2022 йил 24 февралдан жорий йилнинг 30 октябригача 6 ёшдан 17 ёшгача бўлган камида 2442 нафар бола Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларидан Россия орқали Беларусга ноқонуний олиб кетилган. Бу ҳақда 16 ноябр, пайшанба куни АҚШнинг Йел жамоат саломатлиги мактаби қошидаги Гуманитар фанлар тадқиқот лабораторияси (HRL) томонидан чоп этилган ҳисоботда айтилади.
Ҳисобот муаллифлари Беларус ҳудудида уруш пайтида Украинадан болалар олиб кетилган 13 та жойни кўрсатди. Улардан камида саккизтасида болалар «маданий, тарихий, ижтимоий ва ватанпарварлик таълимотлари ёки Беларус ва Россия режимларининг сиёсий манфаатларига хизмат қилувчи ғоялар»ни сингдириш орқали қайта тарбияланган», — дейилади ҳужжатда. Бундан ташқари, тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Украинадан камида олти гуруҳ болалар Беларусда, шу жумладан Беларус ички қўшинлари базасида ҳарбий тайёргарликдан ўтган.
Ҳозирда бу болаларнинг қанчаси Беларус ҳудудида қолаётгани номаълум, дея қайд этади ҳисобот муаллифлари. «Болаларни Украинадан Беларусга олиб ўтишга алоқадор бўлган асосий шахслар ҳеч қандай далилсиз барча болалар Украинага қайтарилганини таъкидлади», дейилади ҳужжатда.
Раҳбарият украиналик болаларни олиб кетишда фаол иштирок этгани айтилади
Беларусдаги ҳукмрон режим Россия раҳбарияти, ўзини «ДХР» ва «ЛХР» деб эълон қилган «ҳокимиятлар» вакиллари, ҳукуматпараст арбоблар ва ташкилотлар билан биргаликда вояга етмаган украиналикларнинг ноқонуний депортациясига фаол ҳисса қўшди, дейилади ҳисоботда. Хусусан, Александр Лукашенко «Украинадан Беларусга болаларни ташишда ҳам давлат, ҳам нодавлат ташкилотларнинг иштирокини маъқуллади, уларни Россия ва Беларуснинг Иттифоқ давлати қўшма бюджети ҳисобидан молиялаштирди», дея даъво қилади муаллифлар.
Украиналик болаларнинг Беларусга олиб чиқиб кетилишига ҳисса қўшган асосий шахслар ва ташкилотлар орасида Йел тадқиқотчилари беларуслик паралимпиячи Алексей Талайни, «Беларуськалий» корхонаси ва «Дельфины» Донецк ногирон болалар ва уларнинг ота-оналари учун жамоат ташкилоти директори Олга Волкованинг номини тилга олган.
Талай фонди аввалроқ «Беларус суриштирув маркази» томонидан Украинанинг Россия томонидан эгаллаб олинган ҳудудларидан болаларни Беларусга ўтказишга ҳомийлик қилувчи ташкилот сифатида тилга олинган. «Беларуськалий» раҳбари Иван Головатий эса, беларуслик мухолифатчи Павел Латушконинг маълумотларига кўра, украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда бевосита иштирок этган.
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг