date
views 141

Африка Иттифоқи G20 сафига расман қабул қилинди

Фото: AP Photo

G20 саммитида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Африка Иттифоқини гуруҳнинг доимий аъзоси бўлишга расман таклиф қилди. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги буни саммитнинг асосий натижаси деб атади.

Ҳиндистон Африка Иттифоқини G20 нинг доимий аъзосига айлантиришни таклиф қилмоқда ва ишончим комилки, барча аъзолар бу таклифга рози бўлишади. Барчанинг қўллаб-қувватлови билан Африка Иттифоқини G20 га қўшилишга таклиф қиламан”, — деди Моди саммитнинг биринчи сессиясида.

Бу сўзлардан сўнг Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманян Жайшанкар Комор ороллари президенти ва Африка Иттифоқи раиси Азали Ассумани G20 аъзолари йиғиладиган стол атрофидаги ўринга кузатиб қўйди ва уларнинг олдига Африка Иттифоқи байроғини қўйди.

Янги Деҳлидаги G20 саммити бугун, 9 сентябрь куни очилди ва икки кун давом этади. Саммитга Йигирматалик гуруҳи ва яна тўққизта давлат — Бангладеш, Миср, Испания, Маврикий, Нигерия, Нидерландия, БАА, Уммон ва Сингапур раҳбарлари таклиф этилган. Саммитда, жумладан, АҚШ раҳбари Жо Байден ҳам иштирок этмоқда. Хитой раиси Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин учрашувга келмади.

Африка Иттифоқи — 55 Африка давлатини бирлаштирган халқаро ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, Африка Бирлиги Ташкилотининг давомчиси ҳисобланади. Иттифоқ 2002 йил 9 июлда ташкил этилган.

Аввал G20 таркибига кирган ягона минтақавий ташкилот Европа Иттифоқи эди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Африка Иттифоқи G20 сафига расман қабул қилинди