Фото: AFP
АҚШ президентлиги сайловларига икки ҳафтадан камроқ вақт қолмоқда, социологлар фикрича, республикачи Доналд Трамп ва демократ Камала Ҳарриснинг имкониятлари тахминан тенг бўлиб турибди. Икки номзод ҳам сайловчилар овози учун курашмоқда: якшанба куни Трамп Ню-Йорк марказида катта митинг ўтказди, Ҳарриснинг тарафдорлари эса бу тадбирни америкалик нацистларнинг 1930-йиллар охирида ўтказган акцияларига қиёсламоқда.
Трамп ҳам, Ҳаррис ҳам сўнгги кунларда кампаниясига «юлдузли» артиллерияни жалб этмоқда: ўтган ҳафтада Брюс Спрингстин ва Бейонсе амалдаги вице-президент учун сайловолди ташвиқотида қатнашганди, собиқ президент эса АҚШдаги етакчи подкастчилардан бири Жо Роган билан суҳбат қурди.
Якшанба куни кечқурун Трамп Манҳэттен юрагидаги машҳур Мэдисон-сквер-гарден аренасида митинг ўтказди.
Бу ерда унга энг таниқли тарафдорлари, хусусан, тадбиркор Илон Маск ҳам қўшилди, у шу кунларда Трампни қўллаш учун Пенсилвания бўйлаб сафар қилган ваа унинг кампанияси учун 119 млн доллар ажратганди.
Трампнинг чиқиши бошланишидан олдин унинг рафиқаси Мелания ҳам саҳнага кўтарилди.
«Агар мен ғолиб бўлсам, биз тезлик билан дунё тарихидаги энг буюк иқтисодиётни қурамиз. Менинг олдинги муддатимда айнан шундай бўлганди. Биз тезда инфляцияни енгамиз ва шунчаки Американи яна ҳамёнбоп қиламиз», — деган Трамп ўз чиқишида.
Ню-Йорк Демократик партия танячи ҳисобланади: бу ерда республикачи номзод охирги марта 1984 йилда устун келган. Аммо Трамп учун бу она шаҳри ҳисобланади — у шу ерда ўз бизнесини бошлаган ва ҳозиргача ўз штаб-квартираси саналадиган Трамп-тауэрни қурган.
Миллиардер Илон Маск ҳам Трампни қўллаб-қувватлаш учун келди. Фото: AFP
Танқидчилари Трампни анчадан буён ўз риторикаси билан ултраўнгчиларни даъват қилишда айблаб келади.
Митингда сайловда мустақил номзод сифатида қатнашган ва сентябр ойида пойгани тарк этиб, ўз тарафдорларини Трампни қўллашга чақирган кичик Роберт Кеннеди ҳамда консерватив шарҳловчи ва журналист, Владимир Путиндан интервю олган Такер Карлсон ҳам сўзга чиққан.
Маросимда сўз олганлар рўйхатида собиқ профессионал рестлер Ҳалк Ҳогандан тортиб Ню-Йоркнинг собиқ мэри Руди Жулиани ҳамда Трампнинг ўғилларигача бор эди. Уларнинг айримлари оломонни қиздириш учун ирқчилик ва аёлларни камситиш оҳангидаги иборалардан фойдаланган. Хусусан, Жулиани демократларнинг президентликка номзоди Камала Ҳаррис Исроил-Фаластин можаросида «террорчилар томонида» эканини айтган.
Комик Тони Ҳинчклифф лотин америкаликлар «бола туғдиришни ёқтириши»ни айтиб ҳазиллашган ва АҚШнинг Кариб денгизи ҳавзасидаги Пуэрто-Рико оролини «сузадиган чиқинди ороли» деб атаган. Бундан ташқари, комикнинг репертуарида лотин америкаликлар, яҳудийлар ва қора танлилар ҳақида одобсиз ва ирқчиликка асосланган фикрлар ҳам бор эди, дея хабар қилган АР. Шунингдек, у Ҳаррис ўз фаолиятини фоҳиша сифатида бошлаганини айтган.
Трампнинг болаликдаги дўсти Дэвид Рем Ҳаррисни «антихрист» (дажжол) ва «иблис» деб атаган. Тадбиркор Грант Кардон йиғилганларга қарата Ҳаррис «ва унинг қўшмачи кураторлари АҚШни яксон қилиши» ҳақида гапирган.
Трампнинг ўзи ташқи сиёсат ва иммиграция бўйича таниш сийқаси чиққан гапларини такрорлаб, АҚШ фуқаросини ўлдирадиган ҳар қандай муҳожирни ўлим жазосига ҳукм қилишга чақирган ва лавозимга киришган куни «мамлакатга мигрантлар босқини тўхтатилиши»ни маълум қилган.
Трампга 2016 йилги сайловда рақиблик қилган Ҳиллари Клинтон уни нацистлар тарафдорларининг 1939 йилда, Иккинчи жаҳон уруши арафасида Мэдисон-сквер-гарденда ўтказилган митингини такрорлашга уринишда айблаган.
Ҳарриснинг кампаниядаги шериги — АҚШ вице-президентлигига номзод Тим Уолз ҳам шундай параллел ўтказган. «1930-йиллар ўрталарида Мэдисон-сквер-гарденда бўлиб ўтган митинг билан тўғридан тўғри параллел мавжуд. Шубҳасиз, у улар бу ерда нима қилаётганини жуда яхши тушунади».
1939 йилда Фриц Юлиус Кун бошчилигидаги америкалик нацистлар ушбу залда «америкапарастлик» шиори остида Адолф Ҳитлер режимини қўллаб-қувватлаб митинг ўтказганди.
«У барчаси 1930-йиллардагидек эканини айтибди. Йўқ, бундай эмас, — дея реакция қилган Трамп Мичигандаги митинг вақтида Клинтон хонимнинг сўзларига жавобан. — Бу „Американи яна буюк қилиш“ деб аталади, бори шу».
Мишел Обама Камала Ҳаррисни қўллади
Бу вақтда Камала Ҳаррис сайлов натижаси ҳал қилинадиган муҳим штатлардан бири бўлмиш Пенсилваниянинг йирик шаҳри ва демократлар таянчи Филаделфия бўйлаб сафар қилди.
Камала Ҳарриснинг сайловолди митингида собиқ президентнинг рафиқаси Мишел Обама чиқиш қилди
Олдинроқ номзодлар яна бир иккиланувчи штат — Мичиганда бўлганди, бу ерда Трамп мусулмон сайловчиларга юзланган, Ҳарриснинг Каламазудаги митингида АҚШ собиқ президенти Мишел Обама чиқиш қилганди. Бу собиқ биринчи хонимнинг демократларнинг президентликка номзодини қўллаб илк бор чиқиш қилиши бўлди.
«Умид қиламанки, баъзиларимиз Трампнинг лаёқатсизлигига бефарқлик билан қараб, худди шу вақтда Камаладан кўзни қамаштирар даражада бенуқсон бўлишини хоҳлашингиз мени ранжитишини кечирасиз», — деган собиқ биринчи леди, ҳали бир қарорга келмаган сайловчиларни «ўзлари ичида бўлган тумандан чиқиш»га чақириб.
Кейин Ҳарриснинг ўзи сўз олган, аммо кўп ўтмай оломон ичидагилар «Ғазодаги урушга йўқ деймиз!» деган ҳайқириқлари билан унинг нутқини бўлиб қўйган. Ҳаррис бунга жавобан «Ғазодаги бу урушни тўхтатишимиз керак» деган, кейин сайловчилардан «қўрқув ва тарқоқлик саҳифасини» ёпишни сўраган ҳолда ўз нутқини давом эттирган.
Демократик партиянинг айрим сайловчилари Ҳарриснинг Исроил ва Ҳамас ўртасидаги уруш бўйича позициясидан норози.
Америкалик мусулмонларнинг бир қисми Вашингтон Ғазода Исроил армияси амалиёти оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганини янада кескинроқ оҳангда қоралаши керак деб ҳисоблайди.
Трамп эса Детройт чеккасида нутқ сўзлади ва маҳаллий имомлар гуруҳи билан учрашганини гапириб берди. У ўзи мусулмон сайловчилар қўлловига муносиб эканини, чунки Яқин Шарқдаги можарога барҳам бериб, тинчлик келтиришга қодир эканини айтган. Одатдаги каби, Трамп Яқин Шарқ можаросини айнан қандай қилиб якунламоқчилигига тўхталмаган.
Детройт Ислом марказидан бўлган имом Билол Алзуҳайри эса саҳнада Трампнинг ёнида туриб, шундай деган: «Биз мусулмонлардан президент Трамп томонида туришни сўраймиз, чунки у тинчлик ваъда қилмоқда».
Сўровлар нима демоқда?
Reuters/Ipsos сўровига кўра, Ҳаррис миллий миқёсда Трампни кичик устунлик билан ортда қолдирмоқда - 43 фоизга қарши 46 фоиз.
Бироқ, сайлов тақдири умуммиллий қўллов даражаси билан ҳал бўлмайди, бу тарози палласи номзодлардан исталган бири томонига оғиши мумкин бўлган еттита штатда ҳал қилинади. Сўровларга кўра, бу ҳудудларда номзодлар орасидаги фарқ минимал бўлиб қолмоқда, шунинг учун сайлов натижаларини прогноз қилиш ҳаддан ташқари қийин.
Шарҳловчилар президентлик пойгаси якунига келиб Трампнинг баёнотлари кескинлашаётганини қайд этишган.
Ўтган ҳафта аввалида Шимолий Каролинадаги митингда у водородда ишловчи автомобиллардаги портлашлар ҳақида гапирган, оҳактошдан бўёқни олиб ташлаш нақадар қийинлигидан шикоят қилган, шунингдек, миллиардер Илон Маскнинг ракетаси Ерга бутун ва шикастланмасдан қайтганидан ҳайратдалигини билдирганди.
У шунингдек демократ рақиби Камала Ҳаррис ўзи каби қаттиқ ишламаётганидан шикоят қилган, ХХР раиси Си Жинпинги «қатъияти» учун мақтаган ва собиқ президент Барак Обамани «ҳақиқий тентак» («a real jerk») деб атаганди.
Reuters қайд этишича, Трамп ўзини масъулиятдан бутунлай озод этилган одам каби тутмоқда: «Кўпчилик сиёсатчилар сайловчилар қаршисида якуний аргументларини келтираётган паллада, Трамп кўпинча ўзини дунёнинг энг қудратли мамлакатини бошқаришга чоғланган сиёсатчи сифатида эмас, хайрлашув турнесидаги артист каби тутмоқда». «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Хонанда Рухшона уйланмаган йигитга турмушга чиққани ҳақида сўзлаб берди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Рамзан Қодиров Ғарб давлатларига ҳужум қилишга чақирди: “Ҳақиқий уруш қандайлигини ҳис қилишсин”
Диний қўмита Умра зиёратини ташкил қилиш учун 12 та турфирмага лицензия берди
Чехия юзлаб мактаблардаги портлаш таҳдидларида россиялик жосусларни айблади