date
views 205

Серияли қотилликлар гумондори Хойерманн Трампга тегишли корхонадан 200 минг доллар олган

Рекс Хойерманн суд мажлисида. Фото: Newsday
АҚШда Гилго бич серияли қотилликларида асосий гумондор деб қаралаётган архитектор Рекс Хойерманн устидан биринчи суд маҳкамаси ўтказилди. Қўлга олинган вақтида йиғлаб юборган Хойерманн суд мажлисида анча дадиллашиб, унга нисбатан айбловларни асоссиз деб атаган. АҚШда катта шов-шувга сабаб бўлган иш юзасидан янги тафсилотлар пайдо бўлди.

Бестселлерга айланган китоб, Netflix ишлаган кино

Рекс Хойерманн асосий гумондор деб қаралаётган Гилго бич серияли қотиллиги бўйича суриштирув мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлиб, 13 йил давом этди. New York Magazine журналисти Роберт Колкер суриштирув жараёни ҳақида китоб ёзган ва бу асар Америкада чинакам бестселлерга айланиб кетганди. Асар асосида кино ҳам ишлашади. Netflix ҳомийлигидаги Лиз Гарбус томонидан ишланган «Йўқолган қизлар» киноси ҳам машҳур бўлади.

Қотилликлар асосий гумондори чиқинди қутисидаги пицца бўлагидан олинган ДНК намунаси орқали аниқлангач, асосан мана шу эпизод тилга олиниб, гўёки оддий тасодиф 13 йиллик суриштирув учун бурилиш нуқтаси бўлгандек таассурот уйғотаётганди. Аммо аслида суриштирув жараёнини кучайтирган асосий омил маҳаллий полиция, прокуратура ва ФҚБ ходимларидан тузилган катта гуруҳ фақат Гилго бич иши билан шуғуллана бошлагани эди.

Хойерманнинг уйида суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Фото: AP

Бутун дунёда шов-шув бўлган серияли қотиллик жуда узоқ вақтдан буён сирли қолаётгани жамоатчиликда норозилик уйғотгач, маҳаллий ҳукумат иш билан шуғулланувчи ходимлар сонини оширишга қарор қилади. Янги тузилган гуруҳ гумондорлар сонини кескин оширади ва улар орасида «рисоладагидек ва сипо» бўлиб юрувчи архитектор Рекс Хойерманн ҳам тушади. Унинг гумондорлар қаторидан жой олишига акасига тегишли Chevrolet Avalanche пикапини тез-тез ҳайдаб тургани сабаб бўлади. Чунки қотилликлардан бирини суриштириш давомида гувоҳлар воқеа жойи яқинида айнан мана шундай маркали, ранги ҳам Хойерманникига ўхшаган машина кўрганини айтади.

Шунингдек, серияли қотиллик қурбонларидан бири Мелисса Барталеми ишидаги бир эпизод ҳам ишни Хойерманн томонга буради. Гап шундаки, 2009 йил, Бартелеми ўлдирилган куни унинг опасига номаълум эркак сим қоқади ва опасини ўлдиргани, уни ҳам йўқ қилишини айтиб, таҳдид қилади. Кейинчалик бу телефон аппарати ташлаб юборилган. Аниқланишича, ўша қўнғироқ Хойерманн яшайдиган уй атрофидан амалга оширилган.

Хотини ҳам аралашиб қолди

Ишга ўзи билмаган ҳолда Рекс Хойерманнинг хотини Аса Эллеруп ҳам қўшилиб қолди. Гап шундаки, Гилго бичда жасади топилган бир неча аёлларнинг танаси яқинида Хойерманнинг хотинига тегишли соч толаси ҳам топилган. Эллерупнинг ДНКсини аниқлашда ҳам чиқинди қутиси ёрдам берган. У ердан олинган шиша орқали Хойерманнинг хотинига тегишли ДНК намунаси аниқланган. ОАВда ёзилишича, аёлнинг сочи қурбонлар танасига катта эҳтимол билан эри орқали тушиб қолган.

Гумондорнинг хотини Аса Эллеруп
Фото: MEGA

Гумонланувчининг хотини Аса Эллеруп эри қўлга олинганидан кейин қаттиқ тушкунликка тушган ҳолда ОАВ ходимлари билан гаплашишни истамаяпти. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, аёл ажрашиш учун ариза топширган. Шунингдек, жасади яқинидан Эллеруп хонимнинг сочлари топилган уч қурбон ўлдирилган вақтда Хойерманнинг хотини фарзандлари билан штат ташқарисида бўлгани аниқланган. Тергов ушбу аёллар Хойерманнинг уйида ўлдирилган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаяпти. CNN'нинг терговда иштирок этган манбасига кўра, қотилликлар содир этилганда Хойерман оиласи уйда бўлмагани гумондор аёлларни уйига қамаб ўлдирган бўлиши мумкин деган фараз эҳтимолини оширади.

Эд Кемпердан илҳомланганми?

The Sun нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, гумондор Рекс Хойерманн қотилликларни содир этишда америкалик ваҳший қотил Эд Кемпердан илҳомланган бўлиши мумкин.

Серияли қотил Эд Кемпер
Фото: Википедия

Аксар қотилликларни 70-йилларда содир этган Эд Кемпер ўсмирлик вақтида бобоси ва бувисини, кейинчалик онаси ва унинг дугонаси, яна олтин нафар талаба қизни қийнаб ўлдирган. Унга нисбатан уч марта бир умрлик қамоқ жазоси тайинланган. Кемпер ҳақида филм ва сериаллар ишланган, у ҳозир ҳам тирик ва қамоқхонада.

Ҳозирча Хойерманн гумондор деб қаралаётган жиноятларни содир этгани исботлангани йўқ, лекин у интернетда бир нечта аккаунт очиб, кўп марта жинсий зўрлаш, садистик ҳаракатлар бўйича маълумот излаган. Унинг уйидаги компютердан эса шундай мазмундаги видеолар топилган. Кемпер эса ўз қурбонларини мана шундай садистик ҳаракатлар билан қийнаб ўлдиргани аниқ.

Ишга Трамп ҳам «аралашиб қолди»

Рекс Хойерманн иши шундоғам АҚШда катта шов-шувларга сабаб бўлаётганди, аммо унда яна бир эпизод пайдо бўлдики, иш янада «аланга олди». ОАВда ёзилишича, Хойерманга тегишли корхона 2018 йилда собиқ президент Доналд Трампга тегишли бинолардан бирида кичик таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун пул олган.

Trump Building
Фото: Bloomberg

Гап Уолл-стритда жойлашган Trump Building мажмуасидаги 72 қаватли бино ҳақида кетмоқда. 1930 йилда қурилган бу бино ўз вақтида Нью-Йоркда энг баланди бўлган. Трамп уни 1995 йилда 8 миллион доллар эвазига сотиб олган. Таъмирдан кейин бу бино Трампга тегишли энг қиммат объектлардан бирига айланади.

Хойерманн қурилиш ширкати Трампга тегишли бинонинг 17-қаватида баъзи ички деворлар ўрнини алмаштириш ва сантехникани янгилаш билан шуғулланиб, бу учун 205 минг доллар ҳақ олган. Трамп офиси Хойерманн ҳеч қачон собиқ президентга тегишли корхонада ишламагани ҳақида баёнот беришга мажбур бўлди.

Аслида Хойерманнга тегишли қурилиш ширкати Трамп корхонаси билан ишлагани унчалик ажабланарли ҳолат эмас. Чунки ширкат мижозлари орасида Nike, Cipriani, Target, Footlocker каби машҳур брендлар ҳам бор.

Навбатдаги қурбон ҳам аниқланди

Ўтган ҳафтада Гилго бичда топилган ва шахси аниқланмай қолаётган яна бир жасад борасида янгилик пайдо бўлди. Терговга кўра, бу 34 ёшли Карен Вергата бўлган ва уни 1996 йил 14 феврал кунида охирги марта тирик кўришган.

Суриштирув давомида Хойерманн уйидаги ванна ҳам бузиб кўрилган.
Фото: Courtesy Robert Macedonio

Ишни олиб бораётган полиция детектеви Родни Харрисоннинг айтишича, Хойерманн қўлга олинишидан бир ҳафта аввал ҳам ўта шубҳали ҳаракатларни амалга оширишни канда қилмаган. Детектив у навбатдаги қотилликни режалаштирмоқчи бўлган ёки бўлмагани ҳақида аниқ гап айтмаган, лекин «Гумондор қилиши керак бўлмаган ўта хавотирли ҳаракатлар билан машғул бўлган. Хусусан, интернетдаги ғалати қидирувлар орқали...», деган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Серияли қотилликлар гумондори Хойерманн Трампга тегишли корхонадан 200 минг доллар олган
-->