидан рус маҳсулотларига қўйилган санкциялар туфайли газ ва нефть таҳчиллиги бошланди. Нархлар қимматлаб кетди.
Нафақат украинлар, балки россияликлар ҳам ўз юртини ташлаб, бошқа мамлакатлардан паноҳ излай бошлади. Бу жараён айниқса Путин мобилизация ҳақида фармонга имзо чекканидан кейин кескин ортиб кетди. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ижара нархларининг икки баробаргача ортиб кетгани ва бунга россиялик мигрантлар сабаб экани қайта-қайта ёзилди.
«Forbes»нинг «HeadHunter» рекрутинг платформаси тадқиқотига таяниб ёзишича, жорий йилнинг 21 сентябридан 5 октябригача Россия фуқаролиги билан белгиланган фаол резюмеларнинг бир ой давомида энг катта (65%) ўсиши Қозоғистонда кузатилган. Грузияда аризаларнинг сони 48% га ортган. Кучли учликни Ўзбекистон якунлаб, русларнинг резюмелари 47% дан кўпроқни ташкил этган.
Россиядан қочаётган бойларнинг ҳам сони оз эмас. Henley&Partners экспертлари прогнозига кўра, жорий йилда Россияни 15 минг нафар миллионер тарк этиши мумкин.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, 2022 йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистонга жами 318156 нафар Россия федерация фуқаролари кириб келган.
Бошқа юртларга борган руслар ўша ерда тинчгина яшаса ҳам майли эди. Янгидан-янги “саргузашт”лар, ғавғолар чиқариб, ерлик аҳолининг тинчини бузмоқда.
Куни кеча россиялик аёлнинг Тожикистон ички ишлар ходимига кўрсатган хурмача қилиғи ҳақида хабар берган эдик. «Тилингизни тушунмаяпман», тўполон қилган мутакаббир хотин Тожикистон ИИВ томонидан ҳибсга олинди. Бу каби ҳолатларни санаб тугатиб бўлмайди.
Россияликларнинг Туркия давлатига бориши ҳам кескин ортди. Расмий маълумотларга қараганда руслар Туркияга ташриф буюрадиган сайёҳлар ичида етакчилик қилмоқда. Истанбулда ҳам чор-атрофда русча гаплашаётган ажнабийларни учратиш оддий ҳолга айланди. Паркларда, ошхонларда, хиёбонларда – ҳамма ерда уларга дуч келасиз.
Бир неча йилдан бери Туркияда таҳсил олаётган журналист Аброр Машариповнинг ёзишича, Анталья шаҳрида яшаётган россияликлар масжидларда чақирилаётган азон овозини пасайтириш учун петиция бошлабди. “Агар шу хабар рост бўлса, бу сурбетликларига тил ожиз. Меҳмон дегани иззатини билса-да...” деб ўз фикрини қолдирган журналист.
Айни шу фикрларни Youtube’даги влогерлардан бири ҳам таъкидлаб ўтган.
Блогери Саша Коновалова ҳам “2022 йилнинг кузида кўчиб келган россияликларни нима безовта қилаётганини” бирма-бир санаб чиққан.
Почтадаги ҳолат
Туркиядаги почта бўлимида худди бизникига ўхшаб: электрон рақамни олиб, таблода кўрсатилишини кутинг ва дераза олдига ўтинг. Бу ернинг осойишталигини фақат бир рус аёл бузди:
Биринчидан, у битта эмас, балки бутун рақамлар тўпламини олди. Камида 10! Нега?!
Иккинчидан, у почта ходимларининг рус тилини билмаслигидан қаттиқ ғазабланди. Ажойиб!
Рус тилини биладиган турк аёл ёрдамга келди. Ва кейин рус аёл: “Россияда бундай қонунбузарлик йўқ!” Кейин у Россияда ҳамма нарса қанчалик ажойиб эканини ва турк менталитети қанчалик “даҳшат”лиги ҳақида нутқ сўзлади.
Кўча мушуклари ва масжидлар
Интернетда бир қиз қўшниси ҳовлида кўча мушукларини емиш бераётганидан шикоят қилади: “Бу мушуклар ахлатхонага бориши аниқ! Йиртқич, йиртқич!”
Айтинг-чи, нима қилиш керак? Жиддий эмасми? Турк мушукларига сиз келгансиз. Айнан сиз бобо кўп йиллар давомида барчанинг севимлиларини очликдан қутқариб келаётган уйга келгансиз. У нима қилиш кераклигини сўрайди... Россияга қайтишни маслаҳат берган бўлардим.
Азон овози
Кўпчилик ҳали ҳам бомдод азонидан нолийди. Бундан ташқари, улар буни очиқчасига ва уялмасдан айтадилар. Кундузи масжид ёнидан ўтиб, кўзларини намойишкорона айлантириб: "Саҳар пайти бизни безовта қилади булар!" дейди.
Буларнинг барчаси турк маданиятига ҳурматсизликдир. Маҳаллий аҳоли ҳар доим мушукларни ҳурмат қилган ва ҳимоя қилган. Азон айтиш эса мусулмонлар орасида энг муҳим одат ҳисобланади. Чет элга келиб, маданиятини танқид қила олмайсиз!
Россия шикоятлари
Мен шахсан бир неча марта эшитганман, телеграм чатларида ва постларим остидаги изоҳларда ва бошқа салбий нарсаларни ўқиганман. Иқтибос келтираман:
“Турклар МИР карталаримизни ўчириб қўйишди. Биз буларга пул олиб келамиз, лекин булар бизга хизмат қилмайди”.
“Мева бозорида бундай қоплар ифлос! Ва улар қўллари билан пишлоқни синдириб, синаб кўришади. Уҳ!".
“Кафедаги хизмат нолга тенг. Москвадан кейин Истанбулда – узоқ қишлоқдаги каби".
“Ҳамма қандай жирканч ишлайди! Турклар жуда дангаса! Ҳатто давлат муассасаларида ҳам қандайдир тартибсизлик бор”.
“Хизмат кўрсатиш соҳасида ҳеч ким рус тилини билмайди – на сотувчилар, на официантлар. Баъзилар ҳатто бузилган инглиз тилида гаплашмайди. Бу қандай?!".
"Буни эшитиш ва ўқиш мени оғритади. Энг ёмони, турклар одатда рус тилини тушунадилар. Буни эшитиш улар учун қанчалик ёқимсиз эканини тасаввур қила оласизми? Турклар бизни қабул қилишди ва ҳар доим ёрдам беришга тайёр. Ва уларга худди чўчқа каби...
Мен ўз устави билан бировнинг ибодатхонасига кирадиган одамларни мутлақо тушунмайман. Ахир, турклар бизни чақириб келмади – биз ўзимиз келдик. Менимча, урф-одатларни, маданиятни, маҳаллий халқни ҳурмат қилиш керак. Агар сизга ёқмаса, Россияга қайтинг. У ерда азон уйқунгизни бузмайди, МИР карточкалари ишлайди, почтада русча гаплашади. Ва бу ҳақда нима деб ўйлайсиз?”.
Албатта бу фикрлар билан ҳар бир россиялик шунақа деб умумий тамға уришдан йироқмиз. Бироқ томчида уммон акс этгани каби, шамол бўлганки, дарахтнинг учи қимирлашга тушган.
Дарҳақиқат, рус блогерининг ёзганларида жон бор. Ўз юртингни ташлаб бошқа давлатга келдингми, бу ердагилар билан ҳисоблашишга, маҳаллий урф-одатларни ва ерлик аҳолини ҳурмат қилишга мажбурсан. Ёқмаса, катта кўча!
Қолаверса, ўз ватанингга ишлаш учун келган осиёлик меҳнат мигрантларини “черний” деб таҳқирлагани каби турклар “келгиниди” ва ё қочоқ деб ерга урмаётгани бўлса...
Ёмоннинг бир қилиғи ортиқ, деб бекорга айтишмаган экан...
Абдулазиз Муборак
Манба: Azon.uz

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар