22:46 / 23.02.2023
279

Истанбулда қулаш хавфи туфайли 300 дан ортиқ уй бузилади

Истанбулда қулаш хавфи туфайли 300 дан ортиқ уй бузилади

Фото: REUTERS/Thaier Al-Sudani

Туркиянинг Истанбул шаҳрида қулаб тушиш хавфи юқори бўлган уйларни бузиш жараёни бошланди. Тезкор сканерлаш усули ёрдамида уларнинг зилзилага бардош бера олмаслиги аниқланган. Бу ҳақда шаҳар мэри Экрем Имомўғли ижтимоий тармоқда ёзди.

«Бу жараённи тезлаштириш ва рағбатлантириш мақсадида хавфли бинолардаги хонадон эгаларига ижара учун қўшимча 4,5 минг лира ажратамиз. Мен барчани бу борада жиддий ҳамкорликка таклиф қиламан», деди у.

17 феврал куни Истанбул маъмурияти зилзила содир бўлганда бир зумда қулаши мумкин бўлган 318 та бинони аниқлаган эди. Уларда 10 минг киши истиқомат қилади.

«Яна 1525 та бино D ва E тоифаларига тегишли - юқори хавф. Биз биринчи навбатда 318 та бино учун режа тайёрладик, уларда 10 минг киши истиқомат қилади - уйлар эвакуация қилинади, хонадон эгаларига квартира ижараси учун товон пули тўланади», деди Истанбул бош котиби ёрдамчиси Бугра Гўкче.

Унинг қўшимча қилишича, шаҳарда тўрт йилдан бери Техник университет билан ҳамкорликда бинолар бардошлигини баҳолаш дастури амалга оширилмоқда. Уч йил ичида расмий идораларга 30 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлса, 6 февралдаги зилзиладан кейин деярли 40 минг ариза келиб тушган.

Аввалроқ, Туркия прокурорлари зилзилада вайрон бўлган уйлар қоидабузарликлар билан қурилганини, хусусан, бетон таркибидаги қум ва шағал аралашмаси талабларга жавоб бермаслигини таъкидлаган эди.


arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг