12:00 / 13.02.2023
254

Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 30 мингдан ошди

Туркия ва Сурияда зилзила қурбонлари сони 30 мингдан ошди
Фото: yenisafak
6 февраль куни Туркия ва Сурияда эпицентри Газиантеп яқинида бўлган 7,8 магнитудали зилзила ва ундан кейинги афтершоклар қурбонлари сони 30 мингдан ошди. Туркияда 29 605 киши қурбон бўлди, деб хабар берди Anadolu давлат агентлиги 12 февраль, якшанба куни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш агентлиги AFAD'га таяниб. Сурияда тасдиқланган қурбонлар сони 3575 кишига етди.

Айни пайтда, 11 февраль куни Туркиянинг зилзиладан энг кўп зарар кўрган Қаҳраманмараш вилоятига келган БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс қурбонлар сони «икки баравар, ҳатто ундан ҳам кўпроқ ошади» деган фикрни билдирди. Гриффитснинг фикрича, бу босқичда қандайдир баҳо бериш қийин, чунки табиий офат оқибатида ҳосил бўлган вайроналарни тозалаш керак.

Туркиянинг İHA ахборот агентлигининг 11 февраль куни хабар беришича, Туркия жанубидаги Ҳатай вилоятида табиий офатдан 140 соат ўтиб етти ойлик бола вайроналар остидан тирик ҳолда олиб чиқилди. Бироз олдин худди шу вилоятда икки ёшли қизча қутқариб олинганди.

Вақт ўтиши билан вайроналар остидан тирик одамни топиш имконияти камроқ бўлади. Туркия ҳукумати автотураргоҳлар, стадионлар ва спорт залларида вақтинчалик ўликхоналар ташкил этди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Туркия ва Сурияда 26 миллион киши табиий офат оқибатларини бошдан кечириши мумкин, жумладан, илгари ижтимоий ҳимоясиз деб ҳисобланган беш миллионга яқин киши зарар кўради.

«Иқтисодий йўқотишларни тахмин қилиш қийин», чунки вазият ўзгариб турибди, бироқ улар 2 миллиард доллардан (1,8 миллиард евро) ошиб, 4 миллиард долларга (3,7 миллиард евро) етиши мумкин, деб таъкидлаганди Fitch Ratings.

Агентликнинг таъкидлашича, суғурта компанияларининг йўқотишлари минтақада суғурта қопламасининг паст тақсимланиши туфайли 1 миллиард доллар (930 миллион евро) даражасида бўлиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, даҳшатли зилзила Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг 14 май куни Туркия президенти этиб қайта сайланиш режаларини барбод қилиши хавфи бор. Натижалар унинг ҳаракатлари тезлигига боғлиқ бўлади.

«Фавқулодда вазиятга самарали жавоб бериш давлат раҳбари ва унинг Адолат ва тараққиёт партияси позициясини мустаҳкамлаб, миллий бирдамлик туйғусига ҳисса қўшиши мумкин», деди Teneo халқаро консалтинг компанияси эксперти Волфанго Пикколи. «Агар зилзилага жавоб чоралари муваффақиятли бўлмаса, Эрдўған май ойида бўлиб ўтадиган сайловларда мағлуб бўлиши мумкин», деб башорат қилган Британия Foreign Policy Centre марказидан Эмре Калискан.

АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, 6 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 04:17 да Сурия билан чегарага яқин муҳим саноат маркази Газиантеп шаҳри яқинида 7,8 магнитудали зилзила содир бўлган. Ер силкинишлари Ливан, Ироқ, Миср, Греция, Кипр ва Исроилда ҳам сезилган. Кейинчалик, 7,5 магнитудали иккинчи зилзила ва ўнлаб кучсизроқ афтершоклар содир бўлди, деб хабар қилди USGS. Ер силкинишлари пойтахт Анқара, Адана, Невшеҳир, Газиантеп, Кайсери, Мерсин, Ҳатай каби турли ҳудудларда сезилди.

Туркия огоҳлантиришнинг энг юқори даражаси – тўртинчи даражани эълон қилди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған табиий офат муносабати билан фавқулодда ҳолат ва бир ҳафталик мотам ҳақида маълум қилди.

Туркия ҳукумати халқаро ёрдам сўради ва минтақага ўнлаб мамлакатлардан қутқарув гуруҳлари юборилди. БМТ жабрланганларга ёрдам бериш учун 25 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.

БМТнинг инсонпарварлик юклари ортилган биринчи карвони Сурияга 9 февраль куни кирди, деди Туркия билан чегарадаги Баб ал-Ҳава пункти матбуот котиби Мазен Аллуш.

Бундан ташқари, Арманистон ва Туркия ўртасида қуруқликдаги чегара 35 йил ичида биринчи марта очилди. Туркиянинг Anadolu ахборот агентлигининг 11 февраль куни хабар беришича, Арманистон беш юк машинасида инсонпарварлик ёрдами юборган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг