Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 23 октябр куни Швециянинг НАТО аъзоси бўлишига розилик берувчи баённомани имзолади. Энди у Туркия парламенти томонидан ратификация қилиниши керак.
Аввалроқ, Туркия президенти Швеция пойтахтида Қуръонни ёқиб юбориш билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек, Стокҳолмдан курд қочқинлари ва турк мухолифатчиларини топшириш ҳақидаги талаби қондирилмагани боис, «Швеция НАТО аъзоси бўлишни унутиши» кераклигини айтган эди. Алянс аъзолигига қабул қилиниш учун унинг барча аъзолари розилиги талаб қилинади.
2023 йил июл ойида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Эрдўғаннинг Швеция аризасини қўллаб-қувватлаши ҳақида келишувга эришганини айтди. Бу қарор Туркия раҳбари, Швеция бош вазири Улф Кристерссон ва Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел билан музокаралар якунида қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан кейин Финляндия ва Швеция НАТО аъзоси бўлиш учун ариза берди. 4 апрел куни Финляндия расман Шимолий Атлантика алянсининг 31-аъзосига айланди.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг