14:16 / 03.12.2024
24

Ливан ва Исроил бир-бирини сулҳни бузганликда айблади

Ливан ва Исроил бир-бирини сулҳни бузганликда айблади
Фото: Hussein Malla/AP/picture alliance
Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати 2 декабр, душанба куни Исроил армияси позицияларига «ўзини-ўзи мудофаа қилиш учун огоҳлантирувчи зарба» берганини маълум қилди. Унда айтилишича, Исроил Ливанга ҳаво ҳужумлари ва ўқ узиш орқали ўт очишни тўхтатиш келишувини бузмоқда.

Исроил ҳарбийларига кўра, «Ҳизбуллоҳ»дан иккита ракета учирилган, бироқ қурбонлар йўқ. Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу зарбага «қатъий жавоб» берилишига ваъда берди.

Аввалроқ Ливан расмийлари Исроил қўшинлари бир неча аҳоли пунктларини ўққа тутгани, натижада камида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эди.

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) даъво қилишича, ҳарбий машиналарга «Ҳизбуллоҳ» ҳарбий инфратузилмаси яқинида, Бекаа водийси ва Сурия билан чегара яқинида ҳужум қилинган. Исроил ҳарбийлари ҳужумлардан бирида ливанлик аскар яраланганини тан олди ва воқеа ўрганилаётганини айтди.

Ливан парламенти спикери Набиҳ Беррининг айтишича, Байрут ҳозиргача Исроил томонидан камида 54 та қоидабузарликни қайд этган.

Айни пайтда Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар мамлакати ўт очишни тўхтатиш келишувини бузгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, «Ҳизбуллоҳ»ни Литани дарёсидан жанубга қурол ва кучларни олиб ўтишда айблади.

30 ноябр, шанба куни ЦАҲАЛ Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Суриядан Ливанга қурол олиб ўтишда фаол фойдаланилгани тахмин қилинаётган Сурия ва Ливан ўртасидаги чегара ўтиш жойларига туташган «Ҳизбуллоҳ» ҳарбий инфратузилма объектларига «разведка зарбаси» йўллагани ҳақида хабар берган эди.

UNRWA Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни тўхтатди

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) ўғирлик ва транспортни олиб қочиш ҳолатлари кўпайгани сабабли Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами етказиб беришни тўхтатишга қарор қилди. UNRWA «қийин қарор»ни 1 декабр куни эълон қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, 16 ноябр куни гуманитар ёрдам олиб кетаётган юк машиналари карвони қуролли тўдалар томонидан олиб қочилган. 30 ноябр куни ҳам худди шундай ҳодиса юз берди: бир нечта озиқ-овқат ташувчи машиналар олиб қочилди. «Гуманитар ёрдам ходимлари ва юкларини ҳимоя этиш масъулияти оккупация қилаётган давлат сифатида Исроил зиммасида. Улар Ғазо секторига ёрдамнинг хавфсиз оқимини таъминлаши керак», — дея таъкидлайди UNRWA.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ливан ва Исроил бир-бирини сулҳни бузганликда айблади