10:46 / 16.04.2024
95

Тожикистон Туркия фуқаролари учун виза режимини жорий этди

Тожикистон Туркия фуқаролари учун виза режимини жорий этди
Фото: Тurkish Insider
Тожикистон 20 апрелдан Туркия фуқаролари учун виза режимини жорий қилади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, “Ховар” агентлиги хабар берди.

Тегишли қарор ўзаро муносабатлар тамойили доирасида қабул қилинган. “Туркия фуқаролари Тожикистон визасини хориждаги элчихоналар ва консулликларда олишлари мумкин”, — дейилади вазирлик хабарида.

Туркия 6 апрель куни Тожикистон фуқаролари учун визасиз режимни бекор қилиб, улардан 20 апрелдан бошлаб виза талаб этилишини маълум қилди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг фармонига кўра, мазкур чора “Чет элликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисида”ги қонун асосида қабул қилинган.

Визасиз режим доирасида оддий халқаро паспортга эга Тожикистон фуқаролари Туркияга 30 кун давомида визасиз кириши мумкин эди. Хизмат паспорти эгалари учун 60 кунгача, дипломатик паспорт учун эса 90 кунгача визасиз режим амал қилганди. Туркия фуқаролари ҳам Тожикистонда 30 кун визасиз қолишлари мумкин эди.

22 март куни Москва вилоятидаги Crocus City Hall’да юз берган терактдан сўнг, Туркия ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган ИШИД тарафдорларига қарши рейдлар ўтказди. Crocus’даги терактда айбланаётганлар асосан Тожикистон фуқаролари саналади.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан “террорчилик ташкилоти” деб топилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тожикистон Туркия фуқаролари учун виза режимини жорий этди