09:32 / 14.04.2024
215

Эрон Исроилга ҳужум бошлади. Ўнлаб дронлар учирилган

Эрон Исроилга ҳужум бошлади. Ўнлаб дронлар учирилган
Фото: Reuters
Эрон Исроил йўналишида ўнлаб дронлар учириб, ҳужум бошлади. Бу ҳақда Axios мухбири Барак Равид исроиллик ва америкалик мулозимларга таяниб хабар тарқатди.

Ҳужум бошлангани ҳақидаги маълумотни брифингда Исроил мудофаа армияси спикери Даниэл Хагари ҳам тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, дронлар Исроилга етиб келиши учун бир неча соат вақт кетади.

У ҳарбийлар тайёрланган жавоб режасини амалга ошириб, бир қатор ҳудудларда GPS’ни ўчирганини маълум қилган.

Fars хабарига кўра, Эрон дронлари Ироқ ҳаво ҳудудида ҳаракатланиб, Сурия ва Иордания томон яқинлашмоқда. KAN ҳарбийлар орасидаги манбаларига таяниб, дронлар Исроилга маҳаллий вақт билан 2:30 атрофида (Тошкент вақти билан соат 4:30) етиб боришини хабар қилган.

Politico исроиллик ва америкалик расмийларга таяниб, Эрон Исроил бўйлаб дронлардан ташқари ракеталар ҳам учириши мумкинлигини хабар қилмоқда.

Нетаняҳунинг мурожаати

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу шошилинч мурожаат билан чиқиб, Исроил Эрон томонидан тўғридан тўғри ҳужумга ва унга жавоб қайтаришга тайёрлигини маълум қилди.

"Сўнгги йилларда, айниқса сўнгги ҳафталарда Исроил Эрон томонидан эҳтимолий ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларимиз сафланган, биз ҳимояланишда ҳам, ҳужум қилишда ҳам ҳар қандай сценарийга тайёрмиз. Исроил кучли, Исроил мудофаа армияси кучли, жамият маҳкам. Бизга ким озор етказса, биз ҳам унга озор етказамиз. Биз ўзимизни ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя қиламиз ҳамда буни совуққонлик ва қатъият билан қиламиз", — деган Нетаняҳу.

У Исроил АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа мамлакатларнинг ёрдамини қадрлашини қўшимча қилган.

1 апрел куни Исроил авиацияси Эроннинг Дамашқдаги консуллигига зарба берганди. Ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси аъзолари, жумладан «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони генерал Муҳаммад Ризо Зоҳидий ва унинг ўринбосари, генерал Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ҳалок бўлганди. Шундан кейин Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий «сионист режими жазоланиши»ни айтганди.

11 апрел куни АҚШ президенти Жо Байден Эрон Исроилга зарба бериши мумкинлигидан огоҳлантирди. АҚШ разведкаси ҳисоботларида Эроннинг Исроилга ҳужуми муқаррарлиги айтилган. The Wall Street Journal газетаси ёзишича, АҚШ минтақа мамлакатларидан Эронни вазиятни кескинлаштирмасликка ундашни сўраган. Шундан кейин Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва Ироқ ташқи ишлар вазирлари телефон орқали Эрон ТИВ раҳбари билан гаплашиб, минтақадаги вазиятни муҳокама қилишган.

13 апрел куни Исроил армияси якшанба куни ўқув муассасаларидаги барча машғулотлар (Исроилда бу иш куни) бекор қилиниши ҳақида маълум қилди. Байден Делавэр штатидаги таътилини тўхтатиб, Яқин Шарқдаги вазият юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказиш учун Вашингтонга қайтди. Байден олдинроқ АҚШ Исроилни Эрон томонидан бўлаётган таҳдиддан ҳимоя қилишга ваъда берганди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрон Исроилга ҳужум бошлади. Ўнлаб дронлар учирилган