
Қадимиц қўрғон / Фото: Getty Images
ЮНEСКО экспертлари учун Туркия ва Суриядаги зилзиланинг тарихий ва маданий обидаларга таъсирини тўлиқ баҳолаш ҳали ҳам қийин. Бу ҳақда 7 февраль куни ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳида маълум қилинди. Айни дамда БМТнинг таълим, фан ва маданият бўйича махсус агентлиги вакиллари ўзларига келган барча маълумотларни ёзиб оляпти, бу вақти келганда керакли жойга тез ва самарали ёрдам бера олиш учун қилиняпти.
ЮНEСКОнинг Германиядаги вакили Тимм Николаус Шульценинг сўзларига кўра, вазият бўйича тўлиқ ҳисобот учун бир неча кун керак бўлади. ЮНEСКОнинг етакчи мутахассислари ҳудудларга юборилади, бироқ айни дамда одамларга ёрдам бериш устувор вазифадир.
Ҳалабда ёдгорликлар билан боғлиқ вазият жиддий хавотир уйғотяпти: қалъага зарар етган, эски шаҳар деворининг ғарбий минораси қулаб тушган. Ҳалаб миллий музейи деворларида ҳам ёриқлар пайдо бўлган. Ҳалаб ва Хама вилоятларидаги кўплаб тарихий бинолар зарар кўрди.
ЮНEСКО экспертлари Туркиядаги вазият ҳақида гапирар экан, айниқса, Диёрбакир қалъасидаги бир қатор биноларнинг қулаши ҳақидаги хабарлар уларни қайғуга солганини қайд этди. Газиантеп қалъаси жиддий шикастланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Туркия жануби-шарқида ва Сурия шимолида содир бўлган кучли зилзила натижасида 23 миллион одам жабрланган. 8000 га яқин одам ҳалок бўлди. Зилзила сўнгги ўн йилликлардаги энг кучлиси бўлди. Қутқарув ишларига об-ҳавонинг оғирлиги ва минтақада йўлларнинг вайрон бўлгани тўсқинлик қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар