12:13 / 13.04.2024
690

Эрон: “Агар можарога АҚШ аралашса, америкалик ҳарбийлар нишонга олинади”

Эрон: “Агар можарога АҚШ аралашса, америкалик ҳарбийлар нишонга олинади”
Фото: Reuters
Эрон агар америкаликлар Исроил билан эҳтимолий қуролли можарога аралашса, АҚШ ҳарбийлари Эрон нишонига айланишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда америкалик уч манбага таяниб, Axios хабар берди.

Бу огоҳлантириш бир қанча араб давлатлари орқали Жо Байден администрациясига етказилган. Сўнгги кунларда эронликлар бир қанча араб давлатлари ҳукуматига қуйидагиларни маълум қилган: АҚШнинг узоқлашишга уринишларига қарамай, Дамашқда эронлик генералнинг ўлимига сабаб бўлган Исроил зарбаси учун АҚШ масъулдир.

Огоҳлантиришда гап АҚШ ҳарбийлари Эрондан Исроилга учирилган ракеталарни уриб тушириши ёки Исроил томонида америкаликлар қарши ҳужумда қатнашиши ҳақида кетяптими аниқ эмас. АҚШ разведкасининг умумий баҳосига кўра, Эрон АҚШ қўшинлари Исроилнинг қарши ҳужумларига қўшилсагина уларга ҳужум қилади.

Шу билан бирга, Эрон турли дипломатик каналлар орқали, жумладан, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян ва унинг Буюк Британия, Германия ва Австралиядаги ҳамкасблари ўртасидаги музокаралар чоғида қарама-қарши баёнотлар юборган. Музокаралар ҳақида маълумот берган икки америкалик мулозимга кўра, Эроннинг позицияси анча вазмин ва Теҳрон минтақадаги кескинлашувга йўл қўймаслик учун Исроилга “чекланган” жавоб беришни хоҳлайди.

Бошқа бир манбанинг айтишича, АҚШ Эрон билан тўғридан тўғри Швейцариядаги канал орқали алоқа қилади ва Эрон бу орқали таҳдидлар юбормаган.

Эрон ва Исроил ўртасидаги уруш эҳтимоли

Кенг кўламли уруш бошланиши эҳтимоли Исроил 1 апрель куни Эроннинг Дамашқдаги консуллигига ҳужум қилганидан сўнг бошланди. Ҳужум оқибатида 11 киши, жумладан, 2016 йилгача Ливан ва Суриядаги “Қудс” элита кучларига раҳбарлик қилган Эрон ҳарбий маслаҳатчиси генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий, унинг ўринбосари генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ва яна беш эронлик зобит ҳам ҳалок бўлди. Шунингдек, уч нафар Сурия ва бир нафари Ливан фуқароси вафот этди.

Эроннинг БМТ миссияси зарбани теракт деб баҳолади. Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян мазкур ҳужум муносабати билан Америка жавобгарликка тортилиши кераклигини айтди. Шундан кейин АҚШ разведкаси Исроилни Эроннинг жавоб зарбаларидан огоҳлантирди. Бунинг фонида Исроил бир қатор давлатлардаги элчихоналарини вақтинчалик ёпди ва ходимларга ишга келмаслик сўралди.

АҚШ Марказий разведка бошқармаси Исроил расмийларини “яқинда содир бўладиган оммавий ҳужум” ҳақида огоҳлантирган. Америка расмийларининг таъкидлашича, Эрон камида учта ядровий бомба ишлаб чиқариш учун етарли даражада бойитилган уранга эга. Бу ҳақда расмий маълумот йўқ, аммо Эроннинг баллистик ракеталари Исроилга зарба бера олади.

Нетаньяхунинг Эрон таҳдидига жавоби

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Эроннинг зарба бериш таҳдидига жавобан, улар ҳар қандай сценарийга тайёрликларини айтди.

"Эрон йиллар давомида бизга қарши бевосита ва ўз эмиссарлари орқали ишлади, шунинг учун ҳам Исроил Эрон ҳамда унинг эмиссарларига қарши мудофаа ва ҳужумда фаолият юритди. Ўзимизни қандай ҳимоя қилишни биламиз. Биз оддий тамойил асосида иш тутамиз – бизга зарар етказган ёки шундай қилишни режалаштирган ҳар кимга зарар етказамиз", — деди Нетаньяху.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон: “Агар можарога АҚШ аралашса, америкалик ҳарбийлар нишонга олинади”