14:36 / 15.07.2024
152

Афғонистонда энергетик ичимликлар сув ва чой ўрнини эгалламоқда

Афғонистонда энергетик ичимликлар сув ва чой ўрнини эгалламоқда
Фото: The Guardian
Афғонистонда энергетик ичимликларни истеъмол қилиш кескин кўпайди. “Дарё” мухбири вазиятга аниқлик киритиш мақсадида энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчилар ва Мозори Шариф фуқаролари билан суҳбатлашди.

Ҳозирги кунда алкоголсиз ичимликлар Мозори Шарифнинг барча дўконларида кўпайган. Бундан ташқари улар маросим ва тадбирларда сув ва чой ўрнини ҳам аста-секин эгалламоқда. Энергетиклар жисмоний қувватни ошириши ҳақидаги рекламалар одамларни маҳсулотни сотиб олишга ундамоқда. Гарчи ширин ва кофеинли ичимликлар саломатлик учун хавфли бўлса ҳам.

Қувват берувчи газланган ва газсиз ичимликлар Афғонистоннинг тўрт вилояти Қандаҳор, Кобул, Ҳирот ва Балхда ишлаб чиқарилади”, дейди энергетиклар ишлаб чиқарувчи Сайид Фазлуллоҳ Сада.

У бундан 18 йил аввал Афғонистонда ҳеч ким газли энергетиклар ичмагани, эндиликда вазият ўзгариб, одамлар унга ўрганиб қолганини айтмоқда.

Одамлар маҳсулот арзонлиги сабабли ҳам унга қизиқиш билдирмоқда, аммо арзон энергетиклар сифатли эмас, уни ичиш инсон саломатлигига зарар етказади”, дейди Сада.

У халқаро стандартларга асосан салқинлаштирувчи ва газсиз ичимликлар тайёрлаб, Ўзбекистонга экспорт қилишни режалаштираётганини таъкидлади.

Мозори Шарифдаги дўкон эгаси Қиамуддиннинг айтишича, унинг дўконида ҳеч бир товар энергетиклар каби сотилмайди ва даромадининг катта қисми ҳам мазкур савдодан келади.

Коллаж: “Дарё
Ўтган йилларда Ўзбекистон Фантаси шаҳардаги дўконларда Тошкент Фантаси номи билан танилганди, яхши нархларда сотиларди, яъни бир ярим литри 100 афғони (салкам 18 минг сўм) турарди. Лекин ҳозир солиқ юқори бўлгани учун уни ҳеч ким импорт қилмайди, одамларнинг сотиб олишга имкони йўқ. Айрим дўконларда учрайдиган Тошкент Фантаси эса 160 афғони туради”, дейди Қиамуддин.

Мозори Шарифдаги сотувчилардан яна бири Муҳаммад Насимнинг “Дарё” мухбирига айтишича, алкоголсиз ичимликлар ва энергетиклар истеъмоли нафақат шаҳарда, балки қишлоқларда ҳам кенг тарқалган.

Энг ёмони, одамлар касал бўлган беморлар ҳолидан хабар олиш учун газланган энергетиклар ёки алкоголсиз ичимликлар харид қилади”, дейди у.

Мозори Шариф бозоридаги энергетик ичимликлар нархи 15 афғонидан 25 афғонигача (2,5 мингдан 45 минг сўмгача) сотилади. “Дарё” мухбири Афғонистонда ишлаб чиқарилаётган турли энергетик ичимликлар нархи ва номи ҳақида маълумот берди.

Red Bull — 250 афғони (45 минг сўм);
Мunster — 125 афғони (22 минг сўм);
Алокозай, Виктор ва Hit — 33 афғонидан (салкам 6 минг сўмдан) ;
Аtаk — 28 афғони (5 минг сўм);
Power, Ising — 14 афғонидан (2,5 минг сўмдан);
Х-Chargе, А-оnе, Оnе, Giles, Bit, Run, Parwaz ва Меgа — 15 афғонидан (3 минг сўмдан);
Х-Bull, Happy Мunster, Stink — 22 афғонидан (салкам 4 минг сўмдан);
Rani — 21 афғони (салкам 4 минг сўм);

Фото: “Дарё”
Paradator ва Мirandа — 20 афғонидан (3,5 минг сўмдан);
Karabaw ва Ginsing — 46 афғонидан (8 минг сўмдан зиёд);
Boom Boom ва Big Bear — 60 афғонидан (10 минг сўмдан зиёд;
Sunich — 34 афғони (6 минг сўм);
Paramida ва Ruyall анор шарбати —16 афғонидан (салкам 3 минг сўмдан);

Хорижий энергетиклар

Hops (Туркия) — 55 афғони (салкам 10 минг сўм);
Gorilla (Россия) — 80 афғони (14 минг сўм);
Nedru (Россия) — 65 афғони (салкам 12 минг сўм);
Reef (Покистон) — 14 афғони (2,5 минг сўм);
Flash Energy (Ўзбекистон) — 70 афғонига (12,5 минг сўм) сотилмоқда.

Фото: “Дарё”
Авваллари Афғонистонга алкоголсиз ичимликлар хориждан олиб келинган бўлса, ҳозир оила, зиёфат дастурхонлари, ресторанлар, кафе ва дўконларда кўринадиган барча турдаги ичимликлар Афғонистондаги заводларда ишлаб чиқарилмоқда.

Яқинда ҳам Афғонистон Европа ва Осиё мамлакатларига, жумладан, Америка, Россия ҳамда Қозоғистонга барча турдаги энергетиклар, газланган ва газсиз ичимликлар экспорт қилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ўз ҳисоботида энергетик ичимликлар истеъмолининг кўпайиши аҳоли, айниқса, ёшлар саломатлигига таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлайди. Айрим Европа мамлакатларида, масалан, Швецияда болаларга энергетик ичимликлар сотиш тақиқланган.

Буюк Британияда 16 ёшгача бўлган шахслар энергетик ичимликлар истеъмол қилмайди, ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун энергетик ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Узоққа бормайлик, қўшни Қирғизистонда энергетик ичимликлар олиб кириш ва сотиш тақиқланади. Қозоғистонда эса 21 ёшга тўлмаганларга энергетик ичимлик сотиш тақиқланиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистонда энергетик ичимликлар сув ва чой ўрнини эгалламоқда