23:23 / 01.01.2025
128

Лондондаги кошоналарнинг биридан 10 миллион фунтлик қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирлаб кетилди

Лондондаги кошоналарнинг биридан 10 миллион фунтлик қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирлаб кетилди
Фото: Metropolitan Police
Шов-шувли ўғирлик 7 декабр куни содир бўлган. Лондон шимолида жойлашган Авеню-роуддаги уйдан қиймати 10 миллион фунт-стерлингни ташкил этадиган заргарлик буюмлари, шунингдек, 150 минг фунтлик сумка ва 5 минг фунт нақд пул ўғирлаб кетилган, деб хабар беради BBC рус хизмати.

Исмлари ошкор этилмаган уй эгалари аввалига ўғирланган қимматбаҳо буюмларни қайтаришга ёрдам берадиган маълумот учун 500 минг фунт мукофот пули ваъда қилган. Кейинроқ улар топилган буюмларнинг 10 фоизи миқдорида мукофот беришларини айтган. Лондон полициясига кўра ушбу маблағ 1,5 миллион фунтга (қарийб 2 миллион доллар) етиши мумкин.

Ўғирланган буюмларнинг айримлари келиб чиқиши осиёлик бўлган инфлюэнсер Шарифа Хуангга тегишли. Таъкидланишича, қимматбаҳо буюмларнинг аксарияти ўз дизайни бўйича ноёб ҳисобланади.

Ўғирланган заргарлик буюмлари орасида De Beers’нинг бриллиант капалаклари ўрнатилган иккита узук, Katherine Wang томонидан тақдим этилган пушти ёқутли зираклар ва Van Cleef’нинг бриллиант ҳамда ёқутли тақинчоқлари бўлган.

Полиция маълумотларига кўра, ўғирлик 7 декабр куни соат 17:00 ва 17:30 оралиғида содир бўлган. Номаълум шахс уйнинг иккинчи қаватига дераза орқали киришга муваффақ бўлган. Гумонланувчи 20-30 ёш атрофидаги эркак, капюшонли қора кийимда, юзлари ёпиқ ҳолатда бўлган.

Ўғирлик юз берган Авеню-роудда Лондондаги энг қиммат кўчмас мулк объектлари жойлашган.



arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг