16:31 / 14.01.2025
197

Британияда “Катта оға сени кузатмоқда” тангаси чиқарилди

Британияда “Катта оға сени кузатмоқда” тангаси чиқарилди
Фото: PА
Британия Қироллик зарбхонаси ёзувчи Жорж Оруэлл вафотининг 75 йиллигига бағишланган икки фунт стерлинг қийматидаги тангани муомалага чиқарди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Танганинг орқа томонида кўз тасвири бўлиб, унинг атрофида Оруэллнинг “1984” асаридан олинган энг машҳур “Катта оға сени кузатмоқда” иқтибоси жойлаштирилган.

Танганинг қиррасига ушбу романдан яна бир машҳур иқтибос ўйиб ёзилган: “Ҳақиқат бор ва ёлғон бор”. Дизайн муаллифи Генри Грэйга кўра, у ишида нафақат Оруэлл асаридан, балки замонавий технологиялардан ҳам илҳом олган. Чунки уларнинг айримлари ёзувчининг прогнозларини ҳақиқатга айлантирган.

Фото: PА
Бу сенга кўзини пирпиратмай тикилиб турган камера объективига ўхшайди. Ҳозир уйларимизнинг ҳар бурчагида телефон ва камералар бор, реклама берувчилар телефон орқали суҳбатларимизни тинглайди, шунинг учун бизни доимий равишда кузатиб туришаётганини сезмай иложимиз йўқ.
Айнан шу ҳақда “1984” романи ёзилганди. Асар ҳамма нарса назорат остида бўлган ва одамларга мавжуд тартиб-қоидаларга бўйсунишлари учун доимий босим ўтказиладиган шароитдаги ҳаёт ҳақида сўзлайди, дейди Грэй.

Тангаларни 15 январдан бошлаб Қироллик зарбхонасининг расмий веб-сайтида харид қилиш мумкин. Жорж Оруэлл (асл исми Эрик Артур Блер) 1950 йил 21 январда 46 ёшида вафот этган.

Фото: BBC
1949 йилда нашр этилган “1984” романи Оруэллнинг энг машҳур асари бўлди. Унда бир вақтнинг ўзида ҳам Совет иттифоқини, ҳам нацистлар Германиясини эслатувчи тоталитар жамият тасвирланган. СССРда бу роман тақиқланганди, ҳозирда Беларусда ҳам унга тақиқ қўйилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг