11:45 / 03.12.2024
32

Украина мулозимлари: «Трампсиз русларни музокарага ўтқазиб бўлмайди»

Украина мулозимлари: «Трампсиз русларни музокарага ўтқазиб бўлмайди»
Saul Loeb / AFP / Scanpix / LETA
Володимир Зеленский ва унинг жамоаси Трампнинг янги президентлик муддатига қандай тайёргарлик кўрмоқда? «Украинска правда» нашри шу ҳақида мақола тайёрлади.

Украинанинг АҚШдаги элчихонаси, Украина Ташқи ишлар вазирлиги ва президент Володимир Зеленский идораси АҚШнинг янги сайланган президенти Доналд Трамп жамоаси билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда «Украинска правда» нашрининг Америка сайловларидан сўнг украин амалдорларининг ҳаракатларига бағишланган мақоласида ҳикоя қилинади.

Нашр маълумотига кўра, Зеленский офиси АҚШнинг Германиядаги собиқ элчиси Ричард Гренелл билан маълум бир даражада мулоқот ўрнатган. Гренелл Трамп маъмуриятида Давлат котиби лавозимига номзодлардан бири сифатида тилга олинаётган эди. Аммо пировард натижада бу лавозимга Флоридадан сенатор Марко Рубио тайинланадиган бўлди. Шунингдек, Гренелл Россия-Украина уруши бўйича махсус элчи лавозимига номзодлардан бири сифатида кўрилганди. Гренелл билан алоқалар Трамп ва Зеленский ўртасидаги сентябр ойидаги учрашувдан сўнг Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак томонидан йўлга қўйилган.

Аммо, мақолада таъкидланишича, Трамп жамоасидан келаётган турли қарама-қарши ва бир-бирини рад этувчи сигналлар украин амалдорларининг алоқа ўрнатиш ҳаракатларини мураккаблаштирмоқда.

«Айрим манбалар Трамп ҳали ҳам Зеленский ва Ермакни 2020 йилдаги импичмент жараёнида уни фаол қўллаб-қувватламагани учун кечирмаганини айтмоқда. Бироқ Трамп ўшанда украинларга қўллов учун ташаккур билдирганди. Яна бошқалар Трамп томонидан ҳеч қандай қўллаб-қувватлаш бўлмаслигини таъкидласа, Трампнинг ўзи ҳаммаси ОК бўлиши ва у украинларни ёлғиз ташлаб қўймаслигини айтган. Бу улар атайлаб ноаниқлик уруғини сепишига ўхшайди», — деган нашрга украин амалдорларидан бири.

Бошқа бир манбанинг айтишича, Трамп ҳозирча бошқа масалалар билан банд ва Украина масаласи унинг устувор вазифалар рўйхати тепасида эмас. «Украинада кўпчилик Трамп кунни Украина ҳақида қайғуриб, у билан якунлайди, деб ўйлайди. Бу шунчаки сароб. Ҳозир у 90 фоиз вақтини маъмурияти учун номзодлар танлашга сарфламоқда, қолган 10 фоиз вақт чегара, миграция, абортлар ва Хитой масаласига кетяпти. Шундан вақт ортсагина Украина тилга олинади», — дейди украин дипломатларидан бири.

Нашрга кўра, буни Трамп жамоаси атрофидаги вазият ҳақидаги ОАВ хабарлари ҳам тасдиқлайди. Сайловда ғалаба қозонганидан сўнг Трамп Россия-Украина урушини тугатишга оид жиддий баёнот бермаган ва бирор режа тафсилотларини ошкор қилмаган.

«Трамп штабида алоқаларга эга» дея ишониладиган украин сиёсатчиларидан бири журналистларга маълум қилишича, АҚШнинг сайланган президентида «ҳозирча тайинли режанинг ўзи ҳам йўқ». Унинг сўзларига кўра, Трамп урушга оид махфий маълумотларни энди қўлга киритган. «Бу маълумотларнинг барчаси ишларнинг реал аҳволига бўлган қарашларни жуда ўзгартириб юбориши мумкин. Шу сабабли, Трампда аввалдан қандайдир режа мавжуд бўлса ҳам уни реалликка мослаштириш керак бўлади. Ҳозирча қоронғилик ортидан келадиган ёруғлик кўринмаяпти», — деган манба.

«Украинска правда» нашрининг Зеленский жамоасига яқин бошқа бир ҳамсуҳбатига кўра, Трампнинг атрофидагилар Украинадан урушни тугатишнинг қандайдир «реалистик» сценарийсини кутишмоқда. «Ҳозир Украина Трампга босим қилишидан маъни йўқ, чунки унда ечимнинг ўзи йўқ. Ҳозир биз қанчалик кучли босим уюштирсак, алал-оқибатда бизга мутлақо тўғри келмайдиган ечимга дучор бўлишимиз хавфи ошиб бораверади», — деган украин дипломатларидан бири.

Нашрнинг дипломатик манбаларидан яна бири Украина ҳукумати ҳозир АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатасида украинапараст кўпчиликни сақлаб қолиш устида иш олиб бориши лозим, деб ҳисоблашини айтган. «Уларнинг икки партиявийлиги — бизнинг бахтимиз. Биз ўзимизнинг ҳақиқий дўстларимизга вазиятга бизнинг нуқтайи назаримизни Трампга етказишлари, уни Украина томонга оғдириш учун вақт беришимиз керак», — дея қўшимча қилган суҳбатдош.

Трамп жамоаси аъзолари билан гаплашган нашр манбаларининг сўзларидан келиб чиқиладиган бўлса, АҚШнинг янги сайланган президентига MAGA (Make America Great Again) муҳитида етакчиликка интилаётган ултраконсерватив ёш сиёсатчилар гуруҳи таъсир ўтказишга интилмоқда). Нашр улар сирасига кенжа Доналд Трамп, шунингдек, Россия-Украина урушини доим украинларга ёқмайдиган тарзда шарҳлаб келаётган Илон Маскни киритмоқда.

«Ҳа, ҳаммасини Трамп ҳал қилади. Лекин республикачилар партияси фақат Трампдан ёки унинг «ёшлар жамоаси»дан иборат эмас. Классик партиячилар Маскка ўхшаганларни жини суймайди, ҳали жанжаллар бўлиши тайин. Агар Сенатда ҳам, Вакиллар Палатасида ҳам республикачиларнинг устунлиги омонат экани ҳисобга олинса, ҳар бир овоз муҳим. Демак, Трамп партиянинг талабларини эшитишга мажбур бўлади», — дея АҚШнинг сайланган президенти атрофидаги вазиятни тасвирламоқда Украина дипломатик доираларидаги манбалар. Бошқа бир суҳбатдошнинг сўзларига кўра, ҳозирча Трамп ўз жамоасини узил-кесил шакллантирмаган, республикачилар орасидаги «Украина дўстлари» ҳозирча «шунчаки ҳейтга дучор бўлиб қолмаслик учун ўзларини омма олдида вазмин тутишмоқда».

«Агар америкаликлар билан суҳбатлашсангиз, ҳозирча шундай хулосага келасиз: ҳаммасини тоза варақдан бошлаймиз. Бизнинг ҳозирги асосий вазифамиз бирор ножўя ҳолатга ўралашиб қолмаслик ва ортиқча босим уюштирмаслик, — деган «Украинска правда»нинг киевлик мулозимлар орасидаги суҳбатдошларидан бири. — Трампнинг жамоасида бизнинг дўстимиз бўлмаган одамлар жуда кўп. Шунинг учун қишдан ўтиб, инаугурацияни кутиб, шундан сўнг батафсил гаплашиш керак».

«Биз ҳозир Трампнинг янги маъмурияти билан бир биримизга ёқмаслигимиз мумкин, бироқ Украинанинг ўзи россияликларни музокара столига ўтқаза олмайди. Биз уларни ҳеч нарса билан қўрқита олмаймиз, ортга чекиниши учун босим қила оладиган нарсамиз йўқ. Трампсиз бу ерда ҳеч нарса қўлимиздан келмайди. Шунинг учун тинчгина ўтириб, Курскни қўлдан бой бермасдан январни кутишимиз керак», — деган Зеленский жамоасидаги манба.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина мулозимлари: «Трампсиз русларни музокарага ўтқазиб бўлмайди»