Эрдоған Суриядаги операция бошланишидан олдин Путинга ультиматум қўйди

Эрдоған Суриядаги операция бошланишидан олдин Путинга ультиматум қўйди
“Туркия Россия ва АҚШ олдига шарт қўйди – Сурия демократик кучлари қўшинлари Сурия шимолида жойлашган Манбиж, Тел-Рифат ва Айн ал-Араб шаҳарларидан олиб чиқилиши керак. Шунда Анқара Сурия еридаги ҳарбий амалиётдан воз кечади“, деб ёзади Ал-Жазира.

Унга кўра, Туркия курд қўшинларининг бу шаҳарларни тарк этиши учун муддат белгилаган.

Қўшма Штатлар муқобил йўлни таклиф қилди: Сурия демократик кучлари иттифоқини қайта қуриш ва Манбиж, Тел-Рифат ва Айн ал-Арабни бошқаришда араб аҳолисига кўпроқ рол бериш.

Россия эса Туркияга жавоб шартларни илгари сурди: Туркиянинг Украина билан боғлиқ муайян қадамлари эвазига, Москва Сурияда Туркияга сиёсий ён беришга тайёр. Бироқ у Анқаранинг қандай қадамлари ҳақида гапираётганига аниқлик киритмади.

Бу шартлар бажарилса, Россия Туркия томонидан қўшинларнинг кириб келишини осонлаштириш учун Ҳалаб ва Айн ал-Арабнинг айрим ҳудудларидан назоратни олишга розилик берди, дея қўшимча қилди “Ал-Жазира” манбаси.

Анқара расмийлари 13 ноябрь куни Истанбулдаги пиёдалар учун мўлжалланган Истиқлол кўчасида содир этилган терактда Курдистон ишчилар партиясини айблади. Лекин партия бу айбловларни рад этди. 20 ноябрь куни Туркия Сурия шимоли ва шимоли-шарқида Курдистон ишчилар партияси курд бўлинмаларига қарши “Қилич тирноқ” операциясини бошлади.

Туркия Ҳалаб, Ал-Ҳасаки ва Раққа вилоятлари қишлоқларидаги курд бўлинмаларининг позицияларига ҳаво ва артиллериядан зарбалар берди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдоған яқин орада турк қўшинларининг қуруқликдаги операцияси бошланишидан огоҳлантирди.

Эрдоған, шунингдек, Россияни минтақадаги мажбуриятларини бажармаганликда айблади. Унинг эслатишича, 2019 йилдаги Сочи келишувига кўра, Россия Ироқ ва Сурия шимолини террорчилардан тозалаш учун жавобгардир. “Улар ҳудудни террорчилардан тозалашга мажбур эдилар. Афсуски, бу ҳақда кўп марта эслатганимизга қарамай, улар бу ишни қилишмади”, — деди Туркия раҳбари Daily Sabah газетасига берган интервюсида.

Гап Владимир Путин ва Эрдоған ўртасидаги учрашувда эришилган келишув ҳақида кетмоқда. Унга кўра, минтақада ўт очишни тўхтатиш режими ўрнатилиши, Россия ва Туркия биргаликда ҳарбий патрул ўтказиши керак эди. Бундан ташқари, Эрдоғанга кўра, курд қўшинларини Туркия чегарасидан узоқлаштириш шарти қўйилган. Уларни олиб чиқишда Россия ҳарбий полицияси ва Сурия чегара хизмати ёрдам бериши керак эди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар